Биринчи жаҳон урушидан кейин Ҳиндистондаги аҳвол

Уруш йилларида Буюк Британия ҳукумати Ҳиндистонга урушдан кейин ўзини ўзи бошқариш ҳуқуқини беришни ваъда қилган эди. Аслида Буюк Британия империянинг энг бой қисми бўлган Ҳиндистондан ажралишни хоҳламас эди. Бу ҳол ҳинд халқининг миллий-озодлик курашини янада кучайтирди. Ҳиндистонда бу даврда 320 млн аҳоли бор эди. Уруш йилларида қора металлургия 30 фоиз ўсган бўлса, қишлоқ хўжалиги орқага кетди. 12 млн киши очдан ўлди.

1919-йилнинг 13-апрелида Панжоб штати пойтахти Амрицар шаҳрида инглиз қўшинлари аҳолининг норозилик йиғилишини ўққа тутди. Бунинг натижасида 1000 дан ортиқ киши ўлдирилди, 2000 дан ортиқ киши яраланди. Шу тариқа ҳамма жойда полиция билан тўқнашув бошланиб кетди.

Буюк Британия 1919-йили Ҳиндистонни бошқариш тўғрисида қарор қабул қилди. Бунга биноан 2 палатали бошқариш тизими ташкил қилинди. Депутатларнинг 50 фоизини вице-қирол тайинларди. 1,5 фоиз ҳинд сайлов ҳуқуқи олди. Бу қонун билан бирга «анархизм ва инқилобий чиқишларга қарши» Роулетта қонуни ҳам қабул қилинди ва полицияга чекланмаган ҳуқуқлар берди.

Ҳинд халқи миллий-озодлик курашига раҳбарлик қилувчи қудратли сиёсий ташкилот — Ҳиндистон Миллий Конгресси (ҲМК) партияси курашнинг куч ишлатиш усулига қарши чиқди. ҲМК га 1915-йилдан бошлаб ҳинд халқининг буюк фарзанди Махатма Ганди (1869—1948) бошчилик қилади. Унинг раҳбарлиги даврида ҲМК да курашнинг куч ишлатмаслик, фақат тинч, зўрликсиз шаклига таянадиган йўли ғалаба қозонди. Бу йўл тарихга курашнинг гандича йўли номи билан кирган. М. Гандининг тинч кураш йўли ҳинд халқи кэнг қатламини миллий-озодлик курашига жалб этиш имконини берди. Гандизм — диний-фалсафий тизим бўлиб, идеализм, индуизм, жайнизм ва христианлик элементларини ўзида бирлаштирган. Унинг асосида «ҳақиқат, ишонч, ҳеч кимга ёмонлик қилмаслик» ётади.

Хўш, курашнинг тинч, куч ишлатмаслик йўли — «сатяграхи» дейил-ганда нима назарда тутилган? Бу тушунча инглиз маъмурлари тадбирларини бойкот қилишни, ўз норозилигини тинч намойишлар йўли билан билдиришни, мустамлакачи маъмурият билан ҳамкорлик қилишдан бош тортишни, зўравонликсиз фуқаровий бўйсунмасликни англатади. Кураш­нинг бу йўли асрлар давомида сабр-тоқат руҳига сингиб кетган ва миллий-озодлик курашининг асосий ҳаракатлантирувчи кучи ҳисобланган деҳқонлар психологиясига, характерига мос йўл эди.

Ҳиндистон жамиятининг асосини деҳқонлар ташкил этган бир шароитда М. Ганди танлаган йўл бирдан-бир тўғри йўл эди. М. Гандининг зўравонликсиз ҳамкорлик қилмаслик, фуқаровий бўйсунмаслик ҳаракатининг биринчи босқичини 1919— 1922-йиллар ташкил этади.

Роулетта қонунига жавобан М. Ганди 1919-йилнинг 6-апрелида ҳинд халқини дўконларини ёпиб қўйишга ва ҳар қандай амалий фаолиятни тўхтатишга чақирди. Мустамлакачи маъмурият бунга куч ишлатиш билан жавоб берди. 1919-йилнинг кузида ҲМК съезди инглиз маъмурлари жорий этган қонун бўйича сайловни бойкот қилиш ҳақида қарор қабул қилди. Натижада сайлов амалда барбод бўлди. Бу даврда ҲМК сафларида 10 млн киши бор эди.

