Дудуқнинг бой бўлиши ёки тасодифий миллионлар.

Ҳаётда шундай кутилмаган воқеалар ҳам бўладики, уларни тасо­диф деб атаймиз. Биргина тасодиф “жаноби олийлари”нинг шарофа­ти билан ҳаётимиз буткул ўзгариб кетиши мумкин.

Биз қуйида ҳикоя қилмоқчи бўлган қаҳрамонларимиз ҳам айнан тасодиф туфайли дунёга танилишган.

• Woolworth деб номланувчи улкан магазинлар ва супер­маркетлар тармоғи асосчиси тасодиф туфайли шу дара­жага эришганди. Йигирма бир ёшли, қишлоқдан келган уятчан ва дудуқ йигит бир дўконга сотувчи бўлиб ишга киради. У пайтларда магазинда турган молларнинг нар­хи кўрсатилмас, сотувчи харидорнинг кўринишига қараб истаган нархини айтарди. Харидор шундан сўнг ё сав­долашар ёки кетиб қоларди. Харидорни “ўраш”, молини мақтаб ўтказиш бечора Фрэнкнинг қўлидан келмасди. Бир куни дўкон эгаси унга кунлик савдо меъёрдагидан кам бўлса уни ишдан бўшатиб юборишини айтди.

 Фрэнк эрталаб дўконни очишдан олдин ҳар бир мол­нинг якуний нархини қоғозларга ёзиб ёпиштириб чиқди. Омборхонада сотилмай туриб қолган барча молларни эса бир уюм қилиб катта стол устига қўйди ва “Ҳаммаси беш центдан” деб ёзди. Столни эса дераза олдига шун­дай қўйдики, кўчадан ўтиб кетаётган ҳар бир йўловчи бу ёзувни кўриши мумкин эди. У қўрқувдан титраганча ха­ридорларни кута бошлади.

 Бир неча соат ичида сотувга қўйилган ҳамма нарса сотилиб кетди, кунлик савдо эса бир ҳафталик тушумга тенг бўлди. Харидорлар қўлларидаги молларнинг нархи­ни кўриб савдолашиб ҳам ўтирмасдан пул узатишарди.

 Фрэнк шу куниёқ дўкондан кетди, пул қарз олиб ўз дўконини очди. 1919 йилда Фрэнк Вулвортнинг дўконла­ри сони мингтага, пули эса 65 миллион долларга етди.

 • Машҳур ва энг харидор­гир китоб бўлган “Гин­несснинг рекордлар Ки­тоби” Guinness пиво ишлаб чиқариш ком­панияси хўжайини Хью Бивер томони­дан тасодифан дунё юзини кўрган. 1954 йилда овчилар учун уюштирилган зиёфат пайтида Хью Бивер бир овчи билан қайси қуш тезроқ учиши борасида баҳслашиб қолади. Шу пайтда Би­вернинг хаёлига ҳар куни бутун дунё бўйлаб “энг, энг”лар борасида минглаб мунозаралар, гаров боғлашлар бўлиши келади. У барча соҳаларда расман тасдиқланган рекордларни жамлайдиган китоб яратишга қарор қилади.

 Бир йиллик тадқиқот ва изланишлардан сўнг 1955 йилнинг 27 августида 198 саҳифадан иборат дастлабки китоб чоп этилади. Шу йили китоб Буюк Британияда энг кўп сотилган китобга айланади ва эгасига улкан даромад келтиради. Ўшандан буён “Гиннесснинг рекордлар Ки­тоби” ҳар йили чоп этиладиган ва энг кўп сотиладиган китоблардан бирига айланди.

 • Procter & Gamble компаниясининг етакчи химиги Виктор Мил­лзга бир куни қизининг болаларига қарашига тўғри келади. Набирала­рининг ҳўл тагликларини алмаштириб, уларни ювиб-қуритиш машаққат эканлиги­ни кўргач, у бир марталик кийиладиган таглик яратиш ус­тида бош қотиради. Бир нечта тажрибалардан сўнг P&G Pampers деб номланган янги маҳсулотини омма эътибо­рига ҳавола қилади.

 • Одатда, қанд еган бола­ларнинг қўли шира бў­либ қолади ва улар ўй­лаб ҳам ўтирмасдан қўлларини кийимла­рига артишади. 1958 йилда Энрике Бернат қандларни чўпга ўрнатишни ўйлаб топади ва Chupa Chups дунё юзини кўради. Қанднинг қоғози ва логотипини эса машҳур рассом Сальвадор Дали яратган.

 • 1911 йилда 28 ёшли Фрэнк Марс тўплаган пуллари­га хотини билан биргаликда ширинлик дўкони очади. Дўконда асосан турли қандлар сотиларди.

