Об-ҳаво инжиқликлари

Сайёрамиз атмосфераси пастки қатламининг ҳолати ва унинг турли-туман ўзгаришлари об-ҳаво деб аталади. Об-ҳаво сўзини маълум вақтда муайян жойдаги ҳавонинг ҳолати деб тушуниш керак. Об-ҳаво мудом ўзгариб, турли табиат ҳодисалари рўй бериб туради.

1976-йилда ер шарида об-ҳаво мисли кўрилмаган даражада ўзгариб, турли офатлар келтириб чиқарди. Масалан, Ғарбий Европада, чунончи, Англия, Франция, Белгия ва Италияда сўнгги юз йил мобайнида ҳаддан ташқари иссиқ ва қурғоқчилик бўлди. Шу туфайли бу мамлакатларнинг баъзи ўлкаларида ўрмонларда ёнғин чиқди. Сена, Темза, Рейн ва Маас каби дарёлар бениҳоя саёзланди. Англия ҳатто хорижий эллардан ичимлик сув сотиб олишга мажбур бўлди. Кейин об-ҳаво яна ўзгариб, бир неча кун тўхтовсиз жала қуйиб, кўп жойларни сув босди, қурғоқчиликдан омон қолган дон экинлари намгарчиликдан нобуд бўлди.                                                                                                                Ер шарининг бошқа жойларида ҳам об-ҳавога боғлиқ табиий ҳодисалари рўй берди. Масалан, Бразилияда тўрт ой давом этган қурғоқчиликдан сўнг тўсатдан қор ёғди. Қизиғи шундаки, бразилияликларнинг кўпчилиги умрида қор кўрмаган, чунки бу ўлкада деярли қор ёғмайди. Аргентинанинг айрим жойларида ҳавонинг ҳарорати —7°C гача пасайиб кетди. Африкада Саҳройи Кабирнинг жанубида жойлашган мамлакатлар қурғоқчилик дастидан катта зарар кўрса, субтропик ўлкалар тошқинлардан озор чекди.

Об-ҳавонинг бу қадар катта кўламдаги офатларни келтириб чиқаражагини ҳатто метеорологлар ҳам олдиндан билолмадилар. Улар ХХ аср мобайнида ер шарида иқлим шу тарзда уч марта кескин ўзгарганлигини қайд қилганлар, холос.

Иқлимнинг дастлабки ўзгариши 1920-йилда содир бўлган, шу вақтда Арктикада иқлим бирданига илиб кетган.

1940-йиллардан бошлаб шимолий яримшарда иқлим яна совий бошлайди, кейин тағин бироз исийди. 1969 ва 1976-йилларда Ўзбекистонда қиш анча совуқ келди. 1977-йилнинг баҳорида ёғингарчилик кам бўиди.

Кейинги йиллардаги об-ҳаё ўзгаришларига қараб иқлим кескин ўзгармоқда, деса бўладими?

Бу шунчаки оддий масала ҳам эмас, шу билан бирга бекорчи гап ҳам эмас. Иқлим қадимдан ўзгариб келмоқда. Иқлимнинг ўзгариши даврий характерга эга.

Ўтган миллион йиллар мобайнида шимолий яримшарда бир неча музланиш даври кузатилган. Музланиш даврида Европа, Осиё ва Шимолий Американинг катта қисмлари қалин муз қатлами билан қопланган. Музланиш даврлари алмашиниб туради. Бир музланиш давридан иккинчи музланиш давригача тахминан 10—12 минг йил вақт ўтади. Жуда узоқ давом этадиган бу оралиқ даврда ҳам нисбатан қисқа вақт иқлим ўзгаришлари рўй беради. Масалан, 1600— 1850-йиллар оралиғида ундан кейинги йиллардагига нисбатан иқлим совуқроқ болган. Юқорида айтиб ўтилганидек, ХХ асрнинг биринчи ярмида Арктика анча илиди. 1940-йиллардан то 1972-йилгача иқлим яна совиган. Ҳозир Ер шарининг айрим жойларида иқлим илимоқда. Об-ҳаводаги бундай ўзгаришларга асосий сабаб Қуёш фаолиятидаги тебранишлардир.                               Яқин 50—100 йил ичида иқлим қандай ўзгаради? Бу саволга илм-фаннинг ҳозирча аниқ жавоб бериши қийин.

Кўпчилик олимлар 1960-йиллардаёқ об-ҳавонинг ўзгариши Қуёшнинг даврий фаоллигига боғлиқ бўлиб, 1990-йиллардан бошлаб иқлим илиши керак, деган фикрни айтишган. Иқлим ўзгаришини Ер магнит майдонидаги ўзгаришларга боғловчи мутахассислар ҳам бу фикрга қўшилганлар. Бошқа мутахассислар эса кишиларнинг хўжалик фаолияти туфайли атмосфера тутун, чанг каби чиқиндилар билан ифлосланиши натижасида иқлим исийди, деган фикрни баён этганлар.

Ҳозирги вақтда халқ хўжалигининг об-ҳаво билан қизиқмайдиган бирон соҳасини кўрсатиш қийин. Баъзи вақтларда тез-тез бўлиб турадиган об-ҳаво ўзгаришлари: момақалдироқ бўлиб жала қуйиши, дўл ёғиши, тоғли ҳудудларда сел келиб, сув тошқинлари бўлиши халқ хўжаиигига катта моддий зарар етказиши мумкин.

