Дунёдаги энг кичик шаҳарлар ҳақида биласизми

 Лондон, Париж, Мадрид, Рим каби шаҳарларни деярли  ҳамма билади. Аммо ер юзида шундай шаҳарлар ҳам борки, улар ҳақида кўпчилик эшитмаган.

Чехиянинг Рабштейн шаҳри  
  Шаҳар деганда кўз олдимизга баланд қаватли бинолари бор, кўчалари автомобилларга тўла, минглаб-миллионлаб  одамлар истиқомат қиладиган аҳоли пунктлари кўз олдимизга келади. Аммо ер юзида аҳолиси 20 кишидан ошмайдиган шаҳарлар ҳам бор. Бу каби шаҳарларнинг сони жуда хам кўп. Лекин диққатга сазоворлари жуда ҳам саноқлидир. Бир неча ўн киши истиқомат қиладиган бу каби шаҳарларнинг тарихи жуда қадим замонларга бориб тақалади. Шу сабабли ҳам уларга шаҳар мақоми берилган. Энг кичик шаҳарларнинг аксарияти Европада жойлашган. АҚШда ҳам кичик шаҳарлар учраб туради, аммо улар бир-бирига ўхшаб кетгани боис, худди Европадаги қадимий кичик шаҳарлар каби сайёҳларни ўзига жалб қила олмайди. Жаҳоннинг энг кичик шаҳарлари орасида Чехиянинг Рабштейн шаҳри ҳам бор. Битта кўчадан иборат бу шаҳарда атиги 20 киши истиқомат қилади.
Рабштейн шаҳрига 1337 йилда асос солинган. Шундан бери ўзининг қадимий тарихи ва ёдгорликлари билан сайёҳларни ўзига жалб қилиб келади. Болгариядаги Мелник шаҳрида 390 киши яшайди. Бу шаҳар ҳақида илк маълумотлар XI асрда учрайди.
Болгариянинг Мелник шаҳри
Бельгиядаги 889 йилда барпо этилган Дюрбуи шаҳри ҳам кичик шаҳарлар рўйхатига киритилган. Бу шаҳар аҳолиси 500 кишидан иборат. Американинг Вайоминг штатидаги  Буфорд шаҳрида атиги бир киши истиқомат қилади. Дом Саммонс исмли бу киши шаҳар мэри вазифасини хам бажаради. Шаҳарда ташландиқ мактаб, дўкон, автотураргох ва ёқилғи қуйиш шахобчаси ҳам бор. 2012  йилда мэр шаҳарни сотишга қарор қилди. Буфорд шаҳрини 900 минг долларга Вьетнамлик икки нафар тадбиркор сотиб олди. Собиқ мэр оддий фуқоро сифатида ҳамон бу шаҳарда истиқомат қилади. Турли манбаларда Швейцариянинг Фюрштенау, Саудия Арабистонидаги Фердания, Бельгиядаги Дюрбюия жаҳондаги энг кичик ахоли пунктлари сифатида талқин қилинади. Аммо Хорватиядаги бир шаҳар жаҳоннинг энг кичик шаҳри сифатида тан олинади. Бу Хум шаҳридир.  Хум (хорватча. Hum, итальянча  Colmo, немисча Cholm) —Хорватиядаги қальа-шаҳар. Шаҳар 349 метр баландликда жойлашган бўлиб, Роч шаҳридан 5-7 километр, Бузет шаҳридан эса 14 километр жанубий шарқда. Афсоналарга кўра Хум шаҳрига девлар асос солган. Яъни девлар Мирна дарёси соҳилларида шаҳарлар барпо этганларидан сўнг, ортиб қолган тошлардан Хум қальасини қуришган экан.  Ҳужжатларда шаҳар номи 1102 йилда илк бор Холм сифатида тилга олинган. Таҳмиинларга қараганда, 1060 йилда граф Ульрих I Рим манзилгохлари харобалари устига қальа қурдиради. XI асрда Холм шаҳар мақомини олади. 1153-1248 йилларда Хум Мерания (Meran, Merano, Meranie, Meranien)   герцоглиги таркибида бўлади. 1412 йилда эса Хум Венециа республикаси таркибига киритилди. 1612 — 1618 йиллардаги уруш даврида шаҳар ёқиб юборилади ва кейинчалик қайта тикланади.  Иккинчи жаҳон уруши йилларида  Хум шаҳрида 450 нафар аҳоли истиқомат қилган. Уларнинг хаммаси кейинчалик шаҳарни тарк этади. Муҳожирликни афзал кўрганларнинг деярли ҳаммаси вафот этишгач Хум шахрига дафн этилишларини васият қилишган.  Хум XI асрда ҳозирги кўринишга эга бўлган. Ўша даврдан бери қальа ичкарисида ҳеч нарса қурилмаган. Шаҳар кўриниши хамон ўзгармаган. Шаҳар деворлари ичида атиги иккита кўча, аммо  20 та бино бор. Шахардаги ягона  дарвоза 1562 йилда қурилган. Бу дарвоза ХХ асрда усталар томонидан таъмирланди.  17 асрга қадар тарихий хужжатларда Хум «castrum», яъни қальа сифатида талқин этилади. Бугунги кунда шахар кўчалари рицарлар хақидаги қадимий тарих сахифаларини ёдга солади.  Шаҳарда ўша даврдан бери жупан (префект) сайлаш аньанаси сақланиб қолинган. Сайловлар ҳар йили  июл ойи ўрталарида бўлиб ўтади. Сайлов “тентакни сайлаш” деб юритилади. Чунки ҳеч ким шаҳар мэри бўлишни истамайди-да. Асрларга бориб тақаладиган бу одат 1977 йилда қайта тикланди. Эндиликда шаҳар хокимини сайлашда фақат эркаклар иштирок этадилар. Овоз беришдан сўнг эски префект янги префект номини эълон қилади. Тадбир ярим тунгача ўйин-кулгу билан давом этади. Янги префект жахоннинг энг кичик шаҳри дарвозасининг рамзий калитини қабул қилиб олади. Сайловлардан кейинги Халқ Фестивалига сайёҳларнинг қизиқиши йил сайин ортиб бормоқда.  Хум дунёнинг энг кичик шаҳри сифатида Гиннесснинг рекордлар китобига киритилган. Айни дамда шаҳарда 17 киши истиқомат қилади. Хум шаҳрига автомобил, экскурсия автобусида ёки пиёда етиб олиш мумкин. Хумдаги энг диққатга сазовор жой тош ёдгорликлари билан машҳур “Ҳарфлар майдони” ҳисобланади.  Бугун Хум ёдгорлик шаҳар сифатида машҳур. Кичик бўлишига қарамай шаҳарда одатдаги шаҳарларга хос барча жиҳатларни кўришингиз мумкин. Бу ерда марказий майдон, почта, иккита ибодатхона, қабристон, дўконлар, музей бор. Хумда иккита бино сайёхларга ижарага берилиши мумкин.  Хум жаҳондаги энг йирик мегаполислардан бири Пекин билан биродорлашган.
манбаа: http://sharh.uz

Вам может понравиться

Добавить комментарий