Мингдан ортиқ тилга таржима қилинган китоб

Қуръон (араб. القرآن ўқимоқ, қироат қилмоқ) — мусулмонларнинг асосий муқаддас китоби. Ислом эътиқодига кўра, Қуръон ваҳий орқали Муҳаммад пайғамбарга 610—632 йиллар давомида нозил қилинган Аллоҳнинг каломи (Каломуллоҳ).

Қуръон „Китоб“ (ёзув), „Фурқон“ (ҳақ билан ботилнинг орасини айирувчи), „Зикр“ (эслатма), „Танзил“ (нозил қилинган) каби номлар билан аталиб, „Нур“ (ёруғлик), „Ҳудо“ (ҳидоят), „Муборак“ (баракотли), „Мубин“ (очиқ-равшан), „Бушро“ (хушхабар), „Азиз“ (эъзозланувчи), „Мажид“ (улуғ), „Башир“ (башорат берувчи), „Назир“ (огоҳлантирувчи) каби сўзлар билан сифатланган. Ислом оламида Қуръон мусъҳаф номи билан ҳам машҳур. Ислом уламолари Қуръоннинг 30 хил ном ва сифатларини санаб ўтганлар.

Ислом тарихига оид манбаларда келтирилишича, Қуръон нозил бўлиши милодий 610-йил бошланган. Муҳаммад пайғамбар 40 ёшда Маккашаҳри яқинидаги Ҳиро ғорида чуқур тафаккурга берилиб ўтирган бир пайтда Жаброил фаришта „Иқроъ“ („Ўқи“) деб бошланувчи „Алақ“сурасининг аввалги 5 оятини келтирди. Бу жараён Маккада 13 йил, Мадинада 10 йил, ҳаммаси бўлиб 23 йил давом этган. Қуръоннинг нозил қилиниши ислом ақидаси бўйича рамазон ойининг 27-кунига ўтар кечаси юз берган. Шунинг учун ҳам бу ой муқаддас ҳисобланиб, рўза тутилган куннинг 27-кечаси лайлатул-қадр, яъни қадрли, илоҳий қудрат намоён бўладиган, бандаларнинг бир йиллик тақдири ҳал қилинадиган (қадр — тақдир, ўлчов) табаррук кеча деб улуғланади.

Қуръон сура ва оятларининг нозил бўлиш тартиби воқеаларнинг ривожига қараб давом этган. Илк ислом даврида нозил бўлган суралар, асосан, Аллоҳнинг ягоналиги, борлиқнинг мутлақ илоҳи, дунёдаги барча нарсалар унинг борлигидан дарак берувчи далил экани, ислом таълимотида белгиланган ақидавий тушунчалар — фаришталар, пайғамбарлар, муқаддас китоблар, охират, жаннат ва дўзахнинг ҳақлиги тўғрисида эди. Пайғамбар ва мусулмонларга оғир келган Макка даврида сабр-бардошга чақирувчи, дин йўлида чекилган машаққатлар учун улуғ ажру мукофотлар борлиги ҳақидаги оятлар нозил этилган бўлса, мусулмонлар жамоаси шаклланган Мадина даврига диний маросим ва ижтимоий муносабатларни тартибга солишга бағишланган оятлар тўғри келади. Пайғамбарга диний масалалар бўйича берилган саволларга у ваҳий орқали нозил қилинган оятлар билан жавоб берар эди.

Қуръоннинг бўлимлари сура дейилади, уни шартли равишда боб билан таққослаш мумкин. Ҳар сура оятларга бўлинган. Қуръон 114 сура, 6236 оятдан иборат. Ҳар бир суранинг ўз номи бор. Оятлар эса тартиб рақами билан берилган. Сураларнинг номлари унинг бошида келган сўздан олинган ёки зикри кўпроқ келган нарсалар, воқеалар ёҳуд асосий қаҳрамон номи билан аталган. Кейинчалик ўқиш ва ёдлаш осон бўлиши учун Ироқ ҳокими Ҳажжож ибн Юсуф (ҳукмронлик йиллари 694—714) кўрсатмасига биноан Қуръон 30 қисм (араб. juz, форс. pora)га бўлинган. Қуръонда биринчи келган „Фотиҳа“ сурасидан кейинги суралар катта, ўртача ва кичик суралар тартибида жойлашган. 2-Бақара сураси 286 оятдан, энг қисқа Кавсар сураси 3 оятдан иборат. Энг қисқа оятлар „Тоҳо“ ва „Ёсин“, энг узун оят „Бақара“ сурасининг 282-оятидир. Суралар нозил бўлиш вақти ва жойига кўра 2 га: ҳижрадан олдин нозил бўлган суралар — „Макка суралари“ (610—622 йиллар, 90 сура) ва ҳижрадан кейин нозил бўлган суралар — „Мадина суралари“ (622-йилдан, 24 сура) га ажратилади.

