Кофе дарахти

Кофе дарахтининг ватани — Ҳабашистон. Кофенинг кашф этилиши тўғрисида мана бундай ривоят бор.

Бир чўпон эчкилар подасини тоғ яйловига ҳайдаб кетаётган экан. Эчкилар йўл-йўлакай ўсимликларнинг барг ва новдаларини чимдиб бораверишибди. Шу пайтгача тинчгина ўтлаб келаётган эчкилар тўсатдан ўйноқлаб, дикир-дикир сакрай бошлайди, ўтлоқоқнинг у бошидан бу бошига югуришади. Бу аҳвол эртасига ҳам такрорланади. Икки-уч кун қаторасига такрорлангач, бу ҳодиса чўпоннинг эътиборини тортибди. Эчкилар унча катта бўлмаган тўқ яшил баргли, олчага ўхшаш қизил мевали дарахтнинг баргларини егандан кейин шундай сакраб, ўйноқлай бошлашини чўпон пайқаб қолибди. Кейин маълум бўлишича, бу кофе дарахти экан.

Кофе дарахти Ҳабашистоннинг Кафа вилоятида кўпроқ учрагани сабабли унинг мевасидан тайёрланган ичимлик кофе номи билан аталган. Кофе дарахтининг баландлиги 8—10 метр бўлиб, барглари тўқ яшил рангда, гули оппоқ ва хушбўй. Дарахт йил бўйи ҳосил беради, дони яшил-зайтун рангида. Дони қовурилганидан кейин жигарранг тусга киради.

Кофе дарахтини дастлаб араблар эка бошлаган. ХI асрда кофе Яманга, ХVI асрга келиб эса Арабистоннинг шимол томонига тарқалган. Ундан Туркияга, сўнгра Европага ўтган. ўрта асрларда кофе Яманнинг «Моха» порти номи билан бошқа мамлакатларга чиқарилган. Шу даврларда Европада кофени «мокко» деб атай бошлаганлар. Кофенинг аъло навлари ҳозир ҳам «мокко» номи билан юритилади.

Кофе вужудга келиши билан қаршиликка ҳам учради. 1511-йилда мусулмонларга кофе ичиш ман этилади. Мусулмон динидаги айрим халқлар кофедан ҳали ҳам ҳазар қилади.

«Кофе ақли расо кишилар ичадиган ичимлик эмас», — деб ташвиқот қилинишига қарамай, янги ичимлик тезда оммалашиб кетади. 1551-йили Истанбул шаҳрида дунёдаги биринчи қаҳвахона очилади, ўттиз йилдан кейин Қоҳирадаги қаҳвахоналар сони мингга яқинлашиб қолади. 1600-йилда кофе Италияда, яна эллик йилдан кейин Англия билан Францияда истеъмол қилина бошлайди, кейин бутун Европага тарқалади. Дастлабки кофе плантацияларини 1690-йилда голландлар Ява оролида ташкил этади. Кейинчалик бундай плантациялар Индонезиянинг бошқа оролларида ва ўша даврда Англия мустамлакалари болган Ҳиндистон билан Сейлонда вужудга келади.

ХVIII аср бошларида Жанубий Американинг шимолий соҳиллари — Гвианага бир неча туп кофе дарахти келтириб экилади. Бир қанча вақтдан кейин кофе Бразилияда ҳам экила бошлайди. Бразилиянинг илиқ иқлимли, серёғин, қизил тупроқли жануби шарқий қисми кофе дарахтлари ўстириш учун энг қулай жой бўлиб чиқади. Кўп ўтмай кофе етиштиришнинг асосий маркази Африкадан Америкага ўтади. Ҳозир дунёда етиштириладиган кофенинг 80 фоизи Америкага тўғри келади.

Кофе плантациялари Ер шарининг бутун тропик минтақаси бўйлаб тарқалган. Бутун дунёдаги кофенинг 50 фоизи Бразилияда етиштирилади. Колумбия ва Мексика мамлакатларида ҳам кофе кўп етиштирилади.

Марказий Америка ва Вест-Индия кофе етиштирадиган асосий раёнлардан ҳисобланади. Гватемала, Салвадор, Коста-Рика, Гаити ва бошқа мамлакатларда кофе асосий экинлардан биридир. Кофенинг ватани ҳисобланган Африка мамлакатлари дунёда етиштириладиган кофенинг энди 20% ини беради

Вам может понравиться

Добавить комментарий