Биринчи жаҳон урушининг Германия учун оқибатлари

Германия ва унинг иттифоқчилари Биринчи жаҳон урушида мағлубиятга учради. Герма­ния урушда 2 млн. дан ортиқ қурбон берди. Ярадор бўлганлар, асирлар ва бедарак йўқолганларни қўшганда, жами йўқотиш 7,5 млн. кишини ташкил этди. Айни пайтда ҳукмрон доиралар, монополия эгалари урушдан жуда катта фойда кўрдилар. (Масалан, биргина Крупп консернининг даромади 15 баравар ортди). Натижада йирик мулкдорлар мамлакат ҳаётида қудратли ижтимоий, иқтисодий, сиёсий кучга айландилар ва ҳукумат сиёсатига катта таъсир кўрсата бошладилар.

Уруш меҳнаткаш табақаларга катта салбий оқибатлар келтирди. Умумий меҳнат мажбурияти ишчилар учун амалда каторгага тэнг эди. Уруш қишлоқ хўжалигига ҳам катта талафотлар келтирди. 1918-йилнинг кузига келганда экин майдонлари амалда 2 баравар камайган эди. Очлик, эпидемиялар ва чўзилиб кетган уруш азоблари аҳолининг бошига жуда катта кулфатлар келтирди. Аҳолининг бундай қисмати мамлакатда инқилобий вазиятни вужудга келтирди. Айни пайтда Россия инқилоби ҳам ўз таъсирини ўтказмай қолмади.

Германия инқилоби 1918-йил 3-ноябр куни бошланди. Шу куни Кил шаҳрида жойлашган ҳарбий дэнгизчилар уруш давом этишига қарши қўзғолон кўтардилар. Кил ишчилари эса қўзғолонни қўллаб-қувватладилар ва умумий иш ташлаш эълон қилдилар. Шаҳарда ишчилар ва солдатлар Со-ветлари ташкил этилди. Инқилоб тўлқини 9-ноябрда Берлингача етиб келди ва у бутун Германияга ёйилди. Қўрқиб кетган император Вилгелм ИИ мамлакатдан қочиб кетди. Шу тариқа Германияда монархия қулади. Мамлакатда ҳокимият халқ вакиллари Совети қўлига ўтди.

10-ноябрда тузилган янги ҳукуматга Германия социал-демократик партиясининг йирик арбобларидан бири — Ф. Эберт раҳбарлик қилган. Бу ҳукумат Германияни Республика деб эълон қилди ва у 11-ноябр куни Антанта билан дастлабки яраш битими имзолади. Бу битимнинг имзоланиши янги ҳукуматнинг халқаро майдонда тан олиниши дэгани эди. Унга кўра, мамлакатда қамал ҳолати бекор қилинди, сўз, йиғилиш ўтказиш, уюшмаларга бирлашиш эркинлиги эълон қилинди. Шунингдек, сиёсий маҳбусларга амнистия эълон қилинди. Биринчи марта умумий, тэнг, тўғридан-тўғри, яширин овоз бериш йўли билан сайлов ўтказиш жорий этилди.

Айни пайтда ҳукумат демобилизация қилинган солдатларни, ишсизларни иш билан таъминлаш ва ижтимоий ҳимоя қилиш тадбирларни кўра бошлади. 15-ноябрда Касаба уюшмалари билан иш берувчилар ўртасида келишувга эришилди. Унга кўра, Касаба уюшмалари, уларнинг жамоавий шартнома тузиш ва корхоналарда ишчи назоратини олиб борувчи қўмиталар туза олиш ҳуқуқлари тан олинди. Бундан ташқари, ҳукумат энг йирик корхоналарни давлат ихтиёрига ўтказа олиш ҳуқуқига эга бўлди. Шунингдек, ҳукумат Конституцияни ишлаб чиқиш учун Таъсис йиғилиши чақиришга ваъда бер­ди. Буларнинг бари Германия меҳнаткашларининг катта ижтимоий ютуқлари эди.

Германия ижтимоий ҳаракатидаги бўлиниш

Германияда энг оммавий ва нуфузли партия Германия социал-демократик партияси (ГСДП) эди. Бироқ бу партияда ҳеч қачон ягона бирлик бўлмаган. Партия амалда ўнглар, марказчилар ва сўллар деб аталган 3 оқимга бўлинган эди.

Ўнг оқим (йирик намояндалари Ф. Эберт, Шейдеман, Бернштейн, Носкелар)нинг мақсади буржуа тартибларини сақлаб қолиш, ислоҳотлар ўтказиб, аҳолини ижтимоий ҳимоя қилиш ва мамлакатда парламент республикасини тўла қарор топтириш эди. Сўллар эса (йирик намояндалари К. Либкнехт ва Р. Люксембург) монархияга инқилобий йўл билан тўла барҳам бериш, Россиядагидек социалистик жамият қуриш учун курашдилар. Сўллар «спартакчилар» деган гуруҳга бирлашганлар. Кейинчалик шу гуруҳ асосида Германия коммунистик партияси тузилди.