Қуръон матнининг кўп қисми Аллоҳ билан сўзлашиш, ислом душманлари ёки ундан иккиланувчилар билан мунозара қилиш шаклида берилган.

Муҳаммад (с.а.в.) Қуръон оятларини Жаброилдан қабул қилар, бошқа мусулмонлар у кишидан эшитиб, ёдлаб олардилар. Ёзишни биладиган одамлар, жумладан, Абу Бакр, Умар,Усмон, Али, Зайд ибн Собит, Убай ибн Каъб хурмонинг пўстлоғи, япалоқ тош, катта суяк, тери ва шунга ўхшаш нарсаларга Қуръонни ёзиб борганлар. Пайғамбар ҳаётлик чоғида яна ваҳий тушиб қолар, деган умидда Қуръон жамлаб китоб шаклига келтирилмаган. Пайғамбарнинг вафотидан кейин Қуръон кишиларнинг хотирасида ва ёзган нарсаларида қолди.

Биринчи халифа Абу Бакр даврида ридда (диндан қайтиш)га қарши олиб борилган қаттиқ жангларда Қуръонни тўлиқ ёд олган кўплаб қорилар ҳалок бўлиб, Қуръоннинг келажак авлодга сақланмай йўқолиб кетиш хавфи туғилган пайтда Умар ибн Хаттоб Абу Бакрга Қуръонни китоб ҳолига келтириб, жамлаб қўйиш зарурлигини маслаҳат беради. Абу Бакр бу ишни амалга оширишни Пайғамбар билан кўп вақт бирга юрган саҳоба, Қуръонни энг яхши ёд олган Зайд ибн Собитга топширди. Зайд ибн Собит, Умар ибн Хаттоб ва бошқалар Қуръони каримни пухта ёд билишларига қарамай, бу ишнинг ишончли бўлишига ҳаракат қилиб, масжидда: „Кимнинг қўлида ёзилган Қуръон бўлса ва уни Пайғамбардан тинглаганига иккита гувоҳи бўлса, бизга олиб келсин, Қуръонни жам қилишга халифанинг буйруғи бўлди“, деб эълон қилдилар. Улар масжидда ўтириб, гувоҳларни текшириб, ниҳоятда аниқлик билан 1 йилдан ортиқ вақтда Қуръон саҳифаларини жамладилар. Сўнг кўпчиликка кўрсатдилар, ҳамма рози бўлди. Шундай қилиб, Зайд ва Умар машаққатли уринишлардан кейин Қуръонни кийик терисидан ишланган саҳифаларга ёзиб, Абу Бакрнинг уйига қўйдилар. У оламдан ўтгандан кейин саҳифалар Умарнинг уйида, у кишидан сўнг эса, қизи — Пайғамбарнинг хотини Ҳафса бинти Умар ҳузурида қолди.

Вақт ўтиши билан ислом дини тарқалган давлатнинг чегараси кенгайиб борди. Кўплаб халқлар исломни қабул қилиб, мусулмонлар сони кўпайгандан сўнг Қуръонни ўқишда турли келишмовчиликлар чиқа бошлади. Бунга Қуръоннинг „этти ҳарф“ (лаҳжа)да нозил бўлгани ҳам сабаб бўлди. Ҳадисда таъкидланишича, Жаброил Қуръон оятларини турли араб қабилаларига тушунарли бўлиши учун етти хил лаҳжада келтирган. Бунда айрим сўзлар бошқача шаклда ёзилиши ва ўқилишига тўғри келган. Бу ҳолатни кўрган халифа Усмон ибн Аффон Ҳафсадан Абу Бакр давридаги саҳифаларни сўраб олиб, ундан бир неча нусха кўчиришга буйруқ берди. Қуръон қироатида фарқли бўлган сўзларда қурайш лаҳжасига риоя қилинди.

