Митти сайёралар

Қуёш системасида юқорида тилга олинган 9 та йирик сайёрадан ташқари митти сайёралар ҳам мавжуд. Қуёш атрофида айланиб юрувчи бу митти сайёралар астероидлар деб аталади. Энг катта астероиднинг диаметри 400—700 километр келади. Бундай катталикдаги астероидлар кўп эмас. Тахминан 70 тача астероиднинг диаметри 100 километр атрофида. Бизга маълум бўлган астероидлардан кўпчилигининг диаметри 20—40 километр. Астероидлар орасида диаметри 3—5 километр келадиганлари ҳам бор.

Астероидлар, асосан, Марс билан Юпитер орбиталари орасида ҳаракатланади. Марс билан Юпитер сайёралари орасидаги масофа жуда катта — 550 миллион километр бўлганлигидан, олимлар бу икки сайёра орасида нимадир бўлиши керак, деб гумонсирашар эди. Италян астрономи Ж. Пиасси Марс билан Юпитер оралиғида сайр қилиб юравчи кичик сайёрани пайқаб қолади. Бу янги митти сайёрага Церера деб ном беришади.

Бир йилдан кейин бу оралиқда яна бир митти сайёра топилади, уни Паллада деб аташади. Шундай қилиб, янгидан янги митти сайёралар топилаверади. Ҳозирги вақтда митти сайёра — астероидларнинг сони икки мингдан ортди. Олимларнинг фикрича, астероидлар думалоқроқ шаклдаги тошлардан иборат.

Астероидлар орасида энг кўп шов-шувга сабаб бўлгани — Икардир. Икар астероиди 1949-йили топилди. Бу Қуёшга энг яқин митти сайёра бўлиб, Қуёшни 409 кунда айланиб чиқади, ҳар 19 йилда Ер яқинидан ўтади.

1968-йили Икар астероиди Ер яқинидан ўтганида Ер билан тўқнашиши мумкин, деган миш-мишлар тарқалган эди. Икар, дарҳақиқат, Ерга яқинлашиб, 7 миллион километр наридан ўтиб кетди.

Вам может понравиться

Добавить комментарий