«Кишлоқ давлат»

Канада деганда куз олдимизга ушбу мамлакатнинг рамзи саналган заранг дарахтининг қизил рангдаги барги келади. Бу баргни канадалик хоккейчиларнинг кийимида хам кўриш мумкин.

Бепоён ўрмон хамда текисликлар – прериялар жойлашган ушбу мамлакат худудининг катталиги бўйича дунёда иккинчи ўринда туради. Шимолий Америка материгининг шимолий қисмини эгаллаб ётган Ка­нада Атлантика, Тинч ва Шимолий Муз океанлари билан ўралган. Жанубда ва шимоли-ғарбда АКШ, шимоли-шаркда Дания (Грен­ландия ороли) ва шарқда Франция (Сан-Пьер ва Микелон) билан чегарадош. Канаданинг АКШ билан чегараси икки давлат ўртасидаги дунёдаги энг узун чегара хисобланади.

«Канада» номи «каната» сўзидан келиб чиққан бўлиб, Квебек атрофидаги Стадакон қишлоғида яшаган лаврентиялик ирокезларнинг тилида «қишлоқ» маъносини билдиради.

Канада худудига 1534 йилда саёхат қилган франциялик сайёх, Жак Картье мамлакатга биринчи бор келганида махаллий ҳиндулардан «сардорнинг уйи қаерда», деб сўраган. Унинг француз тилида берган саволига тушунмаган махаллий ҳиндулар хозирги Квебек яқинидаги ўша вақтлардаги энг йирик қишлоқлардан бўлган, сардорнинг қароргоҳи жойлашган Стадакон томон қўллари билан кўрсатиб «каната, каната», яъни «қишлоқ у ёқда», деб қичқиришган. Шундан сўнг Ж. Картье нафақат Стадаконни, балки бутун минтақани ва Сан-Лаврентий дарёси кирғоқларини ўз эсдаликларида «Канада» деб кўрсатган.

Квебек якинидаги Монтморенси шаршараси.

  1545 йилдан бошлаб Европада нашр этилган барча китоб ва хариталарда «Канада» номи барқарор ўрнини топган. Мамлакатга Ж.Картье ном берган бўлсада, унинг қирғоқларини европаликлардан биринчи бўлиб Британия байроғи остда игалиялик сайёх, Жон Кабот 1497 йилда урганиб чиққан.

Канаданинг умумий майдони 9,98 млн кв.км, аҳолиси 34,2 млн. киши. Бошқарув шаклига кура парламент тизимига эга бўлган конституцион монархия давлати. Буюк Британия қироличаси давлат бошлиғи, генерал-губернатор унинг вакили, ижроия ҳокимиятни эса бош вазир бошқаради. Мамлакат икки тилли (инглиз ва фран­цуз) ва кўп маданиятли ҳудудлардан саналади. Монреаль шаҳри француз тилида гаплашадиган аҳоли энг кўп яшайдиган дунёдаги иккинчи (Париждан кейин) йирик шаҳардир. Маъмурий тузилишига кўра федератив давлат бўлиб, 10 та провинция ва 3 та ҳудуддан иборат.

Мамлакат хуудудининг 75 фоизи шимол зонасига киради. 1925 йилдан буён Канада Арктикада ўз секторига эга. Дунёдаги энг шимолда жойлашган аҳоли пункти – Алерте Канададаги Элсмир оролининг шимолий чеккасида жойлашган (82,5° ш.к.да, шимолий қутбдан 834 км узокда).

Ванкувер шаҳри.

Канада ва Шимолий Американинг энг таркий нуқтаси Авалон яриморолидаги Спир бурни ҳисобланади. Мазкур бурун шунчалик шарқда жойлашганки, унга Канаданинг ғарбидаги Ванкувер шаҳридан кўра (5020 км) Франциянинг пойтахти Париж яқинроқ (4000 км).