Нусхалар тайёр бўлгандан сўнг мусулмонлар яшайдиган диёрлардаги марказий шаҳарларга биттадан нусхага қори қўшиб жўнатилди, ҳаммага фақат шу нусхадан Қуръонни кўчириш ва шу қоридан қироат ўрганишга буйруқ берилди. Усмон ибн Аффон Маккага Абдуллоҳ ибн Соибни, ШомгаМуғийра ибн Шиҳобни, Куфага Абдураҳмон Суламийни, Басрага Омир ибн Абул Қайсни юборди ва ҳар бирига бир нусхадан мусъҳаф берди. Мадинада қолган мусъҳафдан одамларга қироат таълими беришни Зайд ибн Собитга топширди. Усмон ибн Аффонда бир нусха мусъҳаф қолди. Кейинчалик нусха кўчириш йўлга қўйилиши жараёнида фақатгина Усмон даврида ёзилган нусхаларга суяниш жорий бўлди. Пировардида ҳар бир нусханинг ишончли эканини тасдиқлаш мақсадида „бу нусха Усмон мусъҳафига мувофиқдир“, деб ёзиб қўйиладиган бўлди. Қуръон ҳарфларини ёзиш услуби бир хиллиги ҳам сақлаб қолинди. Қуръон ҳарфларига бирор нуқтачалик ҳам ўзгариш кирмасин, деган мақсадда уламолар мусъҳаф ичига ҳатто гул, дарахт барги ва шунга ўхшаш бошқа нарсаларни мутлақо қўйиб бўлмайди, акс ҳолда, ўша нарсалар саҳифага ёпишиб қолса, шубҳа пайдо бўлиши мумкин, деб фатво чиқардилар.

Қуръонни нуқталашни Абул Асвад Дуалий амалга оширди. У нуқта аломатларини ҳарфларнинг усти, ости ва ўртасига қўйиб чиқди. Вақт ўтиши билан кишилар Қуръонни хато ўқимасликлари ва унинг қироати ҳақида турли ихтилофга тушмасликлари учун, уламолар мусъҳафларга диакритик белгилар (фатҳа, касра, замма) қўйиш керак, деган фикрга тўхталдилар. Бу ишни Ироқ ҳокими Ҳажжож ибн Юсуф ҳукмронлик даврида Ҳасан Басрий бажарди. Бунда асл ҳарфларга заррача ўзгартириш киритмаслик шарти қўйилди. 9-асрга келиб Қуръон араб бўлмаган халқлар томонидан ҳам хатосиз ўқиш мумкин бўлган ҳолга келди. Тараққиёт даври келиб, Қуръонни техник жиҳозлар воситасида чоп этиш масаласи кўндаланг бўлди. Лекин уламолар аввалига Қуръоннинг обрўсига тўғри келмайди, деган фикр билан бу ишга рухсат бермадилар. Аммо вақт ўтиши билан мусулмонлар ҳам нашр ишларини ўзлаштирдилар. Қуръонни чоп этишга эҳтиёж ортиб борди ва уламолар керакли шартларни қўйиб, Қуръонни чоп этишга изн бердилар.

