Нима учун йил фасллари ўзгаради?

Бир йилда Ер сайёраси Қуёш атрофида деярли миллиард километр масофани ўтади.

Ер ўқи орбитага нисбатан бироз қияроқ жойлашган. Шу туфайли Қуёш йил мобайнида  Шимолий ва Жанубий яримшарларни турли куч билан иситади. Бизнинг кенгликларимизда тўрт фасл (баҳор, ёз, куз, қиш) нинг мавжудлигига асосий сабаб ана шу.

Қиш. Қиш –йилнинг энг совуқ фасли. У қишки қуёш туриши куни, яъни 22-декабрдан бошланади. Ана шу кун – йилнинг энг қисқа куни. Шу кундан бошлаб кунлар бoрган сари узайиб боради. Қишда кўп дарахтлар ўсишдан тўхтайди, баъзи ҳайвонлар (масалан, айиқ) уйқуга киради.

Баҳор. Астрономия календари бўйича баҳор 20 мартдан бошланади. Ана шу куни кечаси билан кундузи тенглашади ва кеча-кундуз тенглиги деб аталади. Сўнгра кунлар аста-секин  узая боради, ҳаво иссиқлашади. Ўсимликлар уйғона бошлайди ва гуллайди.

Ёз. Ёз  21-июндан бошланади. Шимолий яримшарда бу кун йилнинг энг узун  куни ҳисобланади, у 16 соатча давом этади. Бу кун ёзги Қуёш туриши деб аталади. Шу куни ўзининг энг  баланд ҳолатини эгаллайди. Ҳар йили  21-июндан бошлаб кунлар яна қисқара бoради. Бизнинг кенгликларимизда ёз ҳамма фасллардан иссиқроқ бўлади.

Куз. Ҳар йили куз 23-сентабрдан бoшланади. Шу куни яна кеча-кундуз тенглиги юз беради, кейин ҳар куни тонг кечроқ отади, кечқурун вақтлироқ қоронғилашади. Шимолий яримшарда Қуёш нурлари бoрган сари қияроқ тушади, Ер сиртини деярли “сийпаб” ўтади. Ҳарорат пасаяди, дарахт барглари сарғайиб, тўкила бошлайди.

манбаа: http://taqvim.uz/

Вам может понравиться

Добавить комментарий