«Мўъжиза мамлакат»

Бутун жаҳонга маълум шарқ яккакураш санъатининг ёрқин намунаси кунг-фу, машҳур Шао-Линь ибодатхонаси ва Буюк Хитой девори каби ажойиботларнинг ватани, дунёдаги энг қадимги маданият ўчоқларидан бири бўлган Хитой бутун дунё аҳлини лол қолдириб келмокда. XX аср охирларида мазкур мамлакатда юз берган кескин иқтисодий ривожланиш натижаси ўлароқ дунёда «хитой мўъжизаси», деган ибора пайдо бўлди. Ҳақиқатан ҳам, турли соҳаларда жаҳонда аста-секин биринчи ўринни эгаллаб олаётган Хитойни «мўъжиза мамлакат», деб айтиш мумкин.

Хитой майдонининг катталиги бўйича (9,6 млн. кв.км) дунёда учинчи, аҳолисининг сони бўйича (1,35 млрд. киши) биринчи ўринни эгаллаб, бу ерда дунё аҳолисининг 20 фоизидан ортиғи яшайди. Мамлакатнинг номи хитойчада «Чжунго», яъни «оралиқдаги давлат» маъносини билдиради. Бу ном Хитойнинг Мўғулистон, Ўрта Осиёдаги давлатлар ва Ҳиндистон ўртасидаги географик ўрнидан келиб чиқиб берилган бўлиши мумкин. Аммо «хитой» сўзининг келиб чиқиши ҳақида турли фикрлар мавжудлигини таъкидлаш жоиз. Баъзи манбаларга кўра, «хитой» сўзи Шимолий Хитойда ҳукмронлик қилган кидан қабиласи номидан олинган ва айни шу қабила вакиллари илк маротаба европаликлар билан муносабатларни ўрнатишган.

Европаликларга кидан қабиласининг номини «катай» шаклида биринчи бўлиб Марко Поло маълум қилган. Марко Поло Осиёга саёҳати тафсилотларини ўзида акс эттирган эсдаликларида шимолий Хитойни худди шу ном билан кўрсаттан. Жанубий Хитойни эса Марко Поло «манжи» деб атаган. Турли манбаларда (жумладан, ўзбек халқ эртакларида) ишлатиладиган Хитойнинг «Чин мочин» шаклидаги номи қадимий Жанубий Хитой – Чин ва Шимолий Хитой – Манжи номларининг асрлар давомида ўзгариши натижасида юзага келган бўлиши мумкин. Шунингдек, Хитойни «Осмон остидаги мамлакат» номи билан ҳам аташади. Чунки қадимги Хитойда осмон муқаддас ҳисобланган. Шу боис, «Осмон ибодатхонаси» Хитойдаги энг муқаддас жойлардан саналади.

Хитой – дунёдаги энг кўҳна маданият ўчоқларидан. Мавжуд ёзма манбалар мазкур мамлакатнинг ёши 3500 йилдан кам эмаслигини тасдиқлайди.

Маъмурий жиҳатдан Хитой 23 та провинция, 5 та автоном район, 4 та марказга бўйсунувчи шаҳарлар ва 2 та махсус маъмурий районлардан иборат. 22 та провинция, 5 та автоном район ва 4 та шаҳар ўзаро «континентал Хитой» тушунчасини ташкил қилади.

Осмон ибодатхонаси – Пекиннинг рамзи.

Бундан ташқари, Хитой таркибида ороллардаги ҳудудлар – Гонконг (Сянган), Макао ва Тайвань ҳам мавжуд.

Географик жиҳатдан Хитой ҳудуди Шарқий Осиёда жойлашган ва шаркдан Тинч океани денгизлари билан ўралган. Майдони бўйича Осиё қитьасидаги энг йирик мамлакат. 14 та қўшни давлатлар билан бўлган қуруқлик чегарасининг узунлиги – 22,1 минг км ва денгиз қирғоқ чизиғининг узунлиги – 14,5 минг км.

Мамлакат аҳолисининг 90 фоизи қирғоқбўйи районларида, йирик дарёларнинг қайирларида яшайди. Хитойда урф-одати, миллий кийимлари ва ўз тилига эга бўлган 55 йирик миллатларнинг вакиллари яшайди. Аммо мамлакат аҳолисининг 90 фои-зидан ортиғини хитойликлар – ханлар ташкил этади. 1979 йилдан буён олиб борилаётган «битта оила – битта бола» сиёсатига қарамасдан, Хитой аҳолиси йилига 12-15 миллион кишига кўпайиб бормоқда.

Хитойнинг рельефи жуда хилма-хил ва унинг ҳудудида баланд тоғлар, ясси тоғлар, ботиқлар, чўллар ва улкан текисликлар мавжуд. Мамлакат ҳудудининг учдан икки қисмини тоғ тизмалари, тоғликлар ва ясси тоғликлар, чўл ва чала чўллар эгаллайди. Ғарбдан шарққа томон мамлакат бир-биридан ажралиб турувчи уч хил баландликдаги поғонасимон ҳудудлардан иборат. Ўртача баландлиги денгиз сатҳидан 2000 метрдан ошадиган, баъзи ерларда 4000-5000 метр бўлган Тибет тоғлари мамлакатнинг жануби-ғарбида жойлашган. 200-2000 метр баландликдаги тоғлар ва баланд текисликлар минтақаси – Хитойнинг шимолида ва марказий қисмларида, баландлиги 200 метрдан паст дарё ётқизиқларидан ҳосил бўлган текисликлар – мамлакатнинг шимоли-шарқий, шарқий ва жанубий қисмларида жойлашган. Мамлакат шимолида ва ғарбида Гоби ва Такла-Макон чўллари ястаниб ётади.