Қуръоннинг ҳар бир нусхаси мусулмонлар томонидан эъзозланади. Аммо уларнинг ичида Усмон Қуръонларининг алоҳида ўрни бор.Тошкентда Ўзбекистон мусулмонлари идораси кутубхонасининг махсус ҳужрасида сақланаётган Усмон Қуръони бевосита халифа Усмон даврида (644—656) ёзилган муқаддас қўлёзма деб ҳисобланади. Ҳозирги кунда жаҳонда „Усмон Қуръони“ деган ном билан аталадиган 4 қўлёзма мавжуд. Улардан бири Мадинада сақланаётган асл нусха бўлиб, ислом манбаларида у „Имом“ деб аталади. Иккинчи нусха Каъбада, учинчи нусха Қоҳира (Миср миллий кутубхонаси)да сақланмоқда. Тўртинчиси Тошкентда Ўзбекистон халқлари тарихи музейида узоқ вақт сақланиб, 1989 йил бошида мусулмонлар қурултойида Ўрта Осиё ва Қозоғистон мусулмонлари диний бошқармасига сақлаш учун топширилган. Бошқа тадқиқотчилар (Аҳаджон Ҳасанов ва бошқалар) маълумотига кўра, Тошкентдаги Усмон мусъҳафидан ташқари Қоҳира ва Истанбул шаҳрида (2 та) сақланаётган нусхалари мавжуд. Тошкентда сақланаётган Қуръоннинг бу ерга келиб қолиши тарихи ҳақида турли тахминлар бор. Кўпчилик тадқиқотчилар уни Амир Темур Басрадан Самарқандга олиб келган, деган фикрни билдирадилар. Бошқа тарихчилар (Ҳамид Зиёев ва бошқалар) Амир Темур Тўхтамишни мағлубиятга учратиб, Олтин Ўрдани эгаллаганидан кейин, ўша Қуръонни қўлга киритиб, Самарқандга келтирган, деган хулосада. Тарихда яна бошқа фаразларга ҳам дуч келинади. Ушбу Қуръон 1868 (баъзи манбаларда 1869 йил) Самарқанддан Санкт-Петербургга олиб кетилади ва аввал Россия халқ маорифи вазирлигига, сўнгра шаҳардаги Салтиков-Шчедрин кутубхонасига берилади. Октябр тўнтаришидан сўнг, мусулмонлар қурултойининг илтимосига кўра, РСФСР ХКСнинг қарори билан мусулмонларга қайтариб берилган. Аввал Уфада сақланиб, 1923 йилда Тошкентга келтирилган. Бир неча вақт Самарқандда, кейин Тошкентдаги Республика халқ кутубхонасида, ЎзССР ФА Шарқ қўлёзмалари институтида сақланган. 20-аср бошларидаги текширувга кўра, мусъҳафнинг умумий ҳажми 68х53 см ҳисобланиб, 353 варақдан иборат бўлган. Бу варақларнинг ялтироқ ва сарғиш рангдаги юз томони яхши сақланиб, уларнинг орқа бети салгина ғижимланган, бир оз уринган каби кўринар эди. мусъҳафнинг саҳифалари нам тортиши натижасида бир мунча шикастланган ва уларда қон доғлари бор эди. Унинг йиртиб олинган ёки қаттиқ шикастланган варақлари ўрнига 69 та терига ўхшаш қалин ва майин варақлар тикиб қўйилган. Бу варақлар пахта қоғозлардан моҳирлик билан ишланган бўлиб, уларни мусъҳафнинг асл саҳифаларидан фарқлаш қийин эди.

Қуръоннинг асосий ғояси — Аллоҳ тўғрисидаги таълимотдир. Унинг мавзуси ва моҳияти инсонлар тафаккурида кўпхудоликка барҳам бериш, яккахудоликни тарғиб қилиш ва ислом динини қарор топтиришдир. Шу билан боғлиқ равишда унда пайғамбарлар, охират, тақдир ва бошқалар ҳақидаги ақидалар баён этилади. Аллоҳ Қуръонда ўзининг Одамато, Нуҳ, [[[Иброҳим]], Исмоил, Ишоқ, Яъқуб, Мусо, Довуд, Исо, Муҳаммад (ас) ва бошқа пайғамбарларини зикр этади. Уларга юборилган дин — ислом экани, Таврот, Забур, Инжил ва Қуръон ўзи нозил қилган илоҳий китоблар экани, яҳудийлар, насронийлар ва мусулмонларни „аҳли китоб“ деб атаб, уларнинг эътиқодлари ваҳдоният эканини Қуръон оятларида қайта-қайта уқтиради. Қуръонда асосий ибодат талаблари (намоз, рўза, закот ва бошқалар) белгилаб берилган. Ундаги ахлоқий ва ҳуқуқий нормалар кейинчалик шаклланган шариатга асос қилиб олинган.