Марказчилар (йирик намояндалари К. Кауцкий ва Гаазе) 1917-йилнинг баҳорида Германия мустақил социал-демократик партиясини туздилар ва партия вакиллари Эберт ҳукумати таркибига кирдилар.

«Спартакчилар» гуруҳи социалистик инқилобни амалга ошириш, совет ҳокимиятини ўрнатиш ва барча ишлаб чиқариш воситаларини умумлаштириш учун кураш бошладилар. Бироқ 1918-йилнинг декабр ойида ўтказилган Советларнинг 1 Умумгерман съезди «Бутун ҳокимият советларга!» шиорини рад этди. Айни пайтда у 1919-йилнинг 19-январида Таъсис мажлисига сайлов ўтказишга қарор қилди.

«Спартакчилар» 1918-йилнинг 30-декабрида Германия коммунистик партиясини туздилар. 5-январда Берлинда ишчиларнинг стихияли қуролли чиқиши рўй берди. Уларнинг мақсади Эберт ҳукуматини ағдариш эди. Бу чиқиш 12-январ куни ҳукумат томонидан бостирилди. 15-январда эса К. Либкнехт ва Р. Люксембурглар ўлдирилдилар. Шу тариқа ўнг социал-демократлар ўз ҳокимиятини очиқ шаклда террорчилик йўли билан янада мустаҳкам қарор топтирдилар. Коммунистлар курашни парламентдан ташқарида давом эттирдилар. 13-апрелда улар Германиянинг Бавария ўлкасида совет ҳокимиятини ўрнатдилар ва Бавария Совет Республикаси тузилганлигини эълон қилдилар. Бироқ бу республика атиги 3 ҳафта яшади. Лекин Совет Россияси ҳукумати андозаси асосида қатор тадбирларни (ишчи назоратини ташкил этиш, Қизил Армия ва БФҚ тузиш, ишлаб чиқариш воситаларини давлат мулки деб эълон қилиш ва бошқаларни) амалга оширди.

19-январ куни Таъсис мажлисига бўлиб ўтган сайловларда ўнглар ва марказчилар ғалаба қозондилар. Коммунистлар эса сайловда иштирок этмадилар.

Веймар Республикаси

Таъсис мажлиси осойишта Веймар шаҳрида ўз ишини бошлади. Шунинг учун ҳам Таъсис Мажлисида қабул қилинган Конституция ва унинг асосида тузилган Республика Германия тарихига Веймар Конституцияси ва Веймар Республикаси номи билан кирди. Конституция Германияни кучли президентлик ҳокимиятига эга бўлган федератив республика деб эълон қилди. Айни пайтда ҳукуматнинг президент олдида эмас, парламент (рейхстаг) олдида жавобгар эканлиги белгилаб қўйилди. Фридрих Еберт Германиянинг биринчи президенти этиб сайланди. Конституцияда хусусий мулкнинг муқаддас ва дахлсиз еканлиги қайд этилди ҳамда 20 ёшдан бошлаб эркак ва аёллар учун ялпи сайлов ҳуқуқи берилди. Сўз, йиғилиш, матбуот еркинлиги эълон қилинди ва референдум ўтказиш мумкинлиги белгилаб қўйилди.

Ҳукумат рейхстагда кўп ўрин олган партия ёки партиялар иттифоқи томонидан тузиладиган бўлди. Бош вазир (канслер) Президент томонидан тайинлансада, у рейхстагга ҳисоб берарди. Икки палатадан иборат қонун чиқарувчи ҳокимият таъсис этилди. Қуйи палата (рейхстаг) бутун Германия бўйича ялпи овоз бериш йўли билан сайланар эди. Юқори палата (рейхсрат) эса белгиланган нормаларда ўлка ва вилоятлар вакилларидан иборат бўларди. Рейхсрат вето ҳуқуқига эга эди.

Давлат бошлиғи — Президентга жуда катта ваколатлар берилган эди. У бир вақтнинг ўзида Республика қуролли кучларининг олий бош қўмондони ҳисобланар эди. Президент рейхстагни тарқатиб юбориш ва унга ялпи сайлов белгилаш ҳуқуқига ҳам эга бўлди. Шунингдек, Президентга лозим бўлганда фавқулодда декретлар чиқариш йўли билан мамлакатни бошқариш, мажбурлаш чораларини қўллаш ҳуқуқи ҳам берилди.

Бундан ташқари, Президент Конституциянинг у ёки бу моддаларининг амал қилишини тўхтатиб ҳам қўя оларди. Президентнинг ялпи овоз бериш йўли билан 7 йил муддатга сайланиши белгилаб қўйилди. Веймар Конституцияси демократик кучларнинг муҳим ютуғи эди.

Веймар Республикаси инқирозининг бошланиши

Германияда демократик республика тузумининг қарор топиши ва янги сиёсий тизимнинг барқарорлашуви жуда қийин кечди. 1919-йилдан 1923-йил охиригача мамлакатда кескин сиёсий вазият сақланиб турди. Бунинг сабаби, бир томондан, Версал шартномаси ва Веймар Конституциясига қарши кучларнинг бош кўтарганлиги эди. Бу кучлар Версал шартномаси ва Веймар Конституциясини тан олмадилар.