 Бир куни Марс ўғли билан кўча айланиб юрганида ўғли ундан шоко­лад сотиб олиб беришини сўрайди. У пайтлар­да шоко­лад кукун ҳолида сотиларди . Одамлар учун бу ноқулай эди, чунки иссиқда тезда эриб кетадиган шоколад қўл ва кийимни расво қиларди. Шу пайт Фрэнк “балки” дея ўйланиб қолади ва бу “бал­ки” шоколадни бўлак-бўлак қилиб фольга қоғозга ўраб сотишга айланади.

 Оқибатда бир неча кун ичида Milky Way деб номлан­ган шоколад батони янги корхонанинг энг харидоргир маҳсулотига айланади. Компания маҳсулотлари эса ранг- баранглашиб, бутун дунёдаги ширинликсеварларнинг се­вимли маҳсулоти сифатида эътироф этилмоқда.

 • Мактабда бор-йўғи олти йил ўқиган Гарлан Сандерс 40 ёшга етганида ўнлаб ҳунарларда омадини синаб кўришга улгурганди. У шиналар сотган, гўлаҳлик қилган, ҳарбий соҳада ишлаган, кондукторлик, фермерларга ёрдамчилик, ҳаммоллик ва яна кўплаб соҳаларда фаолият кўрсатган, аммо ҳеч омади юришмаганди. Оила қашшоқликда кун кечирар, лекин хотини эрининг ишлари юришиб кетиши­га ишонарди. 1930 йилда Сандерс автоус­тахона очади. Тез орада у устахона ёни­да мижозлар учун мўъжазгина ошхона ҳам қуриш ке­раклигини тушунади. Уйидан битта хонани у ошхона учун ажратади. Овқатни эса уйда ўзлари тайёрлашади. Тез орада унинг устахо­наси қовурилган жўжаси билан бутун штатга танилади. Мижозлар унинг устахонасига машина тузаттириш учун эмас, балки қовурилган жўжа егани келишарди. Етти йилдан сўнг у Sanders Court & Cafe рестора­нини очади. 1950 йилга келиб эса Сандерс тайёрлаган қовурилган жўжалар АҚШдаги юзлаб ресторанларда со­тила бошлайди.

 • Фил Найт Орегон уни­верситетида ўрта ма­софага югурувчи спортчи эди. У доим Амери­када ишлаб чиқарилган кроссовка­лардан нолир, Adidas кроссовка­ларини сотиб олиш учун эса ўтган асрнинг 60-йилларида анча-мунча одамнинг пули етмасди. Найт нархи арзон, аммо сифатли кроссов­ка чиқариш ниятида мураббийи билан бирга Blue Ribbon Sports компаниясини ташкил қилди. У арзон ва сифатли кроссовкаларни фақат Осиёда иш­лаб чиқариш мумкин деган фикрга келди. 1964 йилда у ва мураббийи Билл Бауэрман 500 доллардан пул ташлашди ва Япониянинг Оницука Тайгер компаниясига 300 жуфт кроссовкага буюртма беришди. Фил кроссовкаларни ма­шинасида юриб сотди. Билл Бауэрман бир куни хотинининг устидан кулиш учун вафли тайёрлайдиган ускуна ичига резина тасма­ни солиб қўяди. Буни қарангки, шундан кейин компа­ния спорт пойабзаллари учун чизиқли пошна тайёрлаш­ни йўлга қўйди. Сотув ривожлангач, кроссовка ишлаб чиқариш бошлаб юборилди. Жефф Жонсонга компания учун янги ном ўйлаб топиш айтилади. Унинг тушига грек маъбудаси Ника киради ва шу тарзда Nike номи пайдо бўлади.

 • 1919 йилнинг июнида Техас штатидаги Сиско шаҳрига 31 ёшли Кон­рад Хилтон ташриф буюради. У бир йил илгари банк очган ва инқирозга учраганди. Чўнта­гида 5000 доллар пули бўлган Конрад янги банк очиш ёки бирорта банкни сотиб олиш учун келганди. Аммо тез орада унинг режаси ўзгариб кетди. Хилтон кечки пайт маҳаллий Mobley меҳмонхонасига келди. Омадсиз банкирни бўш хона учун бир-бирлари билан жанжаллашаётган одамлар ҳайрон қолдирди. “Бунча мижоз ҳар қандай тижоратчининг орзуси-ку” деган фикрга келди Хилтон. Меҳмонхона эгасининг эса ғалвага тоқати йўқлиги ва меҳмонхонани сотмоқчи эканлиги маълум бўлгач, Хилтон банк очиш фикридан воз кечди ва зудлик билан меҳмонхонани сотиб олди. Орадан олти йил ўтгач, у Далласда ўз номи билан ата­лувчи Dallas Hilton меҳмонхонасини очди. Ҳозирда эса Hilton меҳмонхоналар тармоғи дунёнинг деярли барча мамлакатларида ҳашаматли меҳмонхоналар қуришга эришган.

манбаа: http://megadunyo.uz

 

Вам может понравиться

Добавить комментарий