Қуръонда инсониятнинг этник бўлиниши, ижтимоий табақаланиши, айирмачилик, миллатчилик инкор этилади. Аллоҳ наздида барча тенгдир. Инсонлар Аллоҳ томонидан миллати, насаби, бойлиги, имтиёзи ва ҳ.к.га қараб эмас, балки уларнинг қалби ва қилган яхши ёки ёмон амалларига қараб ҳукм қилинадилар.

Диний эътиқодда мустаҳкам туриш, яхшилик, эзгулик, савоб ишлар, меҳр-шафқат, мискин ва муҳтожларга ёрдам бериш, инсонпарварликни улуғлаш барча илоҳий китоблар каби Қуръоннинг мазмуни-моҳиятини белгилайди. Унда текинхўрлик, бировлар ҳақини ейиш, бошқалар ҳисобига яшаш, порахўрлик, ишёқмаслик, жабр-зулм, ўғрилик, қотиллик, дилозорлик, фитначилик, кибру ҳаво қораланади. Барча халқлар бир ота-онанинг авлоди экани эслатилади.

Уламолар Қуръон оятларини Аллоҳнинг амрлари ва наҳийлар (яъни мўмин бандаларга буюрганлари ва қилманглар деб қайтарганлари), ваъда ва ваъидлари (яъни бандаларга дунё ва охиратда савоб амаллари учун яхшилик берурман дея қилган ваъдалари-ю, дунё ҳамда охиратда гуноҳ ишлари учун азоблайман деб қўрқитишлари), аввал ўтганумматлар, пайғамбарларнинг тарихлари, ҳалол-ҳаром нарсалар, банда қилиши керак бўлган дуолар каби қисмларга бўладилар.

Қуръон калом илмининг шаклланиши ва ривожланишида биринчи манба бўлди. Абу Ҳанифа „ал-Фиқҳ ал-акбар“, Абу Мансур Мотуридий „Китоб ат-тавҳид“, Абу Ҳафс Насафий „Ақоид ан-Насафий“ асарида олға сурилган ислом таълимотига оид ўз фикрларига далил сифатида Қуръон оятларини келтирадилар. Қуръон фиқҳий ҳукмларни қабул қилишда асосий ва биринчи манба ҳисобланади. Ундан кейин эса суннат, ижмо, қиёс туради. Қуръонда келган ҳукм шариатда фарз сифатида қабул қилинади.

Араб тили грамматикаси ва адабиётининг ривожланишида Қуръоннинг ўрни беқиёс. Қуръон услуби (қофиялаштирилган шеърий проза — сажъда ёзилган) кейинги араб адабиётига, умуман шарқ адабиётига катта таъсир кўрсатди. Қуръон илмлари ривожланиши жараёнида аниқ грамматик қоидаларга нисбатан пайдо бўлган эҳтиёж бу соҳанинг тараққий этишига туртки бўлди. Қуръон фақат араб тилида эмас, балки ислом тарқалган мамлакатлар халқларининг тилларида яратилган асарларда ҳам ўз аксини топди. Хусусан, Жалолиддин Румий, Алишер Навоий, Заҳириддин Муҳаммад Бобур каби адабиёт намояндалари асарларида Қуръондан олинган иқтибос, ибора, ҳикоят, зарбулмасалларни учратиш мумкин. Қуръон мусулмон халқлар ҳаёти, тарихи, илми, адабиёти, турмуш тарзи, қонун-қоидалари, урф-одатлари ва дунё қарашларида ўзининг салмоқли таъсирига эга.

Уламолар Қуръонни тушуниш учун зарур бўлган фанлар мажмуаси — Қуръон илмларидан носих ва мансух (бекор қилувчи ва бекор қилинган оятлар) (қ. Насх), асбоб ан-анзул (оятларнинг нозил бўлиш сабаблари), тафсир каби соҳаларни санаб ўтганлар.