Айни пайтда бу кучлар мамлакатда монархияни қайта тиклаш орзусида эдилар. Бу кучлар 1920-йилнинг 13-март куни монархист В. Капп ва генерал Е. Людендорф бошчилигида давлат тўнтариши ўтказиш учун исён кўтардилар. В. Капп ўзини канслер (бош вазир) деб эълон қилди ва парламентни тарқатиб юборди. Қўрқиб кетган ҳукумат Берлиндан қочиб кетди.

Ана шундай шароитда Германияда 12 млн. ишчи ва хизматчи исёнга қарши норозилик белгиси сифатида иш ташлади. Бу ҳодиса исёнчиларни чекинишга мажбур этди. 1922-йилда В. Куно бошчилигидаги ҳукумат мамлакатда миллатчилик ғояларини авж олдирди. Шунингдек, Антанта давлатларига товпн тўламасликни зўр бериб тарғиб эта бошлади. Бунга жавобан Франсия ва Белгия армияси Рур вилоятини ишғол этди. Бу воқеа мамлакатда унингсиз ҳам оғир аҳволни янада оғирлаштириб юборди. Натижада В. Куно ҳукумати истеъфо беришга мажбур бўлди.

1923-йилда Германия коммунистик партияси Е. Телман бошчилигида Гамбургда қўзғолон кўтарди. Бу қўзғолонни Коминтерн моддий жиҳатдан қўллаб-қувватлаган эди. Сўлларнинг бу авантюраси тезда бостирилди.

Шу йилнинг 8-декабр куни Мюнхен шаҳрида бир гуруҳ фашистлар фашистик диктатура ўрнатиш талаби билан митингга тўпландилар. А. Гитлер бошчилигидаги бу исён ҳам бостирилди.

1924-йилга келгандагина Германияда вазият барқарорлаша бошлади. Бу барқарорликнинг иқтисодий асоси «Дауес режаси» деб ном олган режа эди.

«Дауес режаси»

АҚШ Германиянинг бутунлай заифлаштириб қўйилишини асло истамас эди. Чунки Германиянинг бутунлай заифлашуви АҚШнинг доимий рақиблари Буюк Британия ва Франсияни янада кучайтирган бўларди. Бундан ташқари, АҚШга янги рақиби — Совет давлатини жиловлашда қудратли Германия зарур эди.

Шунинг учун АҚШ Германияга иқтисодий ва молиявий ёрдам кўрсатишга қарор қилди. Бу ёрдам режаси тарихга «Дауес режаси» номи билан кирган. Оқибатда эса, бу режа Германия иқтисодиётининг гуркираб ривожланишига, унинг ҳарбий қудрати қайта тикланишига асос бўлиб хизмат қилди. Режани АҚШлик банкир, генерал Дауес бошчилигидаги махсус комиссия ишлаб чиққан эди. Мазкур режа 1924-йил 16-июлда Лондонда бўлиб ўтган халқаро конференсияда қабул қилинди.

Режада Германия саноатини, биринчидан, чет ел сармояси ёрдами-да, иккинчидан, Германия ва Россия ўртасидаги савдони янада ривожлантириш йўли билан тиклаш кўзда тутилди. Режада Германиянинг 1925-йилда Антанта давлатларига олтин ҳисобида 1 млрд. марка товон тўлаши кўзда тутилган. 1929-йилда эса бу кўрсаткич йилига 2,5 млрд. маркани ташкил этиши керак эди. Кейинчалик бу тўловлар миқдори камаяр ва Германия иқтисоди имконияти даражасига қараб тўланар эди.

«Дауес режаси»нинг қабул қилинишига Франсия рози бўлса, АҚШ Франсиянинг қарзларини кечиб юбориш мажбуриятини олган эди. Шунинг учун ҳам у «Дауес режаси»ни қабул қилди ва 1925-йилда Рур вилоятидан ўз қўшинларини олиб чиқиб кэтди.

Буюк Британия эса Франсиянинг Европа қитъасида етакчи давлат бўлиб қолишини хоҳламас эди. Кучли Германиянинг мавжуд бўлиши Франсияни Буюк Британия билан ҳисоблашишга мажбур етар эди. Қолаверса, кучли Германия Буюк Британия учун Совет давлатига қарши туриши ҳам зарур эди.  1924— 1929-йиллар оралиғида чет давлатларнинг Германияга берган қарзлари, киритган сармоялари 21 млрд. маркани ташкил этди. АҚШнинг ўзи 10 млрд. долларлик сармоя киритди. Бу қарз ўз самарасини кўрсатди. Германия иқтисодий тараққиётида катта муваффақиятларга эришди ва 1927— 1928-йилларга келиб бу давлат саноат ишлаб чиқариш ва ташқи савдо ҳажми бўйича урушдан олдинги даражага чиқиб олди. 1929-йил эса ундан ошиб ҳам кетди. Саноат тараққиётида у Буюк Британия ва Франсияни орқада қолдирди. 1929-йилда «Дауес режаси» «Юнг режаси» билан алмаштирилди.

Мамлакат сиёсий  ҳаётида реваншчи кучларнинг кучайиши Иқтисодиётнинг юксалиш йиллапда (1924—1929) саноатнинг деярли барча соҳаларида монополиялар янада кучайди. Янги сармоядорлар кўпайди.