Буюк Хитой текислиги – Хуанхэ дарёси водийси ва Янцзи дарёсининг дельтасини ўз ичига олиб, денгиз қирғоғи бўйлаб Пекиндан Шанхайгача чўзилиб кетган. Жавоҳир дарёси Хитойнинг жанубида бўлиб, Янцзи дарёси ҳавзасидан Нанлин тоғи ва Уишан тизмаси билан ажралган. Уишан тизмаси гўзал ва такрорланмас табиат обидаси бўлиб, ЮНЕСКОнинг «Бутунжаҳон мероси» рўйхатига киритилган.

Хитойнинг иқлими жуда ажойиб. Бу ерда субтропик (жанубда) ва мўътадил (шимолда), энг жанубдаги Хайнан оролида тропик иқлим устун. Тинч океани денгизларига туташ қирғоқбўйи ҳудудларида қуруқлик ва океаннинг ўзаро тўқнашувидан ҳосил бўладиган муссон иқлими мавжуд. Шимолдаги Хэйлунцзян провинциясида январь ойида ҳарорат -30°С гача тушиши ва ёзда +20°С гача кўтарилиши мумкин. Жанубий ҳудудларда эса ҳарорат январда +10°С ва июль ойида +28°С атрофида бўлади.

Хитой турли фойдали қазилмаларга бой. Бу ерда 150 хил қазилмалар қазиб чиқарилиб, нефть, кўмир ва металларнинг бой конлари мавжуд.

Хитойдаги дарёларнинг умумий узунлиги 220 минг км.дан ошади. 5000 дан ортиқ дарёларнинг ҳавзаси – 100 кв.км.дан катта. Ху-анхэ ва Янцзи – мамлакатнинг энг йирик дарёларидир. Мамлакатда мавжуд барча кўлларнинг умумий майдони – 80 минг кв. км.

Мамлакатнинг ўсимлик дунёсига бирмунча бой. Бу ерда бамбукларнинг 500 дан ортиқ тури ўсади. Ҳайвонот дунёси бир қатор ноёб турлардан иборат. Хитой пандаси энг ноёб турлардан бўлиб, кўп жойларда у мамлакатнинг рамзи сифатида қўлланилади.

Иқтисодиётнинг тез ўсиши натижасида «Хитойда ишлаб чиқарилган» белгиси бўлган маҳсулотларни дунёнинг барча қисмларида учратиш мумкин.

Мамлакат мураккаб тизимли транспорт тармоқларига эга. 2006 йилда Тибетда денгиз сатҳидан 5072 метр баландликда дунёдаги энг баланд темир йўл қурилган.

Хитой такрорланмас жозибаси билан қадимдан дунё сайёҳлари эътиборини жалб этиб келган. Бу ердаги энг кўзга кўринган обидалардан бири – умумий узунлиги 8,85 минг км.дан ошадиган Буюк Хитой деворидир. Мазкур иншоотнинг 6,26 минг километри ғиштдан, 2,23 минг км турли тоғ жинслари (тош, мармар, гранит) дан барпо этилган.

Мамлакат пойтахти Пекиннинг марказида «Тақиқланган шаҳар» номи билан машҳур Император саройи мавжуд. 1406-1420 йилларда қурилган ва 1925 йилгача оддий фуқаронинг кириши тақиқланган ушбу сарой 24 та Хитой ҳукмдорларининг қароргоҳи бўлган.

Тақиқланган шаҳар.

 «Тақиқланган шаҳар»нинг умумий майдони 720 минг кв.м ва 9999 хонадан иборат. Иншоотнинг атрофи 3400 метрли баланд девор ва «Олтин сув» деб номланган чуқурлик билан ўралган. Обиданинг ички қисмида ҳукмдор, унинг оила аъзолари, сарой аъёнлари ва хизматчилар учун алоҳида бинолар барпо этилган. Саройдагиларни ичимлик суви билан таъминлаш учун юзлаб улкан (500 литрли ва ундан катта) мис идишлар ўрнатилган. Ҳар бир кўча ва бино олдида муайян масофада ёритиш чироқлари мавжуд. Обиданинг баландроқ қисмидан қараганда минглаб хоналарнинг бир хил ранг ва услубда ишланган томлари кишини ҳайратга солади. Шу боис, мазкур обидани ҳақиқий шаҳар, деб айтиш мумкин.

Император Цинь Шихуан мақбараси ва «терракота армияси» Сиан шаҳрида бўлиб, мазкур обида ҳам «Тақиқланган шаҳар» каби ЮНЕСКОнинг «Бутунжаҳон мероси» рўйхатига киритилган. Мақбаранинг қурилишида 700 минг ишчи иштирок этган. Ҳозир бу ер музей бўлиб, унинг асосий экспонати – терракота, яъни куйдирилган қизғиш-жигарранг лойдан ясалган 7400 та аскар, от ва 90 та ҳарбий араваларни ташкил этувчи ҳайкалчалардан иборат.

«Терракота армияси».

Шуниси қизиқки, император Цинь Шихуаннинг терракота лашкаридаги барча ҳайкаллар (аскар, от ва аравалар) асл ўлчамига эга. Аскарлар ҳайкалларининг бўйи 1,8 метр бўлиб, улар орасида юз тузилиши бир-бирига ўхшаш бўлган иккита бир хилини учратиш қийин.

Вам может понравиться

Добавить комментарий