Дунёда нечта тил бор?

Дунё халқлари хилма-хил тилларда гаплашишади. Бироқ фан аниқликни яхши кўради. Шу туфайли вақти-вақти билан тилшунослар тиллар сонини ҳисобга оладилар ва ўз маълумотларини эълон қилишади. Рақамлар одатда бир бирига доимо мос тушавермайди. Чунки у ёки бу тилни ҳамма жойда ҳам бирдек тан олавермайдилар. Натижада ўша тилни рўйхатга киритмай қўйиш ҳоллари учраб туради.

Курраи заминимизда ҳаммаси бўлиб тахминан 5621 та тил ва шева бор бўлиб, ҳозиргача улардан 500 тасигина ўрганилган холос. Ҳар уч тилдан биттасининг ёзуви бўлмай, фақат оғзаки нутқ шаклига эгадир.

Жаҳондаги 1400 та тилнинг йўқолиб кетиш хавфи бор. Дунё тилларидан фақат 40 тасигина оғзаки ва ёзма жиҳатдан мукаммал шаклланиб бўлган деб ҳисобланади. Ўша 40 тилнинг орасида ўзбек тили ҳам бор.

Шунингдек, Ҳимолайда 160 хил тил бор. Африканинг Нигер дарёси ҳавзасида 280 та тил мавжуд бўлса, Янги Гвинеядаги Папуа давлати бу борада мутлоқ чемпион. У ерда жами 3 миллион аҳоли 1010 хилдаги тил ва шевада сўзлашади.

Хитойда инглиз тилида сўзлашувчилар сони Америка Қўшма Штатларидагидан кўпроқ.

Энди эътиборингизга юқоридаги маълумотлар билан қиёслаш учун қуйидаги рақамларни тақдим этамиз. Жаҳоннинг 2007 йил январ ойи статистика хабарларига кўра, дунёда ҳудуди бўйича энг катта саналган ўнта энг катта давлат қуйидагилар ҳисобланади:

1. Россия – 17.098.242 км.кв.
2. Канада – 9.970.610 км.кв.
3. АҚШ – 9.629.091 км.кв.
4. Хитой – 9.598.086 км.кв.
5. Бразилия – 8.514.877 км.кв.
6. Австралия – 7.741.220 км.кв.
7. Ҳиндистон – 3.166.414 км.кв.
8. Аргентина – 2.780.400 км.кв.
9. Қозоғистон – 2.724.900 км.кв.
10. Судан – 2.505.813 км.кв.

Аҳолиси жиҳатдан энг кўп ўнта буюк мамлакатлар эса қуйидагилардир:

1. Хитой – 1.314.200.000 – бутун ер аҳолисининг 20 %и.
2. Ҳиндистон 1.120.000.000 – 17.1 %.
3. АҚШ – 300.340.000 – 4.58 %.
4. Индонезия – 233.460.000 – 3.56 %.
5. Бразилия – 187.670.000 – 2.86 %.
6. Покистон – 158.800.000 – 2.42 %.
7. Бангладеш – 148.840.000 – 2.27 %.
8. Россия – 141.760.000 – 2.16 %.
9. Нигерия – 133.160.000 – 2.03 %.
10. Япония – 127.417.000 – 1.94 %.

Илмий тахминларга қараганда, 2057 йилга борганда Хитой Халқ Республикасининг аҳолиси дунё аҳлининг ярмини ташкил қилар эмиш.

Энг бой тиллар

Дунёдаги сўз жиҳатдан энг бадавлат тиллар булар араб ва инглиз тиллари бўлиб, инглизларнинг ҳисобида 2500000 (икки ярим миллион)дан ошиқ сўз бўлса (қаранг: Пахотин А.И. «112 ответов на ваши вопросы об английском языке». Москва. 2005.), араб тилида эса 3500000 (уч ярим миллион)дан ортиқ луғат бойлиги бор. Ўзбек тилида тахминан 1400000-1600000 атрофида сўз бор экан (бу рақам юқоридаги маълумотлар ва шахсий тажрибамга суянган ҳолда берилмоқда). Биз юқорида келтирган ҳозирги маълумотлар, албатта, кўпроқ ижтимоий соҳалар бўйича нисбатан олинган холос.

