«Омонат» мамлакат

Ер юзида шундай мамлакатлар борки, улардаги аҳоли давлат ҳудудининг эрта-индин сув остида қолиб кетишидан қўрқиб, хавотирда яшайди.

Тинч океани Полинезиясидаги Тувалу ана шундай «омонат» мамлакатлардан. Мазкур давлат экватордан жануброқда жойлашган, ҳудуди Тувалу архипелагидаги 5 та атолл ва 4 та оролдан иборат. Умумий майдони 26 кв. км, аҳолиси 13 минг кишидан ортиқ бўлган дунёдаги митти мамлакатлардан бири.

Тувалу ороллари испан денгизчи-сайёҳи Альваро Менданье де Нейро томонидан 1568 йилда кашф этилган. 1892 йилдан бошлаб Буюк Британиянинг протекторати, 1974 йилдан – алоҳида мустамлакаси бўлган. 1978 йилда давлат мустақиллигига эришган. Архипелагга 1975 йилда «Тувалу» номи берилган. «Тувалу» сўзи маҳаллий халқ тилида «саккизта ёнма-ён турганлар» деган маънони билдиради. Мазкур номни беришда Тувалу архипелагидаги аҳоли яшайдиган саккизта орол кўзда тутилган. Бу ердаги тўққизинчи орол -Ниулакита кимсасиз бўлиб, унинг ҳудудига аҳоли 1975 йилдан кейин кўчиб ўтиб, жойлашган.

Тувалу жойлашган атолл ва ороллар шимоли-ғарбдан жануби-шарққа қараб 595 км.га чўзилиб кетган. Архипелагнинг энг йирик ороли Ваитупу атолли бўлиб, унинг майдони – 5 кв.км, энг кичиги -Ниулакита (0,4 кв.км). Ороллар орасидаги энг қисқа масофа – 67 км (Нукуфетау/Ваитупу), энг узоқ масофа – 172 км.ни ташкил этади (Нуи/Ваитупу). Мамлакатнинг энг баланд нуқтасининг баландли-ги 5 метр. Шу боис, Дунё океани сатҳининг кўтарилиши бу ердаги оролларнинг сув остида қолишига олиб келиши мумкин.

 Тувалу ороллари юзаси денгиз сатҳи билан деярли тенг.

Тувалу атрофларида океан сатҳининг охирги 20 йил ичида ўртача 22 мм, баъзи йиллари 40-50 мм кўтарилиши кузатилган. Мазкур кўрсаткич Дунё океанидаги ўртача қийматдан (йилига ўртача 2 мм) анча юқори. Шу сабабли, сув босиш хавфи туғилган тақцирда мамлакат аҳолисини Фижи оролларига, Янги Зеландия ва Австралияга кўчириш бўйича режалар ишлаб чиқилган.

Тувалу ҳудуди жануби-шарқий пассат шамоллари таъсирида бўлган иссиқ тропик иқлимга эга. Бу ерда иккита – ёмғир ва қурғоқчилик мавсуми аниқ сезилади. Ҳавонинг ҳарорати йил давомида юқори бўлиб, +26+32°С ўртасида тебранади. Тропик циклонлар Тувалуга катта талафот келтиради.

Майдонининг кичиклиги ва унинг деярли текисликдан иборатлиги боис, Тувалу оролларида дарёлар йўқ. Орол аҳолиси ёмғир сувини бетон ҳавзаларга йиғиб, асосан, ичиш мақсадида фойдаланади.

 Тувалудаги одатий манзара.

Оролларнинг ўсимлик ва ҳайвонот олами камбағал. Бу ерда ўсимликларнинг 86 тури учраб, улардан бирортаси эндемик эмас. Ҳудудининг катта қисми кокос пальмалари билан банд. Бундан ташқари, оролларда папоротникларни кўплаб учратиш мумкин. Тувалу фаунаси, асосан, уй ҳайвонларидан иборат.

Маъмурий жиҳатдан Тувалу ороллари 7 та орол-провинциялар ва 1 шаҳар кенгашидан иборат. Мамлакат аҳолисининг 47 фоизи биргина катта шаҳар – Фанафутида яшайди. Аҳолининг 94 фоизини тувалулар ташкил этади. Аҳолиси йилига 1,5 фоизга кўпаяётганига қарамай, унинг умумий сони камлигича қолмоқда. Бунга асосий сабаб эмиграция бўлиб, мазкур жараён туфайли Фижи ороллари, Янги Зеландия ва Австралияда тувалуликларнинг сони кўпайиб бормоқда.

Тувалу бошқарув тизимига кўра монархия, давлат бошлиғи -Буюк Британия қироличаси, ижроия ҳокимиятини бош вазир бошқаради. Мамлакат дунёнинг 28 мамлакати билан дипломатик алоқалар ўрнатган. Тувалу пойтахтида биттагина хорижий дипло-матик ваколатхона мавжуд. Тувалунинг хорижий мамлакатдаги ягона дипломатик ваколатхонаси Фижи оролларида жойлашган. Шунингдек, мамлакат БМТда доимий ваколатхона, Янги Зеландия, Австралия, Германия, Япония, Буюк Британия, Швейцарияда фахрий консулликларга эга.

Қишлоқ хўжалиги иқтисодиётнинг муҳим тармоғи бўлиб, асосий экин – кокос пальмаси. Шунингдек, бу ерда нон дарахти, папайя ва банан етиштирилади. Балиқ – Тувалунинг миллий бойликларидан бири. Бошқа давлатлар билан мамлакат ҳудудига яқин ерларда балиқ овлаш тўғрисида тузиладиган шартномалар ва чет эл компанияларига рухсатномалар бериш мамлакатга катта даромад келтиради. Балиқ овлаш бўйича Тувалунинг асосий ҳамкорлари — Япония, АҚШ ва Хитой. Мамлакат аҳолисининг 15 фоизи хорижий савдо кемаларида меҳнат қилади, улар томонидан юбориладиган маблағлар Тувалунинг асосий даромад манбаларидан биридир.

Тувалудаги Фанафути халқаро аэропорти

Тувалуда транспорт тармоқлари суст ривожланган. Мамлакатда фақат битта – Фанафути халқаро аэропорти мавжуд, Тувалу йўналиши бўйича амалга ошириладиган авиарейсларни Фижи авиакомпанияси бажаради. Тувалу денгиз флотида 74 та кема мав-жуд, улардан асосан ташқи иқтисодий алоқаларни амалга ошириш-да фойдаланилади. Мамлакатда телестанция йўқ, шу боис, аҳоли сунъий йўлдош орқали телевизор кўради. Аммо оролларда тур-ли телекоммуникацион хизматлар — телекс, телефон ва Интернет алоқаси мавжуд.

Оролларга етиб боришнинг қийинлиги сайёҳлик тармоғининг ривожлантиришга тўсқинлик қилади. Шу боис, мамлакатга келаётган сайёҳларнинг асосий қисми нисбатан яқин жойлашган Япония, Фижи, Австралия ва Янги Зеландия фуқароларидир.

Вам может понравиться

Добавить комментарий