1930-йилда уларнинг сони 2100 тага этди ҳамда иқтисодиёт ва сиёсатга тобора катта таъсир кўрсата бошладилар, шунингдек жамоатчилик фикрини белгилашда ҳал қилувчи мавқега эриша бордилар. Бу эса, ўз навбатида, мамлакатда миллатчи реваншчи куч­ларнинг таъсири кучайишига олиб келди. Бу кучларнинг йирик намоянда-ларидан бири собиқ кайзер, Германия қуролли кучларининг бош қўмондони фелдмаршал П. Гинденбург эди (1874—1934). У 1925-йилда мамлакат президенти лавозимига сайланди. Унинг президентлиги даврида Германия армияси қайта қуроллантирила бошланди. Ҳарбий-денгиз флоти ҳам тиклана бошланди. Саноатнинг ҳарбий мақсадларга мўлжалланган тармоқлари ривожига катта маблағ сарфланди.

Германия енди Версал шартномасини очиқдан-очиқ инкор этиш йўлига ўтди. Хусусан, армия сони 350 минг кишига етказилди. Мамлакат аҳолиси, асосан ёшлар онги ғоявий жиҳатдан янги урушга тайёрлана бошланди. Веймар Республикаси ҳукумати халқаро майдонда Ғарб давлатлари билан яқинлашиш сиёсатини юрита бошлади.

1925-йилда Германия Локарно шаҳрида Рейн пактини имзолашга эришди. Унга кўра, Германиянинг Франсия ва Белгия билан мавжуд чэгараси тан олинди. Айни пайтда Франсия ва Германия бир-бирига ҳеч қачон ҳужум қилмаслик мажбуриятини олдилар. Буюк Британия ва Италия эса бу пактнинг халқаро кафиллари деб белгиланади.

Бироқ Германиянинг шарқий қўшнилари билан мавжуд чэгаралар бузилмаслиги масаласи очиқ қолди. Бунинг нима оқибатларга олиб келганлиги аwалги мавзулардан маълум.

1926-йилда Германия Миллатлар Лигасига қабул қилинди ва унга Лига Кэнгашининг доимий аъзоси мақоми берилди. Бу амалда Германиянинг буюк давлат сифатида тан олиниши эди.

Фашизмнинг  ҳокимият тепасига келиши

1929-йилда юз берган жаҳон иқтисодий инқирози Германияни аянчли аҳволга солиб қўйди. Уч йил давомида ишлаб чиқариш тинимсиз пасайиб борди. Хусусан, ишлаб чиқариш 40 фоизга, реал иш ҳақи эса 50 фоизга камайди. Мамлакатда ишсизлар сони 9 млн. дан ошди. Уларнинг фақат 20 фоизигина ишсизлик нафақасини оларди. Хизматчиларнинг аҳволи ниҳоятда ёмонлашди. Майда ва ўрта тадбиркорлар, сотувчилар банкротга учрадилар. Қатор банкларнинг банкротга учраши молия-кредит тизимини ларзага солди.

Иқтисодиётнинг чет ел молиявий ёрдамига қарамлиги, айни пайтда инқироз даврида чет эл сармоясининг қайтариб олина бошланиши, ички бозорнинг торлиги, собиқ Антанта давлатларига товон тўлаш, моддий ресурслар манбайи бўлиш, мустамлакаларнинг йўқлиги каби омиллар бунинг сабаби эди.

Иқтисодиётнинг кескин беқарорлашуви сиёсий инқирозни ҳам муқаррар қилиб қўйди. 1928-йилда рейхстагга ўтказилган сайловда ҳеч бир сиёсий партия мутлақ кўпчилик овоз ола олмаган эди. Шунинг учун ГСДП (153 ўринга эга эди), Католик Марказ партияси (78 ўринга эга эди) ҳамда Немис миллий партияси (73 ўринга эга эди) вакилларидан иборат коалицион ҳукумат тузилган ва катта коалиция номи билан фаолият юрита бошлаган эди. Бироқ коалиция 1930-йилнинг мартида тарқалиб кэтди. Г. Мюллер ҳукумати истеъфо беришга мажбур бўлди.

Президент Гинденбург Католик маркази партияси арбоби Г. Брюнингни канслер етиб тайинлади. Бироқ ГСДП оппозицияга ўтгач, Г. Брюнинг ҳукумати фаол ҳаракат қила олмай қолди. Натижада мамлакат Президентнинг фавқулодда декретлари кучи билан бошқарила бошланди. Бу ҳои, ўз навбатида, рейхстагни обрўсизлантирди. 1932-йилда у фақат 5 тагина қонун қабул қилди, холос.

