Нефт таркибидаги фойдали бирикмалар

Нефт таркибидаги фойдали бирикмалар биринчи бўлиб, Россияда аниқланган. Уни бой ака-ука заводчи Дубининлар ва америкалик кимёгар Силлиман кашф қилишди.

ХVIII аср ўрталарида улар бир-биридан мутлақо бехабар ҳолатда нефт таркибидан ёритиш мақсадига хизмат қилувчи керосин ажратиб олиш мумкинлигини исботлашди. 1877 йилда эса таниқли рус кимёгари Дмитрий Менделеев нефтни қайта ишлашда парчаланиш жараёнини кузатди. Айнан шу вақтда яна бир таниқли рус кимёгари Владимир Марковников «қора олтин»даги углеводородларнинг янги синфи – нафтенларни кашф қилди. Унинг сафдоши Л.Гуревич нефт ва нефт маҳсулотларини тозалашнинг физикавий-кимёвий асосларини ишлаб чиқди ва бу усулларни такомиллаштиришнинг аҳамиятини ҳам кўрсатиб берди.

1918 йилда кимёгар олим Николай Зелинский нефт чўкмаларидан каталитик усулда бензин олиш ҳақидаги таклифини ўртага ташлади. Олим Сергей Наметкин нефт таркибини гуруҳлаш ҳақидаги ғояни илгари сурган бўлса, Владимир Шухов нефт қувурларини яратиш, нефтни сақлаш ва қайта ишлаш учун асбоб-ускуналар зарур эканини таъкидлади. 1861 йилда дунё бўйича нефт ва нефт қолдиқларини қайта ишлаш усули билан шуғулланувчи саноат шаҳобчаси вужудга келди. 1879 йилда эса Бокуда илк бор нефт қувури ишга туширилди.
Нефт инсоният ҳаётида муҳим аҳамиятга эга. Ана шу маҳсулот туфайли биз автомашинада истаган манзилимизга борамиз, самолётда учамиз, синтетик толали ки­йимларга эгамиз, бўёқлардан фойдаланамиз, кир ювиш воситалари туфайли мушкулимизни осон қиламиз. Ҳозирги вақтда тараққиётнинг юқори босқичига эришган инсоният энергия манбаининг нефтга муқобил вариантларини ўйлаб топган бўлса ҳам бу маҳсулот ҳамон одамзот эҳтиёжлари рўйхатида 48 фоизлик кўрсаткични ишғол этмоқда.

Вам может понравиться

Добавить комментарий