А.И.Пахотиннинг сўзларига қараганда, кимё фанига оид атамаларнинг ўзи 2000000 (икки миллион)дан зиёдроқ экан. Энди ўйлаб кўринг, биология ёки математикада ёхуд физикада қанча илмий атамалар бор экан-а!?

Тилшунослик фанидан маълумки, қайси тилда «синоним» – «маънодош» сўзлар кўп бўлса, ўша тил энг бой тил ҳисобланади. Шунингдек, қайси тилда «омоним» – «шаклдош» сўзлар кўп учраса, демак ўша тил энг камбағал тиллар сирасига мансуб дея юритилади. Масалан, шимолий қутбда яшайдиган ескимос қабиласига мансуб миллат тилида «қор» сўзининг йигирма хил синоними мавжуд бўлса, араб тилида «чўл» сўзининг юздан ортиқ варианти бор. Синоним сўзлар аслида араб тилида энг кўп учрайди.

Омоним сўзларга мисол сифатида ўзбек тилидаги биргина «тил» сўзини таҳлил қилиш орқали тилшуносликдаги бу муаммога анча-мунча аниқликлар киритиш мумкин. Чунончи, ўзбекчада «тил» сўзи бир пайтнинг ўзида икки хил маънони англатиб келади:

1.Ўрганиладиган тил фани.
2. Одамнинг ёки бошқа тирик мавжудотнинг тили.

Бу вазиятни бошқа тиллар тимсолида ҳам кўриб ўцак бўлади, зеро, рус тилида ҳам «тил» сўзи худди ўзбекчадаги каби омоним эканлиги маълум бўлади: – 1. Русский язык – Рус тили. 2. Язык человека – Одамнинг тили. «Тил» сўзи араб ва инглиз тилларида эса, аксинча, синоним ҳисобланади. Масалан, арабчада «луғатун» – «ўрганиладиган тил»ни ифодалаб келса , «лисаанун» – «тирик мавжудотнинг тили»ни англатади. Инглиз тилидаги «лангуаге» – «ўрганиладиган тил»ни билдирса, «тонгуэ» – тана аъзоси бўлмиш «тил» деб таржима қилинади.

 Энг камбағал тил

Гвинея (пойтахти –Бисау шаҳри, Африка.)да маҳаллий Таки тилида бор йўғи 340 та сўз бор, холос.

Бир кишилик тил

Айни кунда инглиз, рус, немис, араб ва испан тилларида сўзлашаётган инсонларнинг ҳисоб-китобини қилиш амри маҳол иш. Аммо баъзи бир тиллар борки, уларни ўша тилда суҳбатлашаётганлар ўзлари билан олиб кетиши мумкин. Хуллас, сиз ҳозир энг кам инсонлар мулоқатда бўладиган тиллар ҳақидаги билимга эга бўласиз дэган умиддамиз.

Янги Гвинеяда атиги 4 миллион аҳоли истиқомат қилса-да, улар 800 тилда суҳбатлашишади. Шунингдек, ана шу тилларнинг бирортасидаям 100 минг киши бир-бирлари билан мулоқатда бўлолмайдилар.

Дунёдаги энг кам одам гаплашадиган тил бу – бикя тилидир. Бу тил фақатгина Африка қитъасининг Камерун ва Нигерия давлатлари ўртасидаги қишлоқда яшайдиган 87 ёшли кампиршога тегишли.

Сусами тилида эса Мировия провинциясида истиқомат қиладиган икки оила аъзолари бир-бири билан ҳол-аҳвол сўрашади, холос.

Латвияда эса яна шундай тил борки, уни 200 киши тушунади. Бу – ливон тилидир.

Оун ғарбий септик тилида ҳозирча 384 киши мулоқотда бўлса, алфендио шарқий септик забони эса 633 инсонга тегишли экан.

