Дунёдаги энг митти давлат

Рим шаҳри қадим замонлардан буён бутун дунёга машҳур. Мазкур шаҳар дунёдаги шаҳарлар ичида ўз ҳудудида энг митти давлат жойлашгани билан алоҳида ажралиб туради.

Ҳақиқатан ҳам, Римнинг ўртасида дунёдаги энг митти давлат, бутун дунё католикларининг раҳнамоси бўлган Рим папасининг қароргоҳи ҳисобланган давлат — Ватикан жойлашган. Ватиканнинг умумий майдони 0,44 кв.км ёки 44 гектар, доимий аҳолиси 800 кишига яқин. Ушбу кўрсаткичларга кўра у дунёдаги энг кичик давлатдир.

Ватиканнинг номи ҳудудидаги тепалик – Монс Ватиканусдан (Mons Vaticanus) олинган бўлиб, у лотинчада «фол очадиган ер» деган маънони билдиради. Қадимда Ватикан ҳудудида ҳеч ким яшамаган, чунки бу ҳудуд муқаддас саналган. 326 йилда христианликнинг келиши билан Константин ибодатхонаси қурилган ва шу вақтдан буён бу ерда одамлар яшай бошлаган.

Ватиканнинг марказий майдони.

 Ҳозирги кўринишида Ватикан 1929 йил 11 февралда Италия ҳукумати билан имзоланган Лютеран битимига биноан юзага келган. Ватикан абсолют теократик монархия бўлиб, қонун чиқарувчи, ижроия ва суд ҳокимияти Рим папасининг қўлида.

Географик ўрнига кўра Ватикан Рим шаҳрининг шимоли-ғарбий қисмида жойлашган. Чегараларининг умумий узунлиги 3,2 километр, асосан, ноқонуний кесиб ўтишларнинг олдини олиш учун барпо этилган мудофаа девори орқали ўтади.

Ватикан нотижорат хусусиятга эга бўлган режали иқтисодиётга эга. Даромадининг асосий манбаи – бутун дунё католиклари томонидан қилинадиган ҳадялардир. Бундан ташқари, сайёҳликдан ҳам катта даромад олинади. Булар, асосан почта маркалари, совғалар, Ватикан тангаларини сотиш, музейларга кириш учун тўловлардан иборат. Сайёҳлик соҳасида меҳнат қиладиганларнинг кўпчилигини Италия фуқаролари ташкил этади.

Муқаддас Пётр ибодатхонаси.

Ватиканда яшайдиганларнинг аксариятини, Швейцария гвардиясидан ташқари, италияликлар ташкил этади. Ватиканнинг «кундузги» фуқаролари, яъни бу ерда ишлайдиган 3000 дан ортиқ хизматчилар ҳам италияликлар бўлиб, улар давлат ташқарисида – Римда яшайди.

Ватикан ҳудудида бутун дунёга таниқли меъморий дурдоналар – Муқаддас Пётр ибодатхонаси, Ватикан музейи, Сикстин капелласи ва машҳур Ватикан кутубхонаси жойлашган. Овал шаклга эга 240 метр кенгликдаги маҳобатли Муқаддас Пётр майдони атрофига тўрт қатордан иборат 240 та устун ва 140 та ҳайкал ўрнатилган. Майдоннинг марказидан милоддан аввалги I асрда Мисрдан Римга олиб келинган қилич шаклидаги тош ёдгорлик жой олган.

Ватикан ҳудудида битта вертолёт майдончаси бор. 852 метрли темир йўл Муқаддас Пётр ибодатхонаси олдидан бошланиб, Италиянинг асосий темир йўл тармоғига уланган.

 Сикстин капелласи.

 Ватикан БМТда кузатувчи мақомига эга, унинг ҳудудида чет мамлакатларнинг ваколатхоналари бор. Ўз навбатида, Ватикан хорижий мамлакатларда, ҳатто, Рим шаҳрида элчихонасини очиши мумкин. Жумладан, дунёдаги 174 та давлат ва 15 дан ортиқ халқаро ташкилотлар билан дипломатик алоқаларни амалга оширади. Мазкур давлатнинг Ўзбекистонда ҳам ваколатхонаси мавжуд бўлиб, у Тошкентдаги католик ибодатхонаси биносида жойлашган.

Дунёдаги бирорта давлат ҳудудини бир соатдан кам вақтда пиёда кесиб ўтиш мумкинми? Бу Европа жанубида, Ўрта денгиз бўйида жойлашган, майдони бўйича дунёда Ватикандан кейин иккинчи ўринда турадиган энг митти давлат – Монакодир. Қуруқликда фақат Франция билан чегарадош бўлган Монаконинг ҳудудини пиёда кесиб ўтиш учун 56 дақиқа вақт керак бўлар экан.

Вам может понравиться

Добавить комментарий