Банан

Банан иссиқ ўлкаларда ўсадиган баланд бўйли ўсимлик бўлиб, унинг меваси «дондлар меваси» деб юритилади.

Бу ўсимликнинг баландлиги 10 метр атрофида, тупроқ остидаги илдизпоя унинг асосий танаси ҳисобланади. Илдизпоядан йўғонлиги қаламдек келадиган жуда кўп узун ва қайишқоқ илдизлар атрофга таралиб кетади. Бу илдизлар жуда яшовчан. Унинг бир бўлагини, ҳатто бироз туриб қолган бўлса ҳам ексан-гиз, ундан банан ўсиб чиқади. Шунинг учун банан уруғдан эмас, балки илдизда кўпайтирилади. Маданийлаштирилган бананларнинг мутлақо уруғи бўлмайди.

Банан ўсимлиги танасида ўндан ортиқ (ҳатто йигирматагача) узун барглар осилиб турганлигидан у кўринишидан хурмо дарахтига ўхшаб кетади. Баргларининг ажойиб хусусияти шуки, жазирама иссиқ кунлари улар осилиб тушади, баргнинг четки томонидаги тешикчалар кичрайиб, қуёш нурлари баргнинг ялтироқ парда билан қопланган устки томонигагина тушади, шу туфайли ўсимлик таркибидаги сувнинг буғланиши камаяди. Об-ҳаво нам ва нисбатан салқин пайтларда баргнинг чеккаси тепага қайрилади, баргнинг четки томонидаги тешикчалар кенгаяди ва намнинг буғланиши ортади. ўсимликнинг мўтадил ривожи шуни тақозо этади.

Бу ўсимликнинг ҳар тупи бир гултўда бўлиб гуллайди ва мева бир бош банан тугади. Бир бош бананда 200—300 дона мева — «банан ғужумлари» бўлиб, умумий оғирлиги 50—60 килограмм келади. Бир бош бананнинг узунлиги 2 метрга бориши мумкин. Ҳосил пишиб этилгач, поя секин-аста қурийди, аммо илдизпоядан яна жуда кўп новдалар шохлаб чиқади. Уларнинг ҳар биридан росмана бир туп банан ўсиб чиқиб, улар ҳам ҳосил бериши мумкин. Шунинг учун бир марта cкилган банандан бир неча ўн йил мобайнида ҳосил олиб турилади.

Тропик ўлкаларда ўсимликнинг вегетация даври йил бўйи давом этганлигидан илдизпояда турли «ёш»даги бачкиларни қолдириб, бананзорларда йил бўйи узлуксиз ҳосил йиғиштириб олса бўлади. Шу туфайли банан плантацияларидан катта даромад олинади.

Банан мевалари ўсимлик танасида туриб пишса, мазаси ўзгаради, хушбўй ҳиди йўқолади, пўсти ёрилиб, мағзи қушлар билан ҳашаротларга ем бўлиши мумкин. Шунинг учун батиан мевалари, одатда, пишиб етилмасидан, думбуллигида узиб олиниб, пишиб етилгунча сақланади. Шунда мева таркибидаги крахмал қандга айланади, мева ўзига хос маза, хушбўй ҳид касб этади.

Банан ўсимлиги экилиб, 14—15 ой ўтгандан кейин ҳосил беради.

Банан одамларга маълум бўлган маданий ўсимликлар ичида энг қадимгиларидан биридир. Бананнинг ватани — Осиё.

Осиёда банан жуда қадимдан етиштириб келинган. Кейинчалик бу ўсимлик бошқа жойларга ҳам тарқалган, Америкагача етиб борган. Банан иссиқ ўлкалардагина ўсади. Ҳаво ҳарорати муттасил +20°C дан юқори бўлган, минг миллиметрдан ҳам кўп ёғин ёғадиган иқлимий шароит банан учун жуда мосдир. Агар ҳарорат керагича иссиқ, тупроқ яхши бўлса, уни суғориб ўстириш ҳам мумкин.

Банан Осиё, Африка, Австралия, Марказий ва Жааубий Американинг иссиқ, нам соҳилларида, тропик оролларида маҳаллий халқ учун озиқа сифатида қадимдан етиштириб келинган. Бу нозик мева ХIХ асргача четга чиқарилмаган, шунинг учун мўтадил ўлкалардаги одамлар бу мевадан бехабар бўлганлар. ХIХ аср охири ва ХХ аср бошларидан банан бошқа ўлкаларга ҳам чиқарила бошланган. Четга чиқариш ва кўпроқ даромад олиш мақсадида у тобора кўплаб етиштирилади, кейинчалик Марказий ва Жанубий Американинг Кариб денгизи соҳилларида ҳам кўплаб экила бошлайди.

Вам может понравиться

Добавить комментарий