Бола неча маҳал овқатланиши керак?

 — Иккинчи синфга борадиган болам бор, баъзан эрталаб нонушта қилмайди. Бола неча маҳал овқатланиши, нималарни истеъмол қилиши керак, тартиби қандай?
http://megadunyo.uz
http://megadunyo.uz

Овкатланаётган бола.jpg1

 

 

 

 

 

— Мактаб даври 7-17 ёшни қамраб олади, — дейди Тошкент тиббиёт академияси Болалар ва ўсмирлар овқатланиш гигиенаси кафедраси мудири, тиббиёт фанлари доктори Низом ЭРМАТОВ. — Бу пайтда тезкор ўсиш, мушак ва суяк­лар катталашиши, моддалар алмашинувининг кучайиши кузатилиб, эндокрин, юрак қон-томир, бош мия фаолияти жадаллашади. Айнан шу даврда бола организми тўлиқ етилиб, шакл­ланади. Бу мураккаб жараёнларни таъминлаш учун мактаб ёшидаги бола таркибида етарли даражада оқсил, углевод, минерал моддалар ва дармондорилар бўлган биологик маҳсулотлар истеъмол қилиши керак. Айниқса, ўсаётган организмга оқсилнинг етарли даражада тушиб туриши жуда муҳим. Оқсил етишмовчилиги оқибатида болада бош мия фаолияти бузилиши кузатилади. Улар тез чарчайди, иш қобилияти пасайиб, дарсларни ўзлаштириши сусаяди. Умуман, мактаб ёшидаги болалар таомномасида оқсилга бой — тухум, гўшт, балиқ, ёнғоқлар, маржумак (гречиха), сут ва сут маҳсулотлари (творог, йогурт) бўлиши зарур.

Пала-партиш овқатланиш зарари

Нотўғри, пала-партиш овқатланиш йўғон ичак фаолиятини бузади.

Йўғон ичакнинг ҳар бир нуқтаси организмдаги у ёки бу аъзо билан боғлиқлиги сабабли танада турли хасталиклар­ пайдо қилади. Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти маълумотига кўра, 10 хил касаллик (семириш, камқонлик, юрак қон-томир касалликлари, жигар ва буйрак касаллик­лари, қандли диабет каби) ва ўлимга олиб келадиган 6 сабаб бевосита нотўғри овқатланиш билан боғлиқ экан. Гигиена қоидаларига риоя қилмаслик, меъёрдан ортиқ истеъмол, вақтида овқатланмаслик, офтоб урган мева ва сабзавотларни ейиш, тамадди маҳали телевизор кўриш ва ҳоказоларнинг барчаси овқатланиш тартибининг бузилишига киради.

Мактабда 1 ва 2-сменада

Тўғри тузилган кун тартиби бир маромдаги кўтаринки кайфиятни, ўқишга, ижодий фаолиятга ҳамда боланинг нормал ривожланишига ёрдам беради. Бунда овқатланишни бир меъёр­га қўйиш муҳим аҳамиятга эга. Мактабга чиққан фарзандларимизда, албатта, кун тартибида ва овқатланишида ўзгаришлар бўлади. Масалан, мактабгача таълим муассасаларида соат 8:00 дан 9:00 гача нонушта қилса, мактаб даврида бошланғич синф ўқувчилари эрталаб соат 7:00 дан 7:30 гача овқатланиб бўлиши керак. Бу вақтдан кейин овқатланса, ўқувчининг кун тартиби издан чиқади, яъни овқатланиш тартиби бузилади.

Икки сменали ўқитиш тизимини ҳисобга оладиган бўлсак, тушгача бошланғич синф ўқувчилари учун 1-2 соат оралиғида иккинчи нонуштани ташкил этиш лозим. Бунда улар асосан гўштли сомсалар, мева ва сабзавот шарбатлари, ширинкулчалар истеъмол қилиши мумкин. Иккинчи сменада ўқийдиган ўқувчилар учун эса иккинчи тушлик тавсия этилади. Умуман, болаларнинг кунига 4 маҳал (нонушта, тушлик, иккинчи тушлик, кечки овқат) овқатланиши мақсадга мувофиқ.

Қандай таомлар?

Бола организми одатда эрталаб кўп энергия сарфлагани боис нонуштага қувватга бой таомлар истеъмол қилгани яхши.

Нонушта — бир кунлик энергия қийматининг 25 фоизи­ни ташкил этиши керак. Нонуштада иссиқ овқат, сут ва сут маҳсулотлари, творогли, тухумли, гўштли, дуккакли таомлар бўлиши лозим.

Тушлик — ҳажми жиҳатдан кўпроқ ва қувват қиймати ҳам ошиқроқ бўлиши ва бир кунлик энергиянинг 30-35 фоизи­ни ташкил этиши керак. У камида уч хил таомдан иборат бўлиши мақсадга мувофиқ: биринчиси — шўрва, иккинчиси — гарнири билан гўштли ёки балиқли овқат ва учинчиси — ширинлик. Шунингдек, дармондорига бой мева шарбатлари, компот ва кисель тавсия этилади.

Иккинчи тушлик (толма чой ҳам дейилади) — бир кунлик энергетик қийматнинг 15-20 фоизига тўғри келади. У суюқликлар, гўштли сомсалар, мевалар, ширинликлар, пишириқлар, ширинкулчалардан иборат. Иккинчи тушлик боланинг суюқликка бўлган эҳтиёжини қондириши керак, чунки тушликдан кейин болалар албатта чанқайди.

Кечки овқат — бир кунлик энергия қийматининг 20 фоизини ташкил этади ва камида икки хил таомдан иборат бўлса яхши: биринчи — творогли, сабзавотли, ёрмали ва бошқа кўринишдаги иссиқ овқат. Иккинчига — сут, кисель, қатиқ берилади. Кечқурунги овқатланиш иложи борича 18:00 дан кечга қолмаслиги керак.

манба: http://od-press.uz/

 

Вам может понравиться

Добавить комментарий