Об-ҳаво ҳолатидан дарак берувчи баъзи аломатлар

  • Янги ой туғилиши арафасида об-ҳаво ўзгаради.
  • Ой ўтов тикса — ҳаво айниши мумкин.
  • Қуёш чиқишидан олдинги шамол ва қора булут ёмғир белгиси.
  • Қуёш ботаётганда осмон беғубор бўлса — эртасига ҳаво очиқ бўлади.
  • Шафақ тилларанг-сариқ бўлса — эртасига ҳаво очиқ бўлади.
  • Қуёш кечқурун булутлар орқасига ўтиб ёки қорамтир-қизариб ботса, яъни шафақ тўқ қизил бўлса — эртасига об-ҳаво совийди.
  • Тушга бориб Қуёш хиралашса — ҳаво совийди.
  • Юлдузларнинг кўпроқ жимирлаши ҳавонинг совишидан дарак беради.
  • Мўридан чиққан тутун тик кўтарилса — ҳаво очилиб кетади.
  • Мўридан чиққан тутун ер бағирлаб тарқалса — ҳаво совийди.
  • Эрталаб туман тушса — ҳаво очилиб кетади.
  • Тунда ва эрталаб шудринг ёки қиров тушса — ҳавонинг очиқ бўлиши кутилади.
  • Ёмғир пайтида бирданига шамол турса — ҳаво очилиб кетади.
  • Қора булутларнинг пастлаб, тез сузиб юриши — узоқ давом этадиган ёмғир белгиси.
  • Осмонда патсимон булутларнинг тез сузиб юриши ёғингарчилик белгиси.
  • Кечга яқин шамол кучайса, ҳаво совишини кутиш керак.
  • Қишда кечқуран ҳаво эрталабкига нисбатан бирмунча илиса, осмонга булут чиқиши мумкин.
  • Ёмғир томчисидан сувда пуфакчалар ҳосил бўлиши ёғингарчиликнинг анча давом этишини билдиради.
  • Шиддат билан ёққан йирик ёмғир тезда тўхтайди, шивалаб ёққан ёмғир узоқ давом этади.
  • Кундузи иссиқ, кечаси совуқ бўлса, ҳаво узоқ вақт очиқ бўлиши мумкин.
  • Кечқурун боғда далага нисбатан иссиқроқ бўлса, ҳаво очиқ келишини кутиш мумкин,
  • Агар кундузи ҳаво очиқ бўлиб, кечга яқин туман тушса, совуқни кутиш мумкин.
  • Камалак — ҳаво очилиб кетишининг белгисидир.
  • Юнғичқа гули, қоқигул юмилса — ҳаво совийди.
  • Печак гуллари катта-катта бўлиб очилса, ҳаво очиқ бўлади.
  • Терак кучаласи ҳавода учиб юрса — ҳаво очиқ бўлади.
  • Гуллар одатдагидан кўра кўпроқ ҳид таратса, ёмғир ёғишини кутиш керак.
  • Олма ва айрим мевали дарахтлар ёз охирида иккинчи марта гулласа, куз яхши келади.
  • Ёзда дарахтларда сариқ барглар пайдо бўлиши кузнинг барвақт келишидан, кузда баргларнинг барвақт тўкилиши эса қишнинг барвақт келишидан дарак беради.
  • Агар терак барглари кузда учидан сарғая бошласа, баҳор эрта келади, пастдан сарғая бошласа — кеч келади. Олча дарахтларининг барги тўкилмасидан қор ёққан бўлсада, ҳақиқий қиш бошланмайди.
  • Асаларилар барвақт озуқа қидириб кетса, ҳаво очиқ ва беғубор бўлади.
  • Асаларилар учиб кетмай инида ғувуллашиб турса, ҳаво совиб,ёмғир ёғиши мумкин.
  • Ҳаво очиқ пайтда чумолиларнинг кам кўриниши об-ҳаво совишининг белгисидир.
  • От хирилласа, ҳаво айнийди.
  • От баҳорда ёмғир олдидан, қишда қор олдидан ётиши мумкин.
  • Моллар кечки пайт далада иштаҳа билан ўт эса, эртасига ёмғир ёғиши мумкин.
  • Мол сувни кам ичса ва кундузи мудраса, ёмғирни кутиш керак.
  • Мушук сув олдига бораверса ва одатдагидан кўра кўпроқ сув ичса, ҳавонинг совишини кутиш керак.
  • Мушук кулала бўлиб ётса, совуқ бўлишини кутиш мумкин.
  • Мушукнинг керишиб, деворни тирнаши ҳавонинг совишидан дарак беради.
  • Ит бошини олд оёқлари орасига олиб, ғужанак бўлиб ётса, совуқ бўлишини кутиш керак.
  • Товуқлар ёмғирдан ўзини олиб қочмаса, ёмғир узоқ давом этади.
  • Товуқлар баландроқ жой.га чиқиб, патларини тозаласа, ёмғир кутиш мумкин.
  • Ўрдак ва ғозлар тумшуғини қанотлари остига бекитиши совуқ бўлишини билдиради.
  • Ўрдаклар қанот қоқcа, патларини тозаласа, ёмғирни кутиш керак.
  • Қалдирғочлар баландлаб учса — ҳаво очиқ ва қуруқ бўлади, пастлаб, ер бағирлаб учса — ёмғир ёғади.
  • Қарға ҳурпайиб олса, ёмғир ёғишини кутиш керак.
  • Қушлар чуғурлашиб сайраса, ҳаво яхши болади.
  • Зағчалар тўдалашиб учса, ёмғир ёғишини кутиш керак.
  • Чумчуқларнинг баҳорда гала-гала бўлиб пастлаб учиши ҳавонинг совишидан дарак беради.
  • Қарғанинг қағиллаши об-ҳавонинг совиши аломатидир.
  • Булбулнинг тинмай сайраши очиқ ҳаво белгисидир.
  • Қора чигирткаларнинг тундаги тўхтовсиз чириллаши — яхши об-ҳаво белгиси.
  • Қишда сичқон ва қўнғизларнинг ер бетига чиқиши, ҳавонинг исишидан дарак беради.
  • Балиқ сув бетига сапчиб чиқаверса — ҳавонинг совишини, ёмғир ёғишини кутиш керак.
  • Қурбақалар қаттиқ-қаттиқ, ёқимли сайраса, ҳаво очиқ бўлиши кутилади.
  • Кўршапалакнинг Қуёш ботгач, тинмай учиши ҳавонинг очиқ бўлиши белгисидир.
  • Бошингиз тепасида тўда-тўда чивин учиб юрса, ҳаво очиқ бўлишини кутиш керак.
  • Чувалчанглар ер бетига чиқса, ёмғир ёғишини кутиш керак.
  • Ўргимчакнинг ин қура бошлаши — ҳавонинг очилиб кетиши белгиси, инининг ўртасида қимир этмай туриши — ҳаво совиши, ёмғир ёғиши белгисидир.

Умуман, ана шу аломатларга асосланиб, об-ҳавонинг қандай бўлишини ўзингиз олдиндан билишга уриниб кўринг. Лекин аломат ва белгиларга синчковлик ва танқидий мулоҳаза билан ёндашиш лозим. Агар барча аломатлар бир хил натижа берса, у ҳақиқатга яқин болади.

Вам может понравиться

Добавить комментарий