Одамларнинг ҳаёти ва бутун фаолияти об-ҳаво билан бевосита боғлиқ. Ҳавонинг ҳарорати, босими, шамол, булут, ёғингарчилик, қуёш нури, атмосферанинг ионлашганлиги каби омиллар одамнинг соғлиғига, иштаҳасига, кайфиятига, фаолиятига ва меҳнат унумдорлигига бевосита таъсир этади. Об-ҳаво қандай бўлишини олдиндан айтиш кишилар ҳаёти, қишлоқ хўжалик ишлари учун муҳим аҳамиятга эга. Екинлардан юқори ҳосил етиштириш учун ерни ишлаш, уруғ экиш, уни парваришлаш ва ҳосилни йиғиб-териб олиш ишдарини ўз вақтида бажариш керак. Бунинг учун эса об-ҳаво қандай бўлишини олдиндан билиш зарур, шунда мазкур ишларга олдиндан тайёргарлик кўриб қўйиш мумкин бўлади. Совуқлар қачон бошланиши, қор ёки ёмғир қачон ёғиши олдиндан маълум бўлса, ҳосилни нобуд қилмай ўз вақтида йиғиб-териш учун, об-ҳавонинг ноқулай келишидан юз берадиган зарарларнинг олдини олиш учун зарур чоралар кўриб қўйилади ва ҳоказо.

Республикамизда об-ҳавони олдиндан айтиш марказий институтининг об-ҳаво болими осмонда парвоз қилаётган ёки аэропортларда ҳавога кўтарилмоқчи бўлиб турган самолётларни бўлажак об-ҳаво ўзгаришлари ҳақида огоҳлантириб туради.

Эртага қандай об-ҳаво бўлишини олдиндан айтиш жуда мураккаб масала. Бунинг учун аввало жойларда, яъни тундрадан тортиб бепоён жазирама чўлгача, қалин ўрмонлардан тортиб баланд тоғларгача, қуруқлик ҳамда дарё ҳавзаларида об-ҳаво бугун қандай бўлганлигини яхши билиш зарур. Об-ҳавонинг ўзгаришини кузатиб туравчи минглаб метеорология станциялари об-ҳавони олдиндан айтиш марказий инслитутига суткасига бир неча марта бу ҳақда малумот юборадилар. Бу маълумотлар метеорологик йўлдошлардан олинган маълумотлар билан тўлдирилади, замонавий компьютер дастурлари ёрдамида ҳисоб-китоб қилинади. Сўнгра яқин бир-икки кун мобайнида об-ҳаво қандай бўлиши ҳақида хулоса чиқарилади.

Халқлар, хусусан, кўпроқ вақтини очиқ ҳавода ўтказувчи деҳқон ва чорвадорлар, шунингдек, кўчманчи халқ жуда қадим замонлардаёқ табиатда бўладиган ҳодисаларни кузатиб, об-ҳавонинг қандай бўлишини олдиндан билишга ва шунга қараб иш тутишга одатланганлар.

Об-ҳавони олдиндан айтиш аломатлари авлоддан авлодга ўлиб, синалиб, такомиллашиб келган. Об-ҳаво қандай бўлишини маълум аломатларга қараб айтиб бериш мумкинлиги кейинчалик кузатишлар натижасида тасдиқланган.

Эртага об-ҳаво қандай бўлишини осмон жисмлари, Қуёш ва Ойнинг ҳолатига, атмосферада рўй берадиган турли ҳодисаларга, ўсимликларда, ҳайвонларда ва инсондаги баъзи ўзгаришларга қараб билиш мумкин. Атмосферада содир бўладиган, амммо метеорология асбоблари қайд қилолмайдиган ўзгаришларни айрим ўсимликлар, жониворлар ҳамда инсон сеза олади. Масалан, суяк, бўғин, юрак-қон томири хасталиклари билан оғрувчи беморлар об-ҳавонинг кескин ўзгаришини олдиндан сезадилар. Бир мисол. Немис олими Ф. Пфейфер мана бундай бир воқеани ҳикоя қилади: «Бир неча йил илгари эшик олдида юз-кўзларини рўмолча билан бекитиб олиб инграётган бир мўйсафидни кўрдим. Эрталаб соат саккизлар эди. Ёнига бориб ҳол-аҳволини сўрадим, у жавоб бермай инграйверди. Мўйсафидга нима бўлганини ҳеч ким билмас, у эса одамларнинг ёрдамини рад этарди. Бир соатлар чамаси вақт ўтди. У ҳамон инграр, қийналарди. Унга нима бўлганини яна суриштирганлардан у ингроқ товушда: «Қачон чақмоқ чақади?» — деб сўради. Ажабо! Мўйсафиднинг бундай ҳолатига чақмоқнинг нима дахли бор экан, дерсиз. Осмонда чақмоқ тугул булутдан ҳам асар йўқ. Лекин мўйсафид тинмай инграр, титрар эди. У кўчага чиққанидан кейин кучли оғриқ сезганини айтди. Бу об-ҳавонинг ўзгаришига боғлиқ эди. Тез орада осмонни қора булут қоплаб олди. Кейин момақалдироқ гумбурлаб, чақмоқ чақди.

Шу вақт қизиқ ҳодиса рўй берди: мўйсафид қаттиқ сесканди-ю, дик этиб жойидан турди, кўз ёшларини артди, сочларини таради ва худди ҳеч нарса рўй бермагандек йўлга равона бўлди. У шариллаб ёғаётган ёмғирга ҳам эътибор бермай, шахдам қадам ташлаб кетаверди…»

Вам может понравиться

Добавить комментарий