Янги ҳукумат йирик сармоядорлар манфаатига хизмат қилди. Инқироз йилларида аксияларни сотиб олиш йўли билан уларни амалда банкрот бўлишдан сақлаб қолди. Айни пайтда ҳукумат ишсизлик учун тўланадиган нафақани, ижтимоий суғурта тўловларини, давлат хизматчиларининг иш ҳақини камайтирди. Солиқлар миқдорини эса оширди. Инқироз тобора чуқурлашиб борди. Юз минглаб ишчи ўринлари қисқара борди. Нон ва хайрия ёрдамларига муҳтожлар сони тўхтовсиз ўса бошлади. Мамлакатда давом этаётган ҳам иқтисодий, ҳам сиёсий инқироз, ўз навбатида, фашизмнинг кучайишига ва унинг ҳокимият тепасига келишига замин тайёрлади. Мамлакатда сиёсий кучлар жойлашувида туб ўзгаришлар рўй берди.

Гарчанд сўл кучлар (ГКП ва ГСДП) сиёсий ҳаётда ўз таъсирларини сақлаб қолаётган бўлса-да, ўзини «Немис миллий-социалистик ишчи партияси деган ном билан атаган фашистлар партиясининг таъсири тобора кучая бошлади. Чунки инқироз аҳоли кўз ўнгида бошқарувнинг республика тартибини бутунлай обрўсизлантириб қўйди. Энди, аҳолининг аксарият қисми бошқарувнинг республика тартибига барча кулфатларнинг манбайи, деб қарай бошлади. Айни пайтда улар онгида кучли тартиб ўрнатишга қодир тоталитар режим томон хайрихоҳлик кучая борди. Уларнинг кўз ўнгида А. Гитлер бошчилигидаги фашистик партия шундай тартиб ўрнатишга қодир куч сифатида гавдалана бошлади. Фашистлар ўз тарғиботларида ижтимоий адолат, меҳнациз даромадни тугатиш, жамият ҳаётининг барча соҳаларида қаттиқ давлат тартибини ўрнатиш ҳақида зўр эҳтирослар билан сўзлай бошладилар. Улар ишчиларга ишсизликни тугатишни, ўрта ҳои қатламни соғлом ўрта табақага айлантиришни, судхўрлик фоизларидан озод этишни, ерсиз ёки кам ерли деҳқонларга эса Шарқдаги унумдор ерларни беришни ваъда қилдилар.

Фашистлар дастурига ҳатто айрим зиёлилар ҳам хайрихоҳлик билдира бошладилар. Фашистларнинг «Йўқолсин Версал шартномаси», «Йўқолсин чайқовчилар!», «Йўқолсин чирик ҳукумат» каби талаблари ҳам омма онгида фашистларга хайрихоҳлик туйғусини уйғотди. Фашистларнинг бундай еҳтиросли тарғиботлари чорасизликдан силласи қуриган ишсизларни ва Версал шартномасини немис миллати учун ҳақорат деб ҳисобловчи фуқароларни улар томон оғдирди.

Айни пайтда фашистлар ҳукмрон миллат, ирқий устунлик, антисемитизм, куч олдида сажда қилиш ғояларини омма онгига зўр бериб сингдира бошладилар. Уларнинг фикрича, дунёга ҳукмронликка фақат немис миллати лойиқ эди.

Бу омилларнинг бари фашистлар партияси ва унинг раҳбари А. Гитлернинг обрўсини ошириб борди. Ҳатто уни йирик сармоядорлар ҳам қўллаб-қувватлай бошлади.

Бунга, бир томондан, мамлакатда Германия Коммунистик партия-сининг ҳам таъсири ўсиб бораётганлиги сабаб бўлди. Чунончи, ГКП 1928-йилда рейхстагга ўтказилган сайловда 11 фоиз овоз олган бўлса, 1932-йилда 17 фоиз овоз олишга муваффақ бўлди. Бу ГКПни ёқлаб 6 млн. сайловчи овоз берди, дэгани эди. ГКПнинг сайловдаги муваффақиятлари ҳукмрон доираларни ташвишга солиб қўйди. Ҳукмрон доиралар сўл кучлар таъсирини йўққа чиқаришнинг бирдан-бир йўли фашизм диктатураси ўрнатилишидир, деб ҳисоблай бошладилар.

Иккинчидан, Веймар даврида вужудга келган Германия йирик сармоядорларига жаҳон бозори, беҳисоб хомашё манбалари зарур эди. Буларга янги-янги мустамлакаларни босиб олмай туриб, бу йўлда уларга ғов бўлиши мумкин бўлган Буюк Британия, Франсия, Совет давлати каби давлатларнинг қаршилигини синдирмай туриб эришиб бўлмас эди. Ҳукмрон доиралар, йирик сармоядорлар фикрича, Германиянинг дунёда ҳукмронлик мавқеини тиклашга фақат А. Гитлер қодир эди. Шунинг учун ҳам улар немис фашизмини қўллаб-қувватлай бошлаган ва унга молиявий ёрдам ҳам кўрсата бошлаган эдилар.

Гитлернинг йирик сармоядорлар билан биринчи учрашуви 1932-йил 27-январда бўлиб ўтди. Шу куни «Пўлат трести»нинг раҳбари Тиссен уни Германия саноатчиларига таништирди. Учрашув 4 соат давом этди. Гитлер нутқининг асосий мазмуни «Оқ ирқ (аслида немислар назарда тутилади) Ер шарида яшовчи бошқа халқларни ўзига бўйсундириши лозим», деган иборада мужассамланган эди. Учрашувда саноатчи сармоядорлардан бирининг: «Бунинг учун нима керак?» — дэган саволига А. Гитлер: «8 млн. кишилик армия», — деб жавоб берган.

