Ой номларининг келиб чиқиши

Қадимги Римда Ой календари (қамарий календар)га амал қилинган. Бу календар бўйича бир йил 10 ойдан — 304 кундан иборат бўлган. Аввалига ойларнинг номи бўлмаган, улар тартиб рақами билан юритилган.

Римликларнинг 304 кунлик йили на Ой йили ҳисобига ва на Қуёш йили ҳисобига тўғри келар эди. Шуни назарда тутиб, cрамиздан аввалги VII асрда ислоҳот ўтказилиб, календар йилига яна икки ой: ўн биринчи – январ ва ўн иккинчи — феврал ойлари қўшилади.

Шундай қилиб, қадимги римликларнинг ўн ойлик календари ўн икки ойлик календарга айланди. Бу календар ҳозир амал қилиб келинаётган календарнинг асосини ташкил этди.

Ислоҳотдан олдинги қадимги римликлар календаридаги ойлар номи 12 ойлик календарда ҳам сақланиб қолган. 10 ойлик календарда янги йил баҳорда бошланган. Кўпчилик календарларда, шу жумладан, қадимги римликлар календарида йилнинг биринчи ойи март бўлган. Бу ой уруш худоси, деҳқонлар ва чорвадорлар ҳомийси Марс шарафига март деб аталган (март мартиус сўзидан олинган).

Мақбул календарлардан бири ҳисобланган Умар Хайём календарида ҳам йил март ойидан бошланган. ХV асргача Россияда ҳам янги йил март ойидан бошланган. Ҳозирги календарда март йилнинг учинчи ойидир.

Календаримиздаги тўртинчи ойнинг номи апрел (априлис) лотинча «апфире» сўзидан келиб чиққан «ўз инъомларини намоён қилувчи» деган маънони билдиради. Бошқа манбааларда апрел сўзи маъбуда Афродит — гўзаллик, муҳаббат, шунингдек, ҳосилдорлик тангриси номидан келиб чиққан, дейилади.

Апрел — баҳор ойи, бутун борлиқ уйғониб, кишиларга ором бағишлайдиган ой; баҳорда ҳатто кексалар ҳам ўзларини гўё яшараётгандек анча бардам ҳис қилади. Апрелда келгуси ҳосил учун тараддуд бошланади.

Биринчи апрел — хушчақчақлик куни. Хушчақчақликни ҳазил-мутойибасиз, кулгисиз тасаввур қилиш қийин. Кўнгил очиш, кулиш мақсадида Пётир I замонидаёқ 1-апрелда бир-бирини ҳазиллашиб алдаш одат тусига кирган.

Календаримиздаги бешинчи ойнинг номи май (маюс) маъбуда Майя исмидан олинган: Қадимги римликлар эътиқоди бўйича Майя Меркурийнинг онаси — Ер тангрисидир. Май — гўзаллик, шод-хуррамлик ойи ҳисобланади.

Календаримиздаги олтинчи ойнинг номи июн (юниус) қадимги римликлар эътиқодига кўра Юпитернинг хотини — маъбуда Юнона шарафига аталган. Афсоналарга кўра Юнона Ой худоси, аёллар ҳомийси болиб, ер-хотинга қўша қаришни, ували-жували бўлишни раво кўраркан.

Календаримиздаги еттинчи ойнинг номи Рим давлат арбоби ва лашкарбошиси Юлий Сезар (эрамизгача 100—44-й.й.) шарафига июл деб аталган. Эрамиздан олдинги 46-йилда Юлий Сезар ташаббуси билан 12 ойлик шамсий календар ислоҳ этилган ва Юлий календари деб юритиладиган бўлган.

Календаримиздаги саккизинчи ойнинг номи Рим императори Октавиан Август шарафига (эрамизнинг 14-йили) август деб аталган. Император Август — Юлий Сезарнинг набира жияни — ворисидир. У вақт (календар) ҳисобидан тўпланиб қолган фарқни ислоҳ қилиб тугатган.

Календаримиздаги тўққизинчи ой — сентабрнинг номи (қадимги римликларнинг 10 ойлик календарида бу еттинчи ой ҳисобланади) лотинча септембер (септем — етти дегани) сўзидан олинган.

Календаримиздаги ўнинчи ой (қадимги римликлар календарида саккизинчи ой) лотинча октобер сўзидан олиниб, октабр деб аталган (окто — саккиз дегани).

Календаримиздаги ўн биринчи ой — ноябрнинг номи лотинча новембер сўзидан олинган. Қадимги римликлар календарида бу тўққизинчи ой бўлиб, лотинча новем сўзи тўққиз деган маънони билдиради.

Календаримиздаги ўн иккинчи ойнинг номи — декабр лотинча десембер сўзидан олинган, чунки бу ой қадимги римликлар календарида ўнинчи ой бўлиб ҳисобланади (декем — ўн деган маънони билдиради).

Юлий календаридаги ўн биринчи ой икки юзли худо Янус шарафига януариус (янва) деб аталган. Римликларнинг эътиқодича, икки юзли худо Янус ҳар бир нарсанинг боши ва охирининг ҳомийси бўлган эмиш.

Ҳозирги календарда январ йилнинг биринчи ойи ҳисобланади, римликлар календарининг охирги — ўн иккинчи ойи февралдир.

Феврал лотинча «фебруум» сўзидан олинган. Римликлар бу охирги ойга ўликлар тангриси Фебраарий номига бағишлаб фебруариус деб ном берган. Лотинча «фебраариус» сўзи — тозаланиш, покланиш деган маънони ҳам билдиради.

Феврал ҳозирги календарнинг иккинчи ойи ҳисобланади.

Вам может понравиться

Добавить комментарий