Нон дарахти ҳақида эшитганмисиз?

Иссиқ ўлкаларда ўсадиган мева дарахтларининг баъзиларини нон дарахти деб аташади. Бунинг боиси шуки, бу дарахтлар сер-ҳосил, мевалари бирйўла ёппасига этилмай, бирин-кетин пишади ва нон ўрнида истеъмол қилинади.

Нон дарахтининг 15—20 ёшлик росмана бир тупи 1—2 кишини, 5—6 тупи эса катта бир оилани бемалол бир йил боқа олади.

Нон дарахти Осиёнинг шарқи ва жанубидаги оролларда истиқомат қилувчиларнинг қадим замонлардан бери ишонган ва таянган ош-нони бщлиб келмоқда. Нон дарахти ўсадиган оролларда истиқомат қилувчилар нон дарахти ҳақида «… бизга нон, кон, соя ва кийим-кечак беради», дейишади.

Нон дарахти сершох, бўйи 18—20 метр, пўстлоғи сарғиш кулранг, ёғочи сариқ ва сарғиш-жигарранг, барглари йирик бўлади. Нон дарахтининг гуллари бевосита дарахт танасидан ёки йўғон шохларидан чиқади, меваси жуда катта бўлиб, ўртача оғирлиги 20—25 килограмм, ҳатто 40 килограммликлари ҳам учрайди. Улкан мева шаклан бочкага ёки нокка ўхшайди, бўйи 30—90 сантиметр, диаметри 25—50 сантиметрдир. Пишган мева оч сариқ ёки лимонранг, эти чучмалроқ ширин бўлади.

Бир туп дарахт 700—800 дона мева беради. Бу мевалар ноябрдан августгача бирин-кетин пишаверади. Эҳтиёжга қараб керагича олиниб овқатга ишлатилади. Август, сентабр ва октабр ойларида нон дарахти гуллашдан ва мева тугишдан тўхтаб дам олади. Шу давр ўтгач, яна гуллаб, мева тугишга киришади. Мева хомлигида эти қаттиқ, пишганида хамирдек юмшоқ бўлади. Овқат учун фақат уруғсиз навларининг мевалари ишлатилади: Пишган мевалардан ҳар хил нон тайёрланади. Жанубий Ҳиндистонда хонадон пазандаларининг нон дарахти мевасидан турли таомлар тайёрлаш усули кенг тарқалган.

Мевалар учи айри узун ёғоч ёрдамида узиб олиниб, териб қўйилади. Кейин қозиққа ўхшаш калта, учи ўткир найза билан бир неча жойидан тешилади ва шу ҳолида қолдирилади. Меванинг эти кечаси билан ачиб тонг отгунча ошган хамирдек бўлиб қолади. «Хамир» ёғоч тоғарада сув, кокос ёғи аралаштирилиб узоқ вақт қўлда қорилади. Сўнгра катта-катта зувалалар қилинади ва банан барги билан ўраб печкада ёки қизитилган тошга ёпиб пиширилади. Бундай ноннинг мазаси биз истеъмол қиладиган нонларникидан ҳеч фарқ қилмайди. Уни еганлар ўзларини доимо бақувват ва бардам сезадилар. Бу ҳол синовлар билан тасдиқланган, чунки мазкур ноннинг таркибида Б ва Е витаминлар гуруҳига кирадиган витаминлар кўп. Улар нон пиширилганда ҳам емирилмай, парчаламай аслича сақланади.

Маҳаллий халқ ёш нон дарахти пўстлоғидан дағал тола олишади, ундан арқон эшади ва турли нарсалар тўқишади. Сарғиш жигарранг ёғочи тропик мамлакатларда кенг тарқалган чумолиларга ва замбуруғ касалликларига ғоят чидамли бўлиб, қурилиш материали сифатида ишлатилади. Ундан ҳар хил мебеллар, буюмлар ясалади, ип газламалар бўяш учун бўёқ олинади. Тўқ яшил ранг йирик барглари яхши соя беради. Шунинг учун бу дарахт боғ ва паркларга кўплаб экилади. Поливезияликлар унинг баргидан енгил, пишиқ ва чиройли шлапалар тайёрлашади. Нон дарахти барглари ва майдаланган уруғлари ҳайвонларга тўйимли ем-хашак ўрнида берилади. Эркак тўпгулининг ўзагидан пилик, ширасидан елим тайёрланади. Ерли халқ унинг илдизи, барглари, пўстлоғи, кўк мевасининг этидан баъзи касалликларни даволашда дори сифатида фойдаланади.

Айни замонда нон дарахти Осиё қитъасининг шарқи жанубий қисмидаги тропик мамлакатларда ва унга қўшни оролларда сақланиб қолган, холос.

Вам может понравиться

Добавить комментарий