Сармоядорлар Гитлер тимсолида ўз ниятларини амалга оширувчи шахсни кўрдилар. Шундан сўнг улар А. Гитлерни фюрер, яъни доҳий, деб атаб, Гитлернинг ҳокимият тепасига келиши учун жуда қаттиқ кураш бошладилар.

Айни пайтда АҚШ сармоядорлари ҳам А. Гитлерни маблағ билан таъминлаб, унга ҳомийлик қилдилар. Уларнинг назарида Гитлернинг ҳокимият тепасига келиши Европада урушни муқаррар қилиб қўяди. Айнан шу уруш — АҚШ сармоядорлари учун бўлғуси даромад манбайи ҳисобланарди. Хўш, Германияда фашизм ҳокимият тепасига келишининг олдини олиш мумкин эдими? Ҳа, мумкин эди. Бироқ олдини олиб бўлмади. Бунга Германиядаги антифашистик кучларнинг бирлаша олмаганлиги сабаб бўлди. Бу кучлар асосан ГСДП ва ГКП эди.

1932-йилда рейхстагга ўтказилган сайловда А. Гитлер партияси 33 фоиз овоз олган бўлса, ГСДП 20 фоиз ва ГКП 17 фоиз — иккаласи биргаликда 37 фоиз овоз олган.

Бу икки сўл партия иттифоқ туза олганда, фашистларнинг ҳокимият тепасига келишининг олди олинган бўларди. Афсуски, улар бирлаша олмадилар. Бунга, биринчидан, Коминтерн кўрсатмаси билан (социал-демократлар билан ҳам-корлик қилмаслик тўғрисидаги) улар ўртасида пайдо бўлган душманлик муносабати сабаб бўлди. Иккинчидан эса, улар фашизм хавфми етарлича баҳолай олмадилар.

1932-йил 6-ноябрдаги сайловдан сўнг йирик монополиялар, банкирлар ва генераллар узил-кесил фашистлар томонига ўтдилар. Улар сўл кучларнинг иттифоқи тузилиб қолишидан чўчиб, Гинденбургга махсус хат жўнатганлар. Хатда Гитлерни дарҳол рейхканслер (империя бош вазири) етиб тайинлаш та-лаб етилган эди.

1933-йилнинг 4-январида Гитлер Германиянинг йирик ва етакчи саноатчилари, сармоядорлари билан учрашув ўтказди. Учрашувда Гитлер канслер бўлиши керак, деган қарорга келинди. 1933-йилнинг 30-январида Гинденбург А. Гитлерни Германиянинг рейхканслери этиб тайинлади. Аслида эса, 1933-йилда Германияда давлат бошқарувининг бир (буржуа демократик) шаклининг бошқа бир шакли, яъни тоталитар диктатура билан алмашинуви юз берди.

Фашизм — бу, давлат бошқарувининг террорчи тоталитар шакли, ҳукмрон доираларнинг энг реаксион ва агрессив кучлари манфаатини ифодаловчи оқим. У дастлаб Европада (Италияда) вужудга келган. «Фашизм» атамаси «фашио» сўзидан олинган бўлиб, «тўда», «уюшма», дэган маъноларни англатади. 1919-йилда Италияда биринчи жаҳон урушининг собиқ аскарлари ўз манфаатларини, ҳақ-ҳуқуқини ҳимоя қилиш учун курашувчи ташкилот туздилар. Бу ташкилот «Фаши ди комбаттименто» («Кураш уюшмаси», «Қуролдошлар кураш уюшмаси») деб аталган. Ташкилот аъзолари «фашистлар», ҳаракат эса «фашизм» номини олган, у турли жойда турли ном билан, масалан, Германияда «нацистлар», деб аталган.

Фашизмнинг моҳиятини унинг қуйидаги белгилари яққол тасвирлаб беради. Унинг биринчи белгисини ўта миллатчилик ташкил этади. Фашистлар учун миллат манфаати бошқа ҳар қандай манфаатдан устун туради. Улар жамиятни синфларга бўлмайди. Хўш, нима учун миллатчилик Германия ва Италияда бошқа давлатлардагига нисбатан кучли бўлган эди?

Улар биринчи жаҳон уруши оқибатларини ўзлари учун қаттиқ ҳақорат, миллий туйғунинг мислсиз таҳқирланиши, деб қабул қилган эдилар. Немис миллати Версал шартномаси шартларига тоқат қила олмаётган эди.

Италян миллати эса ўзини «ғолиблар ичидаги мағлуб», деб ҳисобларди. Чунки Антанта тарафида урушда иштирок етган ғолиб Италия урушда кўзлаган мақсадларига ериша олмаган эди.

Германияда миллатчилик ирқчилик билан қўшилиб кетган эди. Нацистлар фикрича, бутун инсоният тарихи — бу, турли миллатлар ва ирқлар кураши тарихи эди. Бу курашда фақат кучлиларгина ғолиб чиқади. Мағлублар қисмати ё ўлим, ё ғолибларга бўйсунишдир. Қудратли ирқ — бу немис миллатига мансуб бўлган орий, нордик ирқдир. Уларнинг тарихий миссияси бутун дунёга ҳукмрон бўлишдир.

