Маймун одамга айланадими?

Маймун инсон нутқини эгаллаган ягона ҳайвон. Аммо дельфинларнинг ҳам луғат бойлиги анча катта экан. Яқинда аниқланишича, улар товуш ёрдамида биродарларини нафақат хавф-хатардан огоҳлантиради, балки емиш захирасини қаердан излаш кераклиги ҳақида хабардор ҳам қилишаркан. Бундан ташқари, дельфинлар туғилган болаларига исм ҳам қўяди. Итлар инсон нутқининг 100 тагача сўзини тушунади. Инсон тилини тушуниб, айтганларини бажарадиган бошқа жониворлар ҳам бор. Нима дердик, табиатда биз билан ёнма-ён яшаётган ҳайвонларда сир-синоат кўп. Биз улардан мақоламиз бошида тилга олинган маймунларнинг қизиқарли феъл-атворлари ҳақида “АиФ” (2016 й. 2-сон) ҳафтаномасида эълон қилинган ҳикояларни эътиборингизга ҳавола этамиз.

Коко икки мингта сўзни эшитишга қодир
Россиялик мутахассис, биология фанлари номзоди Илья Соловьевнинг айтишича, АҚШда Стэнфорд университети олимларининг тадқиқотлари чоғида Коко лақабли гориллани 2 мингта сўзни эшитиш, уларнинг 1 мингтасига имо-ишоралар билан моҳирона жавоб бериши аниқланди. Бу нормал инсон салоҳиятига мос келади. Яна маймунлар ҳисоблаш қобилиятига эга ва буни ўрганиш уларга ақл бовар қилмас ҳузур бағишлайди.
Маймунлар ҳазил-мутойибада ҳам инсондан қолишмайди. Маймунларни ўрганиш дастури раҳбари Франсин Паттерсоннинг ҳикоя қилишича, Коко нафақат муомала қила олади, балки ажойиб юмор ҳиссига ҳам эга. Мисол учун, у олимларга кўзларини муғомбирона қисиб “Мен қушман ва уча оламан” деб қўлларини қанот қилиб кўрсатган ва кейин лабларини буриб кулги билан ҳазиллашганини тушунтирган. Имо-ишорага ўргатилган Америка шимпанзеси Уошо ҳам ундан қолишмайди. У бу “билимини” кейинчалик ҳатто болаларига ҳам ўргатди.
Ҳозирда дунёда орангутанларни нафақат имо-ишора, балки лаблари ва тиллари билан айрим сўзларни аниқ тушуна рли қилиб айтиши фавқулодда машҳур. Мисол учун, улар “ойи”, “дада”, “чашка” деган сўзларни худди одамдек гапира олишади.
Кўзгу қаршисида
Маймунлар кўзгуда ўз аксини кўрадиган ягона мавжудот. Улар аксда ўзлари эканлиги, бошқа маймун эмаслигини англайди. Бундан ташқари, пардоз-андоз қилаётган хонимлар сингари у ёқ-буёққа бурилиб, ўзига оро берадилар, юзларини буриштириб, лабларини бурадилар, “сочларини” силайдилар. Маймунлар ҳатто расм чизганини, ҳайвонот боғларида имо-ишора билан одамларни мазах қилиб устидан кулишларини кўриш мумкин.
Оналик меҳри
Бир неча йил аввал Брукфилд ҳайвонот боғи (АҚШ)да 3 яшар гўдак баланддан гориллалар яшаётган қафасга йиқилиб тушди. Ташриф буюрганлар “воҳ” деб юбордилар. Негаки, бу баҳайбат жониворлар қўлига тушган ҳар қандай жонзотни бурдалаб ташлашга қодир. Лекин ундай бўлмади, она маймун дарҳол беҳуш гўдакни меҳр билан авайлаб кўтариб, қафас эшигига олиб борди ва етиб келган ҳайвонот боғи ходими қўлига топширди.
Қаварган қўлда калтак билан
Маймунлар калтак ушлашни ўрганган кам сонли ҳайвонлардан. Улар қўлларида узун таёқ билан ёнғоқ, банан ва бошқа баланд дарахтлардаги меваларни қоқиб олишади, тош билан қушларнинг тухуми қобиғини авайлаб синдиришади, данак ва ёнғоқларни усталик билан чақиб ейишади. Афсуски, Дарвин назарияси тарафдорлари истаганидек, маймунлар одамга айлана олмайди. Негаки, яшаш учун курашда одамзодга хос қобилият кўринишлари бўлса-да уларнинг онг даражаси инсон тафаккури даражасига етолмайди. Аммо нима бўлганда ҳам улар инсон сингари табиатнинг мўъжизаси.
 Т.ШОМУРОДОВ
тайёрлади.
манбаа: megadunyo.uz

Вам может понравиться

Добавить комментарий