Олимлар огоҳлантиради: янги кийим кийилишидан аввал ювилиши шарт!

 Дерматлогларнинг огоҳлантиришича, янги кийим кийишдан аввал уни, албатта, ювиш керак. Кийим шаклини сақловчи ва унинг ғижимланишига йўл қўймайдиган кимёвий моддалар теридаги тошмалар ва қичишишга сабаб бўлиши мумкин.

Нью-Йоркдаги Колумбия университети Тиббиёт маркази дерматология кафедраси профессори Дональд Белситонинг (Donald Belsito) таъкидлашича, ҳар қандай кийим харид қилинганидан сўнг ювилиши ва икки маротаба чайилиши лозим. У шунингдек, кийим — кечакка  дўконларда уларни кийиб кўрган одамлардан паразит ҳашаротлар ўтиб қолган бўлиши мумкинлиги ҳақида ҳам эслатди.

Афсуски, қонун ишлаб чиқарувчиларни кийим ёрлиқларида кимёвий моддаларнинг ишлатилиши тўғрисида маълумот беришга мажбур қилмайди.

Daily Mail нашрининг ёзишича, Янги Зеландияда ўтказилган тадқиқотлар Хитойда ишлаб чиқарилган кийимларда  аллергенлар миқдори меъёрдагидан  900 марта (!) зиёд эканлигини кўрсатган.

Дерматитни даволашга ихтисослашган профессор Белситонинг айтишича,  бу борада формальдегид елим аллерген бўлиб хизмат қилади. Газсифат рангсиз модда кийимларнинг айрим турларида ғижимларни тўғирлаш ва моғорлашнинг олдини олиш учун ишлатилади.

Формальдегид елим тери яллиғланиши ва аллергик реакциялар билан боғлиқ. Айрим тадқиқотчилар ушбу елим ҳатто саратон ривожланиши хавфини туғдиради, дея ҳисоблашади.

Бўёвчи моддалар ҳам хавфлилик борасида елимдан қолишмайди. Азоанилинли бўёқлар билан ишланган кўпгина синтетик матолар тери билан ёпишганда оғир реакцияларга сабаб бўлиши мумкин. Шу сабаб аллергия касаллигига чалинганларга янги кийимни кийишдан аввал бир эмас, икки маротаба ювиш маслаҳат берилади.

Аллергия одатда инсон танасининг кийимга яқин ва кўп терланадиган қисмлари – бел, сон, бўйин ва қўлтиқ остида  пайдо бўлади.

манбаа: dalda.uz

Вам может понравиться

Добавить комментарий