Рўзғор тутишнинг 11 сири

Ёлғиз яшайсизми ёки оилада, бундан қатъий назар, озиқ-овқат маҳсулотларини ҳамёнбоп нархларда сотиб олиш жуда муҳим.

Ҳам арзон, ҳам сифатли ва тўйимли маҳсулотларни харид қилиш кўпчилик ўйлагандек осон эмас. Рўзғор учун ажратилган маблағни оқилона сарф қилиш йўллари ва меъёрлари бор. Саҳифамиздаги маслаҳатлар сизга бу борада асқотиши аниқ.

Якка ўзингиз бозор қилинг

Кузатув ва тадқиқотлар шуни кўрсатадики, бирон киши билан бозорга тушилганида сотиб олинадиган маҳсулотларнинг 65 фоиз режаланмаган бўлади. Агар болаларингиз бўлса, нима ҳақида гап кетаётганини тушунгандирсиз. Бозорга отландингизми, сизга эргашаётган болаларингиз ва турмуш ўртоғингиздан уйда қолишларини сўранг. Қўлингиздаги харажатлар рўйхатига қатъий амал қилинг. Шундай йўл тутсангиз, ҳам озроқ пул ишлатасиз, ҳам бошингиз камроқ оғрийди.

Эрта туришнинг нафи кўп

Қайси бозор ёки дўконларда куннинг қайси пайтида чегирмалар бўлади ёки пастроқ нархларда савдо қилинади? Сиз ушбу саволга аниқ жавобни билиб олишингиз керак. Бир ой ёки мавсум давомида истеъмол қилишингиз учун кўпроқ миқдорда озиқ-овқат маҳсулотларини харид қилаяпсизми, демак, шаҳрингиздаги улгуржи савдо қиладиган бозорларни яхши билишингиз керак. Кўпинча оддий сир шундаки, саҳарда бозор қилиш ёки “кечки бозор” чегирмалари орқали пулни оқилона сарфлаш мумкин.

Вақт муҳимми ё соғлиқ?

Яримтайёр маҳсулотлар, қадоқланган овқатларни сотиб олиш орқали сиз кўп харажат қилиб юборасиз. Пулни тежаш ва саломатлигингиз ҳақида ўйлаётган бўлсангиз, маҳсулотларнинг янгисини сотиб олиб, уйда пишириб истеъмол қилганингиз яхши. Бу кўп вақтингизни олиши мумкин, лекин ҳам соғлиққа, ҳам чўнтакка фойда.

Ҳадеб бозорга бораверманг

Ҳадеб бозорга боравериш сизга кўнгил ёзиш имконини бериши мумкин. Лекин кармонингиз бундан унча ҳам мамнун эмасдир балки? Ойнинг қайси кунида бозор қилишингизни белгилаш ва рўзғорга керакли озиқ-овқат маҳсулотларини кўпроқ миқдорда харид қилиб, уйга олиб келиб қўйиш тежамкорлик тамойилларидир. Қанча кам бозорга борсангиз, шунча тежайсиз!

Тушлик учун рўйхат тузинг

Сизга ортиқча иш бўлиб туюлса ҳам, пулни мақсадли ишлатиш учун бу маслаҳат жуда фойдали. Оилада ҳамма ишга ёки ўқишга ўз тушлигини олиб кетишини таъминланг. Бунинг учун ишхонага ёки ўқув даргоҳига олиб кетса бўладиган таомлар (масалан: сэндвич, қуймоқ, дўлма) ни аниқлагач, бир ойда уларга кетадиган масаллиқларни сотиб олиб қўйинг.

Ёзувларга эътибор беринг

Сифатсиз ёки муддати ўтган маҳсулотларни харид қилиб, оилавий бюджетингизга зарар келтиришингиз тайин. Шунинг учун, албатта, уларнинг сифатлилигига ишонч ҳосил қилинг. Сақлаш муддати ўтиб кетмаганлигини текширинг.

Нақд пулда тўланг

Агар қайноққина булочкалар ёки қандолат маҳсулотларига суягингиз йўқ бўлса, пластик карточкангизни уйда қолдириб чиқишингиз зарур. Озиқ-овқат маҳсулотлари харид қилиш учун дўкон ёки супермаркетга борсангиз, нақд пулни ишлатаётганингизда масъулиятлироқ бўласиз. Пластик картадаги пул эса худди туганмасдек. Нақд бўлмаса-да, карточкангиздаги пул ҳам оилавий бюджетингизнинг бир қисми. Уни тежашга ўрганинг.

Чегирмалардан хабардор бўлинг

Маҳалладаги аёллар ёки интернет сайтлари қайси жойда чегирма борлиги ҳақида гапираяпти? Озиқ-овқат маҳсулотларига кўп пули кетиб қолаётганидан ташвишга тушиб юрганлар шуни аниқлашсин. Қовурилган товуққа салқин ичимлик қўшиб берилаётгани ёки мева ва сабзавотлар нархи туширилгани ҳақида билиб боринг. Бунинг учун реклама баннерлари, дўконларда тарқатиладиган флаерлар ва матбуот, телевидение ҳамда радиодаги эълонларга эътиборлироқ бўлинг.

Озиқ-овқатларни  мавсумида сотиб олинг

Озиқ-овқатларни ўз мавсумида, мўл-кўл бўлган пайтда сотиб олинг. Мева ва сабзавотлар ҳамда кўкатларни музлаткичга жойлаб, олиб қўйиш мумкин. Бу билан қишда уларнинг нархи икки баробар кўтарилиб кетган даврда катта харажатлар қилишнинг олдини олган бўласиз.

Кўпда барака бор

Турли зираворлар таомларга ажойиб таъм бағишлайди. Уларни кичкина пакетчаларда сотиб олиш қимматга тушиб кетади. Шунинг учун уларни килолаб сотиб олинг,  баракалироқ бўлади. Айнамайдиган, сақлаш муддати ўтиб қолмайдиган озиқ-овқат маҳсулотларини кўп олиб қўйиш — оқилона қарор. Шунда пул қадрсизланиши сизга таъсир этмайди.

РЕЖА, ТАРТИБ, ИНТИЗОМ

Бир ой давомида қайси овқатларни пиширишингиз ва улар учун қандай масаллиқлар кераклигини аввалдан аниқлаб олинг. Рўзғорда режалилик, тартиб ва интизом бўлиши керак.

Рўзғор — ғор. Бу ғорни тўлдириш — оилада озиқ-овқатларни сотиб олиш вазифаси масъулиятли одамга юклатилиши керак, шуни унутманг!

МУХЛИСА тайёрлади.

манбаа: http://sabo.uz

Вам может понравиться

Добавить комментарий