Аср сўнггига бориб денгизлар сатҳи 2 метргача кўтарилиши мумкин

Агар сув сатҳининг ўсиши шу тариқа давом этаверса, жорий асрнинг охирига бориб денгизлар юзаси 2 метргача кўтарилиши мумкин. Бу ҳақда  “Le Monde” газетасида америкалик олимларнинг  “Nature” журналида эълон қилинган тадқиқот натижаларига асосланиб ёзилган.

 Массачусеттс университети тадқиқотчиси Роберт де Конто ҳамда Пенсилвания университетидан Дэвид Поллард ўтказган тадқиқот натижаларига кўра, Антарктиканинг иқлим ўзгаришларига бўлган таъсирчанлиги ер юзида денгизлар сатҳининг ошишига катта ҳисса қўшади. Америкалик олимлар мазкур тадқиқот орқали Антарктика музликларининг эриши оқибатларини кўрсатишга ҳаракат қилишган. Палеоклиматолог ва Иқлим ўзгаришлари бўйича ҳукуматлараро экспертлар гуруҳи (GIEC) аъзоси Валерия Массон-Делмоттенинг фикрича, сувлар кўтарлишини башорат қилишда илгари Антарктикани ҳисобга олиш имконияти бўлмаган. Америкалик тадқиқотчилар бундай натижаларга эришиш учун узоқ тарихий даврда кузатилган икки муҳим “эриш даврлари”га асосланишган. Биринчиси, бундан 3 миллион йил, иккинчиси эса бундан 115 – 130 минг йиллар илгари содир бўлган. Бундай “иссиқлик эпизодлари”да денгизлар сатҳи ҳозирги кундагидан 10-30 ва 6-9 метргача юқори бўлган.  Геологик ва атмосферик маълумотларни умумлаштириб, тадқиқот муаллифлари жорий шароитларга мос келувчи янги бир моделни таклиф қилишган. Ҳаво ҳароратининг уч хил даража – 2 °C, 3 °C ва 4 °C га ошиши ҳолатлари учун улар Антарктика музликлари эриши таъсирини баҳолай олишган.  Уларнинг фикрича, “агар ҳавога кетувчи газ чиқиндилари шу тариқа кўпайишда давом этса, музликлар эриши денгизлар сатҳинининг 2100 йилга бориб 1 метрдан ортиққа, 2500 йилда эса 15 метргача кўтарилишига  ҳисса қўшиши мумкин”.  GIEC экспертлар гуруҳи эса сўнгги докладларидан бирида денгизлар сатҳи 2100 йилга бориб 40 см.дан (энг яхши ҳолатда) 1 метргача (газ чиқиндилар шу тариқа давом этган энг ёмон ҳолатда) кўтарилишини башорат қилган эди.
манбаа: http://sharh.uz

Вам может понравиться

Добавить комментарий