Лилау ва сеймит тилларида замонамиз кишиларидан 450 киши суҳбатлашар экан.

Кандас тилида Янги Ирландияда қўним топган 480 киши ўзаро «ғиди-биди» қилишади.

Энг кам учрайдиган ҳинд тилларидан бири маратидир. Бу тил Махарашта штатига тегишли. Орисса штатида эса ория тили русум бўлган. Телугу тилида Андхра Прадеш штатидагилар ва тамил тилида Тамил Надудаги аҳоли ўзаро мулоқот қилади.

Гарчи Таиланда асосий тил тай лаҳжаси бўлса-да, аҳолининг кўп қисми шевада суҳбатлашади. Тилшунослар уларнинг ичида лао, каммуанг ва пактай тилларини мустақил, деб ҳисоблайдилар.

Марҳум тиллар

Жаҳонда кенг истеъмолдан чиқиб кетган ҳамда бутунлай йўқолиб кетган тиллар бениҳоя кўп. Уларни тилшунослар иккига бўлиб ўрганадилар яъни, ёзма нутққа эга бўлган «ўлик» тиллар ҳамда фақат оғзаки шакли бор «ўлик» тиллар.

Оғзаки нутққагина эга бўлиб, ҳозирда бутунлай йўқолиб кетган тилларнинг сон-саноғи деярли йўқ. Ҳам ёзма, ҳам оғзаки нутқ шаклига эга, бироқ ҳозир амалда мавжуд бўлмаган қадимий тиллар ҳам талайгина. Тилшунослик фанида бу каби тилларни «ўлик тиллар» деб атайдилар.

Ўлик тилларнинг энг буюгларидан иккитаси фан оламида жуда машҳур ҳисобланади. Улардан бири Ҳиндистондаги қадимий санскрит тили бўлса, иккинчиси замонавий тиббиёт ходимлари кенг истеъфода этадиган лотин тили ҳисобланади.

Ўлик тиллар рўйхатига қадимий хитой ва инглиз тилларини кирица ҳам ҳеч хато бўлмайди. Чунки замонамиз кишилари ана шу икки тилда битилган тарихий асарларда муҳрланиб қолган мумтоз сўзларни тушунишлари амри махолдир. Кўҳна хитой тилидаги манбаларни тушунмаслик ўз-ўзидан маълумки, улар ерамиздан аввалги узоқ ўтмишга бориб тақалади. Бироқ ХVI-асрнинг охирлари ХVII-асрнинг ўрталаридагина яшаб ўтган буюк инглиз ёзувчиси Уилям Шекспирнинг тилини бугунги кун инглизлари асл манбадан ўқиб мутлақо тушунмасликлари илмий исботланган воқеадир.

 Энг кўп тарқалган тил

Сиз дарҳол: – Бу хитой тили, деб ўйлашингиз табиий ҳол. Тўғри ер куррасидаги энг кўп аҳоли яшайдиган Хитой Халқ Республикасидек давлатда 1 ярим миллиарддан ортиқ одам хитой тилида гаплашган билан, лекин у бутун жаҳон бўйлаб кэнг ёйилмаган-да! Афсуски, бу бахтли тил испанча эканлигидан кўпчилик, ҳатто, аксарият тилшуносларнинг ўзлари ҳам бехабардирлар. Испан тилини бу қадар оммалашиб кетишига аввало машҳур сайёҳлар, дэнгиз қароқчилари ҳамда испаниялик мустамлакачилар сабаб бўлиб қолганлар. Шуниси қизиқарлики, Америка Қўшма Штатларининг 50 та штатидан 23 тасида давлат тили испан тили ҳисобланса, бор-йўғи 21 тасидагина инглиз тили амалдаги тил ва қолган штатларда эса француз тили ҳукмронлик мавқеини сақлаб турмоқда. Маълумки, АҚШда ҳар бир штат аҳолиси ўз маҳаллий қонунларига амал қилиб яшайди.

Мусажон Бобожонов

Вам может понравиться

Добавить комментарий