Бойкот, шунингдек, инглиз товарларини сотиб олмасликни, инглизлар жорий этган фахрий унвонлар ва мансаблардан воз кечишни, расмий қабулларга бормасликни, инглиз мактабларида ўқимасликни, инглиз судларини рад этишни, давлат солиқларини тўламасликни ҳам назарда тутар эди.

Шу билан бирга Панжобнинг турли жойларида қўзғолонлар ҳам бўлиб ўтди. Лоҳур шаҳрида қўзғолонга аскарлар ҳам қўшилди. Бу ерда «Армия калтаги» деган ташкилот шуҳрат қозонди. Гужаратдаги қўзғолон самолётлар ёрдамида бостирилди. Амрицарда инглиз маъмурлари ҳақоратли буйруқ чиқарди. Маҳаллий аҳоли инглиз миссионер аёли ўлдирилган кўчадан бошдан-охир қурбақага ўхшаб эмаклаб ўтишга мажбур қилинди. Ким бу тартибни бузса, отиб ташланди.

Бу даврнинг характерли хусусиятларидан бири Мусулмонлар лигаси билан Миллий конгресснинг яқинлашуви бўлди.

1919—1922-йиллардаги озодлик ҳаракатларига Калкутта жут корхоналари ишчилари, Бомбей тўқимачилари, Мадрас ишчилари, Жамшедпур темир йўлчилари қўшилдилар. Бу ҳаракатларнинг бир қисми оз бўлсада, ғалабага олиб келди. Бомбей тўқимачиларининг иш куни 12 соатдан 10 соатга туширилди. Металлургларнинг мукофот ҳақи 15—20 фоизга оширилди. 1920-йил охирида Умум Ҳиндистон касаба уюшмалари конгресси ташкил этилди.

1922-йил ноябрда Умум Ҳиндистон касаба уюшмалари конгрессининг 2-сезди бўлиб ўтди. Сезд Буюк Британия шаҳзодаси Уелснинг келишига 80 минг кишилик «қўзғолондан ҳам кучлироқ» намойиш уюштирди. Орадан кўп ўтмай Миллий конгресс куч ишлатмасдан қаршилик кўрсатишни тўхтатди. Бунга сабаб Чаури-Чаурадаги воқеалар эди. Чунки бу ерда полиция деҳқонларни оммавий ўққа тутди, деҳқонлар ҳам бир неча полициячини ўлдирдилар. Бомбей ва Гарахпурдаги ваҳшийликлар такрорланмаслиги учун Ганди ҳаракатни тўхтатишга кўрсатма берди.

Озодлик ҳаракатини вақтинча бостирган инглизлар 1923—1928-йилда ўзларининг заифлашаётган аҳволини бироз яхшилаб олдилар. Бу даврда Ҳиндистон иқтисодиёти униш йилларидагидан ҳам тез ўсди. Фабрикалар сони 1,5 баравар кўпайиб, 7515 тага етди. Буюк Британиянинг Ҳиндистондаги капитали 1 млрд фунт стерлингга етди. 1928-йилда у Ҳиндистондаги фақат ирригация иншоотларидан 74 млн рупий фойда олди.

Жаҳон иқтисодий инқирози Ҳиндистонга катта таъсир кўрсатди. Буюк Британия инқироз оғирлигини метрополияга юкламоқчи бўлди. Қишлоқ хўжалик маҳсулотлари баҳоси пасайди. Экин майдонлари қисқарди. Майда капиталистлар, ҳунармандлар хонавайрон бўлди, очарчилик авж олди. Ишсизлар кўпайди. Иш ҳақи камайди.

Қишлоқ хўжалик маҳсулотлари билан саноат маҳсулотлари ўртасидаги «қайчи» монополистларга кўплаб фойда олишга имкон берди. Озодлик ҳаракати кучайди. Саймон комиссияси билан биргаликда М. Неру, Ж. Неру гуруҳлари Ҳиндистон Конституцияси лойиҳасини ишлаб чиқдилар. Унга тўла мустақиллик сўзлари киритилди. Инглизлар олдига бир қанча радикал талаблар қўйилди, лекин улар буни бажаришмади. Натижада мустақиллик учун кураш кучайиб, қонли тўқнашувлар авж ола бошлаган бир шароитда М. Ганди барча чиқишлар оқимини фуқаровий бўйсунмаслик ўзанига буришга ҳаракат қилди. Бунга мустамлакачи ҳукуматнинг 1865-йилда жорий етилган туз солиғини бекор қилиш ҳақидаги М. Ганди талабини инкор этиши сабаб бўлди.