Фашизмнинг яна бир белгиси унинг ўта агрессивлигидир. Ўта миллатчилик ва ирқчилик шароитида шундай бўлиши табиий эди. Фашизмга хос бўлган яна бир белги давлат ҳокимияти олдида сиғиниш, унга сажда қилиш эди. Фашизм учун бу миллий руҳни мужассамлаштирадиган қудрат, барқарорлик ва тартибнинг кафолати эди.

Фашистлар — тоталитар тартиб, яъни жамият ҳаётининг барча соҳалари тўла давлат назоратига олинган тартиб тарафдори эдилар. Германия фашизмининг оммавий асосини Биринчи жаҳон урушида энг кўп жабр кўрган табақалар — ҳунармандлар, деҳқонлар, уруш фахрийлари, ишсизлар, ертанги ҳаёти қандай бўлишидан чўчиб қолган ишчилар ташкил этди. Йирик капитал эса фашизмни қўллаб-қувватлади.

Фашистларнинг ички сиёсати

Фашистлар ички сиёсатининг асосий йўналишини фашизмнинг моҳияти белгилаб берди. Бинобарин, фашизм ҳокимият тепасига келгач, А. Гитлер ҳукумати биринчи навбатда сиёсий демократияни йўқ қилишга киришди. Бу мақсадни рўёбга чиқариш учун ҳар қандай жирканч воситаларни ишга солди. Хусусан, сиёсий партиялар фаолиятига барҳам бериш учун 1933-йил 23-февралда Рейхстаг биносига ўт қўйишни уюштирди ва айбни коммунистларга ағдариб болгариялик Г. Димитровни суд қилди. Лекин уни оқлашга мажбур бўлди. Фашистлар очиқ террор йўлига ўтдилар.

Фашистлар партиясидан бошқа барча сиёсий партиялар фаолияти тақиқланди. А. Гитлер социал-демократларни Биринчи жаҳон урушида Германия тақдири ҳал бўлаётган кезларда ноябр инқилобини келтириб чиқарганликда, коммунистларни эса «қизил диктатурани» ўрнатмоқчи бўлганликда ва советларнинг жосуслари сифатида айблади.

Гитлер президент Гинденбургга «Халқ ва давлатни муҳофаза қилиш тўғрисида» ги декретни имзолатишга еришди. Бу декрет А. Гитлерга фавқулодда ваколатлар берди. Энди Рейхстаг бошлиғи Гитлер ўз декретлари билан мамлакатни бошқариш ҳуқуқига эга бўлди.

1934-йил 2-август куни президент Гинденбург вафот этди. А. Гитлер президентлик лавозимини ҳам эгаллади. Шу тариқа, бутун ҳокимият А. Гитлер қўлида тўпланди. Энди у Германиянинг Федератив Давлат мақомини бекор қилди, барча даражадаги маъмурий органлар раҳбарлари тайинланадиган бўлди. Давлат ҳокимиятининг бўлиниши тамойили ҳаракатдан тўхтатилди ва Рейхстагга сайлов бекор қилинди ҳамда қонун чиқарувчи ҳокимият функсияси ҳукуматга топширилди. Шу тариқа Веймар Республикаси амалда барҳам топди.

Тақиқланган касаба уюшмалари ўрнига нацистлар партиясига тўлиқ бўйсунувчи «Германия меҳнат фронти» тузилди. Барча матбуот нашрлари ёпилди ёки фашистлар назорати остига олинди.

Фашизмнинг келажагини тарбиялаш мақсадида «Гитлерюген» деб аталувчи ёшлар ташкилоти тузилди. Давлат аппаратида пухта тозалаш ўтказилди. Нацизмга озгина бўлсада мухолифликда шубҳа қилинганлар хизмат вазифаларидан бўшатилди. Уларнинг ўрнини нацистлар партияси аъзолари эгалладилар.

Қуролли кучларнинг барча зобитлари нацистлар партияси аъзоси бўлиши шарт қилиб қўйилди. 1933-йилнинг охиридаёқ мухолиф марраларда турувчи барча ташкилотлар амалда йўқ қилинди. Айни пайтда А. Гитлер ўз партияси ичидаги мухолифларни ҳам қатағон қилди.

Бу машъум режа 1934-йил 30-июн куни тунда амалга оширилди. Бу тун Германия тарихига «узун пичоқлар кечаси» номи билан кирган. Шу тариқа А. Гитлер Германиянинг ягона ҳукмдори, партия раҳбари, фюрер, яъни Германия халқининг чексиз ҳуқуққа эга бўлган доҳийсига айланди. Унинг ҳокимиятини мустаҳкамлаш асоси террор эди. А. Гитлернинг фикрича, террор — бу сиёсий рақибларини йўқ қилиш воситасигина емас, айни пайтда бутун немис халқини қўрқитиш омили, фуқароларда қаршилик кўрсатиш муқаррар ҳалокатга олиб боради, деган ақидани қарор топтириш воситаси ҳам бўлиши керак эди. Албатта, Гитлер ялпи террор ва қатағон сиёсатини бу сиёсатни амалга оширишга қодир бўлган қудратли террорчи ташкилотларсиз амалга ошира олмас эди.