Тафсир пайғамбар давридаёқ юзага келган. Энг биринчи муфассир (тафсирчи) Муҳаммад (сав)нинг ўзи бўлиб, у одамларга Қуръон маъноларини баён қилиб берарди. Пайғамбардан кейин Абу Бакр, Умар ибн Хаттоб, Усмон ибн Аффон, Али ибн Абу Толиб муфассир бўлган. Шунингдек, Абдуллоҳ ибн Аббос (690 йил м.й.), Абдуллоҳ ибн Масъуд(654 йил м.й.), Убай ибн Каъб (7-аср), Анас ибн Молик (712 йил м.й.) каби саҳобалар ҳам илк муфассирлардан ҳисобланади. Тобеин муфассирлардан Мужоҳид ибн Жабр Маккий(723 йил м.й.), Икрима Абу Абдуллоҳ ал-Барбарий (723 йил м.й.), Саид ибн Жубайр (714 йил м.й.), Ато ибн Аби Рабоҳ (734 йил м.й.) кабиларни зикр этиш мумкин. Саҳоба ва тобеинлар даврида тафсир оғзаки ривоят ва нақл шаклида бўлиб, китоб тарзида ёзилмаган. Муҳаммад ибн Жарир Табарий (923 йил м.й.), Абу Мансур Мотуридий (944 йил м.й.),Абул Баракот Абдуллоҳ ибн Аҳмад ан-Насафий (1310 йил м.й.) каби йирик муфассир уламолар ўзларининг тафсир китобларини ёздилар.

Афсуски, исломда пайдо бўлган турли фирқалар Қуръонга ўз таълимотларига мос равишда тафсирлар ёза бошладилар, зеро тафсирчилик муфассирнинг дунёқараши билан боғлиқдир. Аммо исломнинг соф таълимотига зид бўлган тафсирлар вақт ўтиши билан йўқолиб, уларнинг номи ва муаллифлари ҳақидаги хабарлар манбаларда сақланиб қолган. Тарихда Қуръоннинг ислом жамиятидаги улкан мавқеидан турли фирқалар ўзларининг ғаразли мақсадларида фойдаланиш ҳолатлари кўплаб кузатилган. Уламолар эса уларнинг бундай нотўғри талқинларига қарши доимий равишда ўзларининг холис фикрлари билан курашиб келганлар. Қуръонни ғаразли талқинлардан холи тутиш бугунги кунда ҳам долзарб масалалардан бири бўлиб қолмоқда.

Қуръон 12-асрдан Европа халқлари тилларига, жумладан, лотин тилига таржима қилина бошланган. Франсуз шарқшуноси Андре дю Рие томонидан қилинган франсуз тилидаги таржимаси 1647 йил Парижда чоп этилди. Шу таржима асосида Пётр И буйруғига биноан Қуръон рус тилига ўгирилди ва 1716 йил Петербургда чоп этилди. Франсузча таржима кўп тиллардаги нашрларга асос бўлди.

Қуръон 18-аср бошларида Европа халқлари тилларидан, 19-аср ўрталаридан арабча асл матндан рус тилига таржима қилинган. Арабчадан Г.С.Саблуковнинг дастлабки русча таржимаси Қозонда 3 марта (1878, 1894, 1907) нашр қилинган. Қуръоннинг рус тилидаги адекватик-адабий таржимаси илмий изоҳлари билан академик И.Ю.Крачковский томонидан амалга оширилган ва унинг вафотидан кейин (1963) нашр қилинган.

Ҳозирги кунга қадар Қуръонга 1700 хил тафсир ёзилган. Жумладан, Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуфнинг бир неча жилддан иборат „Тафсири ҳилол“ номли асари (Тошкент, 1992—2005), Абдулазиз Мансурнинг „Қуръони карим маъноларининг таржима ва тафсири“ (Тошкент, 2004) ўзбек тилида чоп этилган. Қуръон 1000 дан ортиқ тилга таржима қилинган. Ўзбекистон мустақилликка эришгандан кейин Алоуддин Мансурнинг „Қуръони карим“нинг ўзбекча изоҳли таржимаси (Тошкент, 1991), Абдулазиз Мансурнинг „Қуръони карим маъноларининг таржимаси“ (Тошкент, 2001), Муталлиб Усмон ва бошқаларнинг „Қуръони карим. Таржима ва илмий-тарихий изоҳлар“ (1-китоб, Тошкент, 2004) китоблари чоп этилди. Шунингдек, кўзи ожизлар учун Қуръоннинг бўртма ҳарфлар (брайл ёзуви)да алоҳида 8 жилдли китоби нашр қилинди (2004).

Вам может понравиться

Добавить комментарий