Виктория регия

Виктория регия иссиқ ва сернам шароитда ўсадиган кўп йиллик ажойиб сув ўсимлигидир. Табиатда шундай ўсимлик борлигини 1801-йилда инглиз ботаниги аниқлаган.

Виктория региянинг асл ватани — Жанубий Америка. Бу ўсимлик Амазонка ва Оринока дарёлари ҳавзаларида ўсади. Унинг барги жуда катта, диаметри 2 метрга яқин. Сув юзида қалқиб турадиган баргининг шакли улкан баркашни эслатади. Баргнинг четлари 5—10 сантиметр кенгликда тепага қайрилган. Баргни йўғонлиги 5—10 сантиметр келадиган томир ушлаб туради. Виктория региянинг барги болаларни, 50 килограммлик юкни, ҳатто юзига бир текис қилиб сепилган 75 килограмм қумни ҳам кўтаради.

Бу ўсимлик август ойида гуллайди. Гулининг эни 40 сантиметрга етиши мумкин. Гули уч кун яшайди: ҳар куни кечқурун очилиб, тонгда юмилади. Ғунчаси сув остида бўлиб, очилишига яқин сув бетига чиқади. Ғунча оқ рангда бўлади. Биринчи куни пушти рангда очилади, иккинчи куни гул тўқ қизил рангда, учинчи куни эса оч қизил рангда очилади. Гул барглари тўкилгач, гул банди сув остига тушади ва меваси сув остида етилади. Ерли халқ бу ўсимликнинг мевасини ейди.

Виктория регия уруғдан кўпаяди. Унинг нормал ўсиб ривожланиши учун сувнинг ҳарорати +30° атрофида бўлиши керак. Бу ўсимлик ўз ватанидан бошқа жойларда оранжериялардагина ўстирилади. Москва, Санкт-Петербург ва Тошкентдаги ботаника боғларида бу ўсимлик бор.

Вам может понравиться

Добавить комментарий