Инглизлар тузга давлат монополияси жорий этган эди. Натижада туз нархи ҳиндларнинг уни сотиб олишга қурби этмас даражада ошиб кетди. Ҳиндлар тузсиз овқат ейишга маҳкум эдилар. Бу еса аҳолини жисмонан таназзулга учратиш билан баробар эди. Ганди ҳам дэнгиздан, одамлар билан туз ола бошлади. Инглизлар бу ҳаракатни тўхтатмоқчи бўлишди. Унга қарши 1930-йилда Ҳиндистонда бўйсунмаслик ҳаракатининг иккинчи босқичи бошланди. Бунга жавобан мустамлакачи маъмурият 60 мингдан ортиқ кишини (М. Ганди ва унинг яқин сафдошларини ҳам) қамоққа ташлади. ҲМК ни эса қонундан ташқари, деб эълон қилди. Лекин булар натижа бермагач, 1931-йилнинг 5-мартида инглиз мустамлакачи маъмурияти ҲМК билан битим имзолашга мажбур бўлди. Унга кўра, инглиз маъмурлари репрессияни тўхтатиш ва сиёсий маҳбусларни озод этиш мажбуриятини олди. ҲМК еса фуқаровий бўйсунмаслик ҳаракатини тўхтатадиган бўлди.

М. Ганди расмий Лондон билан «думалоқ стол» атрофида музокара бошлашга розилик берди. Лондонда ҳинд муаммосига бағишлаб ўтказилган конференсияга ҲМК «Ҳиндистон фуқароларининг асосий ҳуқуқ ва бурчлари ҳақида» деб номланган ҳужжатни тақдим этди. Амалда бу ҳужжат бўлажак мустақил Ҳиндистон Республикаси Конституциясининг асоси эди.

Ҳужжатда Ҳиндистонда демократик эркинликларни жорий этиш; касталар ва динларнинг тэнглигини тан олиш; диний омилни ҳисобга олган ҳолда Ҳиндистонни маъмурий қисмларга қайта бўлиш; иш ҳақининг энг кам миқдорини жорий этиш; ер учун тўланадиган ижара ҳақини чеклаш; солиқларни камайтириш ва шу каби бошқа талаблар илгари сурилган эди. Табиийки, инглиз мустамлакачилари бу талабларни қабул қилмадилар. Натижада конференсия иши барбод бўлди.

Инглизлар озодлик курашини бостиришда бир гуруҳ ватанпарварлар устидан 1933-йилда суд жараёнини ўтказди. Музаффар Аҳмад ўлим жазосига ҳукм қилинди, лекин халқнинг талаби билан озод этилди.

1934— 1939-йилларда Ҳиндистон иқтисодий жиҳатдан бироз юксалсада, Англиянинг олган фойдаси тез ўсиб борди. 1935-йилда Бошқарув агентлиги тўғрисида қарор қабул қилинди. Захира банк ҳинд капиталини назорат қиладиган бўлди. Иш ҳақи 25 фоизга камайди. Ҳиндлар буни «қуллик конституцияси» деб атадилар. Озодлик ҳаракати кучайди. Бироқ Буюк Британия Ҳиндистонда янги сайлов қонунини жорий этишга мажбур бўлди. 1937-йилда ўтказилган сайловда ҲМК жами 11 штатдан 8 тасида ғалаба қозонди ва уларда ўз ҳукуматини тузди. Бу ҳодиса мустақиллик йўлидаги йирик қадам эди. 1939-йил сентабр ойида иккинчи жаҳон уруши бошлангач, Ҳиндистон вице-қироли Ҳиндистонни урушувчи томон, деб эълон қилди.

Уруш йилларида ҳинд халқининг аҳволи янада ёмонлашди. Гуруч 5 баравар қимматлашди. Иш куни 12 соатга узайтирилди. 2 млн ҳинд армия ва флотда хизмат қилди. Ҳиндистон 0,5 млн инглиз-америка аскарларини боқди.

Вам может понравиться

Добавить комментарий