Аллергия билан ҳазиллашманг

Айримлар куз мавсуми келиши билан хавотирга тушади. Чунки хазонрезги даврида аллергик касалликлар яна «жонланади». Аллергия нега айнан кузда қайталанади, ундан қутулишнинг имкони борми?

— Аллергик хасталиклар  алоҳида гуруҳга кирувчи касалликлар ҳисобланиб, улар асосида ташқи аллергенларга нисбатан иммун реакцияларни келтириб чиқарадиган тўқима бузилишлари ётади, — дейди Республика аллергология маркази раҳбари, тиббиёт фанлари доктори, профессор Озодбек НАЗАРОВ. — Бу касаллик билан оғриган беморларда бурун оқиши, кўз ёшланиши, қичишиши, қуруқ йўтал, бурундан сув келиши, тери тошмалари кузатилади.

Биринчи сабаб

Аллергияни қўзғатувчи дастлабки сабабларидан бири бу ўсимлик гулчангидир. Гулчанглар туфайли ривожланадиган аллергик касалликларнинг барчаси поллинозлар гуруҳига киради. Поллиноз — бурун қичишиши, йўтал, кўз ёшланиши, қизариб, шиш ҳосил бўлиши кўринишида кечади. Бурун ва кўз шиллиқ қаватларининг яллиғланиши билан кечадиган шакли (риноконьюнктивал синдром) энг кўп учрайдиган туридир. Аллергик касалликларнинг 80 фоизи ўсимлик гулчанглари сабабли келиб чиқади. Мамлакатимиз иқлим шароитини ҳисобга олсак, аллергия қўзғаш даври анча чўзилади. Буни уч даврга бўлиш мумкин: биринчи давр — март ойи бошидан май ўрталарига тўғри келади. Бу даврда дарахт ва ўсимликлар гуллайди; иккинчи давр — дала ўтларининг гуллаши, яъни май ойидан августга қадар чўзилади; учинчи давр — август охиридан то ноябргача чўзилади. Бунда бошоқли ўсимликлар, шувоқ гуллайди.

Озиқ-овқат аллергияси

Бемор кўз қичишиши ва қовоқлари қизаришидан азият чекади, ёруғликка қарай олмайди, кўзидан ёш оқади. Оғир ҳолларда блефароспазм ҳолати кузатилиши мумкин. Чангли аллергик коньюнктивит поллиноз билан касалланган беморларнинг 95 фоизида қайд этилади. Шу билан бирга, ҳалқум, бурун шиллиқ қавати, қулоқ ичларида қичишиш пайдо бўлади. Бурундан тинмай сув оқиши, давомли аксириш, бурундан нафас олишнинг қийинлашуви ва ҳатто нафас ололмай қолиш ҳолатлари кузатилади. Поллинозда тананинг очиқ қисмларида қаварчиқлар, шиш, контакт дерматит типидаги тери зарарланишлари пайдо бўлади.

Аёллар ҳомиладорликда тез-тез шифокор кўригидан ўтиб туриши лозим. Ҳомиладорлик вақтида аллергия қўзғатувчи таомларни (аччиқ овқатлар, цитрус мевалар, газланган сув кабилар) истеъмол қилмаслик керак. Овқат маҳсулотларидан энг кўп аллергия қўзғатадиганлари — дуккакли (мош, нўхат, ловия) ва сут маҳсулотлари ҳамда гилос, олча, таркибида ацетилсалицил кислотаси бўлган (қулупнай, малина, смородина) маҳсулотлардир.

Наслга боғлиқми?

Касаллик ирсиятга ҳам боғлиқ. Агар ота-онанинг бирортасида ушбу касаллик кузатилса, болада ҳам унга мойиллик бўлади. Бир қатор тадқиқотларда аллергик касалликлар ер юзи аҳолисининг 30 фоизида кузатилиши аниқланган. Аллергик касалликлар ўсма хасталигига қараганда 30 марта, бод (ревматизм)га нисбатан 2000 марта кўп тарқалган.

Касаллик аломатлари сезилганда айримлар шифокорга мурожаат қилмасдан ўзи билганича даволашга ҳаракат қилади. Бу эса касалликнинг янада зўрайишига сабаб бўлади. Даволаш даврида беморни барча аллергик қўзғатувчилардан ҳимоя қилиш керак. Текширувлар натижасида қайси моддага аллергия борлигини аниқлаб, шунга кўра даволаш тавсия этилади. Сунъий матодан тикилган кийим кийиш, ўткир ҳидли атир-упалардан фойдаланиш мумкин эмас. Шунингдек, парҳез тутиш ҳам талаб этилади.

Агар ушбу касалликка эътиборсизлик билан қаралса, чуқурлашиб кетиши мумкин. Оддий мисол, бурундан бошланган ренитни даволамаслик оқибатида ларингит, бронхитга ва кейин бронхиал астмага айланиши мумкин. Ёки тери аллергияси — дерматитни олайлик. Эътиборсизликдан эритродермия касаллиги пайдо бўлади. Шунинг учун аллергияга хос бўлган белгиларни сезганда, дарҳол мутахассисга мурожаат қилган маъқул. Шифокор кўрсатмаларига риоя қилиш, буюрилган муолажаларни ўз вақтида қабул қилиш касалликни енгишга, ундан батамом қутулишга ёрдам беради.

манба:http://od-press.uz/

Вам может понравиться

Добавить комментарий