Бир суткада… 35 соат

Бир кеча-кундуз 24 соатга тенг экани ҳаммага маълум. Аммо сутка 24 соатдан ошиб кетиши ҳам мумкинми? Мана, ўзингиз ҳисоблаб кўринг.

28-апрел куни эрталаб маҳаллий вақт билан соат 11 да Тошкент аэропортидан учдингиз. Роппа-роса тўрт соатдан сўнг Москва аэропортига қўндингиз. Қарасангиз — соат ўн икки. Москвадан Лондонга учишга уч соатча сарфладингиз. У ерда ҳам соат ўн икки. Лондондан Атлантика океани устидан Ню-Ёркка учдингиз. Парвоз етти соат давом этди. Ню-Йоркка қўниб, соатга қарасангиз — ўн уч. Календар варағида бояги-бояги 28-апрел. Ахир, сиз Тошкент билан хайрлашганингизга ўн тўрт соат бўлди. ўша дақиқа она шаҳрингиза тун кириб, 29-апрел бошланган бўлиши керак. Сиз ҳам ширин уйқуда ётардингиз. Бу ерда эса ҳали ҳам 28-апрелда юрибсиз. Кеч киргунча, ўҳ-ҳў, саккиз соатча бор. Кўзингиз юмилиб кетяпти. Қисқаси, 28-апрел суткаси сиз учун 35 соатга тенг бўлди.

Сабабини пайқаб олгандирсиз — кимки ғарб томонга учса, гўё қуёш ёғдусини елкасида олиб юргандек бўлади. Бунинг сири Ернинг ғарбдан шарққа қараб айланиб туришида. Бундан чиқди кимки шарқ томон учса, вақтдан «ютқаза-ди». Шундай бўлди ҳам.

Бир куни эрталаб соат 11 да Тошкентдан Новосибирскка учдингиз. У ердан Хабаровск шаҳрига жўнадингиз. Орадан тўққиз соатча ўтди. Тошкентда энди кеч кирган, Хабаровскда эса янги кун бошланган, тун ярмидан оғиб қолган эди. Ҳисобладингизми, бу гал сутка 20 соатга етмади.

Мана буни ҳақиқий мўжиза деса бўлади: 8-май кечаси қўнғироқ чалиниб қолди, кўча эшикни очсангиз, почтачи, «Узр, безовта қилдим», — деди-да, қўлингизга телеграмма тутқазди. Раҳмат айтдингиз. Армияда танишган бир дўстингиз ғалаба куни билан табриклабди. Ажабланарли жойи шундаки, имзо остида «9-май» деб ёзилган. Эртаги кун юборилган телеграмма бугун келибди. Сабаби аниқ: телеграмма йўлланган Камчаткада 9-май бошланган, бизда эса ҳали 8-май тугамаган. Камчатка билан Тошкент вақти орасида олти соат тафовут бор, аммо телеграмма икки соатда етиб келган.

Албатта, сутканинг чўзилиши ёки қисқариши нотабиий, бир жойда муқим турган кишилар учун сутка қадимгидай 24 соатнинг ўзи.

Вам может понравиться

Добавить комментарий