Аҳоли зичлиги 1 кв.км.га 3,5 киши. Майдонининг катталигига қарамай, аҳолининг 75 фоизидан ортиғи АҚШ билан чегара атрофида, ундан 160 км.гача узоқликда бўлган ҳудудларда яшайди. Аҳолининг миллий таркиби ранг-баранг. Бу ерда аҳолисининг сони 100 мингдан кўп бўлган 45 дан ортик миллат вакиллари мавжуд. Аҳолининг умумий таркибида энг йирик гурух, канадаликлар бўлиб, улар 30,9 фоизни ташкил қилади. Инглизлар (20,1), французлар (15,1), шотландлар (14,5), ирландлар (13,3), немислар (9,7), италияликлар (4,4), хитойлар (4,1), ҳиндулар (3,8) ҳам энг кун сонли гурухлардир.

Морейн кўли.

Мамлакат ҳудудининг асосий қисмини текисликлар – прериялар на Канада платоси эгаллайди. Канаданинг шарқида Сан-Лаврентий дарёси худди шу ном билан аталадиган қўлтиққа қуйила туриб, дунёдаги энг йирик мансабни ҳосил қилади. Нунавутедаги Девон ороли – дунёдаги аҳоли яшамайдиган энг йирик орол саналади. Мазкур оролнинг юзаси Марсдаги ландшафтга ўхшаб кетиши боис, уни «Ердаги Марс» деб аташади.

Канада иқлими турли-туман. Қишда ҳарорат -15 -45°С атрофида тебранади. Канадада энг паст ҳарорат (-63°С) Юконда кузатилган. Йиллик қор қопламининг қалинлиги бир неча юз сантиметрга етади (масалан, Квебекда 337 см). Айрим ерларда ёзда ҳарорат +35+40°С гача кўтарилиши мумкин.

Канаданинг ўсимлик олами Онтарионинг жанубидаги кенг баргли ва аралаш ўрмонлардан аста-секин шимол томонга игна баргли ўрмонларга алмашиниб боради. Игна баргли ўрмонларнинг захираси бўйича Канада дунёда Россиядан кийин иккинчи ўринда туради. Ҳайвонот дунёси ҳам хилма-хил. Шимолда оқ айиқ, шимол буғуси, қутб қуёни, қутб тулкиси, жанубда ўрмон кийиги карибу, буғу, қор эчкиси ва бошқа ҳайвонлар мавжуд.

Канада иқтисодий ривожланиш даражаси бўйича дунёдаги катта саккизликка кириб, сайёрамиздаги энг кўп савдо қиладиган мамлакатлардан бири. Шуниси қизиқки, Канада ривожланган мамлакат бўлишига қарамай, энергетика маҳсулотларини экспорт қилади. Бу эса ривожланган давлатлар ўртасида фақат айримларгагина ҳос. Нефтнинг аниқланган захиралари бўйича Канада дунёда Саудия Арабистонидан кейин иккинчи ўринда туради. Мамлакат рух ва уран қазиб чиқариш бўйича дунёда олдинги ўринларда туради. Бу ерда олтин, никель, алюминий ва қўрғошиннинг бой конлари мавжуд.

Муз устида хоккей – Канададаги расмий спорт тури.

Канада ҳудуди тарихий-меъморий обидаларга бой бўлмаса ҳам, бу ерда жуда кўплаб машҳур замонавий иншоотлар қурилган. Жумладан, Торонтодаги 555 метрли Си-Эн минораси баландлиги бўйича дунёда иккинчи ўринда туриш билан бирга (1-ўринда Дубайдаги Халифа минораси – 828 м.), одам кўтарилиши мумкин бўлган энг баланд сунъий иншоотлардан биридир (томоша майдончаси 447 мстр баландда жойлашган).

Компас стрелкасининг шимолий учини ўзига тортиб турадиган Шимолий магнит қутби охирги 400 йил давомида Канада ҳудудида, қалин муз остида бўлган. Аммо Оттавадаги геомагнит лабораторияси ходимларининг фикрича, XVII асрдан буён Канада ҳудудида бўлган Шимолий магнит қутби ушбу мамлакатни тарк этиб, йилига ўртача 10 км тезлик билан Россия томон ҳаракат қилмоқда. Олимларнинг ҳисоб-китобларига кўра, агар магнит қутби шундай тезликда ҳаракат қилишда давом этса, тахминан 40 йиллардан кейин Россиянинг Таймир яримороли ҳудудига етиб келиши мумкин.

Вам может понравиться

Добавить комментарий