«Нима? Қачон? Қаерда?» бўйича жаҳон чемпионатида Ўзбекистон шарафини Sonet жамоаси ҳимоя қилади

«Нима? Қачон? Қаерда?» интеллектуал ўйинининг спортча версияси бўйича 13-жаҳон чемпионати 13—16 ноябрь кунлари Грузия пойтахти Тбилисида бўлиб ўтади. Бу ҳақда жаҳон чемпионатида Ўзбекистон шарафини ҳимоя қилувчи Sonet жамоаси аъзоси Усмон Шарифхўжаев «Дарё»га маълум қилди.

«Нима? Қачон? Қаерда?» бўйича жаҳоннинг энг кучли жамоаси номи учун Австрия, Озарбайжон, Арманистон, Беларусь, Болгария, Буюк Британия, Германия, Грузия, Исроил, Қозоғистон, Канада, Латвия, Литва, Молдова, Польша, Россия, Руминия, АҚШ, Туркманистон, Ўзбекистон, Украина, Финляндия, Чехия, Швейцария ва Эстониядан 60 жамоа иштирок этади.

Ушбу жаҳон чемпионатида Ўзбекистон шарафини ҳимоя қиладиган Sonet жамоаси таркибидан Дмитрий Вагапов, Алексей Карсевич, Абдулазиз Жалилов, Усмон Шарифхўжаев, Евгений Калюков, Александр Друз ва Анвар Муҳаметкалиев ўрин олган. Қайд этиш жоиз, 2014 йилги чемпионатда Sonet жаҳоннинг энг кучли беш жамоасидан бири деб топилганди.

Хабар беришларича, жаҳон чемпионатида энг кучли билимдонлар, хусусан, Александр Друз, Максим Поташев, Иля Новиков, Балаш Касумов ва бошқа шу каби телеўйинчилар қатнашади. Александр Рубин жаҳон чемпионати апелляция ҳайъати раиси этиб тайинланган, ғолибларни тақдирлаш маросимида «Нима? Қачон? Қаерда?» клублари халқаро ассоциацияси президенти Андрей Козлов қатнашади.

Маълумот учун, «Нима? Қачон? Қаерда?» бўйича жаҳон чемпионатлари 2002 йилдан бери қарийб ҳар йили ташкил этиб келинади, унда икки марта — 2010- ва 2012 йилларда Ўзбекистоннинг «НМТТ» жамоаси чемпионликни қўлга киритган, 2011 йили иккинчи бўлган.

манбаа: дарё.уз

Вам может понравиться

Добавить комментарий