Шунинг учун ҳам у бундай ташкилотларни вужудга келтира олди. Тез орада нацистлар ўзларининг бош жазо идораси — хавфсизлик отрядларини (қўриқлаш қўшини) — ССни туздилар. Унга А. Гитлернинг ишонган одами Г. Гиммлер раҳбарлик қилди. СС отрядларининг вазифаси — ўзгача фикрловчи одамларни таъқиб этиш, оммавий қирғин уюштириш, печларда ёқиб юбориш, газ камераларида заҳарлаб ўлдиришдан иборат эди. Шунингдек ўлим лагерлари (конслагер)га олиб келинган асирлар устидан турли тажрибалар (музлатиш, заҳарли ўт таъсири, турли тиббий синовлар) ўтказилишини ташкил этди.

ССнинг таркибий қисмини гестапо (махфий полиция) ва СД (разведка ва контрразведка) ташкил етган. Уларнинг асосий вазифаси мавжуд тузумга қарши пайдо бўлган бар қандай мухолифатни жойида йўқ қилишдан иборат эди. Айни пайтда улар зиммасига яҳудийларни оммавий қирғин қилиш вазифаси ҳам юклатилган.

Фашистлар ўзгача фикрловчилар, демократик ташкилотлар вакиллари ва ҳарбий асирларни оммавий қирғин қилиш мақсадида 15та ўлим лагерлари барпо этдилар, бу лагерларда 10 млн. га яқин киши йўқ қилинди.

Асир аёллар сочларидан кема мачталарига иплар тўқилган, одам боласи терисидан аёллар сумкачалари, қўлқоплар тайёрланган, ёғидан совун ишлаб чиқаришда фойдаланилган, ёқилган мурдаларнинг куллари ўғит сифатида екин майдонига сепилган.

Асирларнинг тилла тишлари суғуриб олиниб, фашистлар давлати манфаатлари йўлида ишлатилган. Давлатда озиқ-овқат танқислиги рўкач қилиниб, яратувчилик меҳнатига ноқобил бўлган барча кишилар, қариялар, телбалар, руҳий беморлар, тутқаноқ касали билан оғриган беморларни қириб юборишга буйруқ берилган. Германиянинг 275 минг аҳолиси ўлдирилган.

Нацистлар яҳудий аҳолини тўлиқ қириб ташлаш бўйича махсус дастур ишлаб чиққанлар. Бу — инсоният тарихида энг шафқатсиз ирқий таъқиб эди. Хусусан Европада 6 млн. дан ортиқ яҳудий қириб ташланган.

Фашистлар ўз ички сиёсатларида мактаб тарбиясига катта эътибор берганлар. Мактабга қадам қўйилган даврдан бошлабоқ «ирқий дунёқараш», «ирқий устунлик» ва герман қонунини соф сақлашга эътиқод тарбиялана бошлаган. Мактабларда фақат нацизмга хизмат қилувчи ўқитувчиларгина ишлаган. 1933-йилнинг май ойидан бошлаб 18—25 ёшлилар учун ички меҳнат мажбурияти жорий этилди. 1935-йил март ойидан бошлаб эса умумий ҳарбий мажбурият тўғрисидаги қонун кучга кирди.

Германия иқтисодиётини ҳарбий изга кўчириш учун зарур чора амалга оширилди. Шу мақсадда 1934-йил 20-январда «Миллий меҳнатни тартибга солиш тўғрисида» қонун қабул қилинди. Унга кўра, фуқаро учун меҳнатни эркин танлаш ҳуқуқи бекор қилинди. 1936-йилнинг ёзида иқтисодиётни ҳарбий йўналишга ўтказишнинг 4 йиллик режаси расман тасдиқланди. Шу 4 йил ичида дунёда энг қудратли замонавий армия ташкил этилиши лозим эди. Шу йиллар давомида ҳарбий харажат 10 баравар ошди. 1939-йилга келиб Буюк Британия ҳарбий харажати 5 млрд., Францияники 2,3 млрд. маркани ташкил этгани ҳолда Германия ҳарбий харажатлари 18 млрд. маркани ташкил этди. 1939-йилда Германияда дивизиялар сони 1914-йилги даражага етказилди ва улар энг замонавий қурол-яроғлар билан қуроллантирилди. Ҳарбий-денгиз флоти модернизация қилинди.

Шундай қилиб, Германия икки жаҳон уруши оралиғида вайроналикдан ғарб мамлакатлари ёрдамида тикланди, тараққий қилди. Лекин фашизм тинчликсевар кучлардан устун келиб, икки юзламачи сиёсат юритди. Дунёга ҳукмрон бўлишига интилди. Бу йўлда тажовузкор давлатлар билан тил бириктирди. Дунёни бўйсундиришга интилган Германия уруш олиб боришга тайёргаликни ниҳоясига етказди.

Вам может понравиться

Добавить комментарий