АҚШ да “ақлли туппончалар” сотувга чиқарилди

Американинг Armatix компанияси iP1 деб номланган “ақлли” пистолетларини сотувга чиқарди. Ишлаб чиқарувчининг маълум қилишича, бу тўппонча қурол ўғирлашлар ва уларни жамоат жойида ишлатишлар сонини камайтиришга хизмат қилади. ExtremeTech хабарига кўра, 22-калибрли мазкур қурол махсус соат билан бирга сотилади ва бу икки буюм орасида радиочастотали алоқа ўрнатилади. Қуролнинг нархи 1399 доллар, соат билан биргаликда эса 1798 долларни ташкил этади, дея хабар беради Slash Gear.
Тўппонча ва унга бириктирилган соат ораси 35 сантиметрдан узоқ бўлмасагина қурол жанговар ҳолатга ўтади. Соатдан қуролга юбориладиган идентификатор фойдаланувчининг ўзи томонидан белгиланади. Тўппонча махсус светодиодли индикатор билан жиҳозланган — соатга яқин бўлган пайти у яшил рангда ёниб туради, бу эса қуролнинг ўт очишга тайёрлигини билдиради. Armatix маълумотларига кўра, тўппончани ўғирлаб олган киши уни барибир ишлата олмайди.

“Ақлли” тўппонча ҳозирча фақат Калифорния штатида сотилмоқда. Айтиш керакки, АҚШда 1798 доллар – қурол учун жуда юқори нарх. У ерда жисмоний шахслар сотиб олиши мумкин бўлган тўппончалар нархи уларнинг турига қараб 150–200 доллардан бошланади. Масалан, Beretta JXF9F51 Px4 тўппончаси 569 доллар, Glock 17 еса – 599 доллар туради.
2014-йилнинг бошида инвестор Рон Конуей бегоналар қўлида ишламай қоладиган “ақлли” пистолет ишлаб чиқиш учун танлов эълон қилган, ғолиб бир миллион доллар мукофот олиши мумкин. Ирландия компанияси аллақачон танловда иштирок этиш истагини билдирган, у икки турдаги “ақлли” тўппонча ишлаб чиқаришни режалаштирмоқда. Булардан бирида қурол ўз эгасининг қўлидаги билагузукка симсиз алоқа орқали боғланган бўлади, иккинчиси эса дастасидаги бармоқ излари сканери ёрдамида ўз соҳибини “таниб олади”.

 

Вам может понравиться

Добавить комментарий