Александр Пушкин ва Александ Дюма битта шахсми?

Дунё турли ғаройиботу кутилмаган ҳодисаларга тўла. Шунданми, интернет нашрларида ҳар хил шов-шувли мақолалар чоп этилади, улар орасида ҳақиқатга яқинлари ҳам, ишониб бўлмайдиганлари ҳам бор.

Айниқса, яқинда пайдо бўлган мақола ҳақиқий шов-шувга сабаб бўлди. Бунга ишониш ёки ишонмаслик ўзингизга ҳавола, биз фақат ушбу мақола мазмуни билан сизларни таништириб ўтамиз.

Миш-мишнинг мазмуни эса шундай — рус шоири Александр Пушкин билан француз адиби Александр Дюма битта шахс. Мақолада шундай фактлар келтирилганки, беихтиёр ёқа ушлайсиз.

ПУШКИН ДУЭЛДА ЎЛМАГАН

Биринчи асос: Пушкин биз кўплаб адабиётларда ўқигандек дуэлда ўлмаган. У ўз ўлимини уюштириб, Парижга йўл олган. Пушкиннинг ўлимига сабабчи қилиб кўрсатилган машъум дуэл эса шунчаки уйдирма, холос. Ёки Пушкин дуэлда яраланиб, уйида маълум муддат даволанган. Сўнг ўзини ўлганга чиқарган ва изсиз ғойиб бўлган.
Хўш, Пушкиннинг тақдири қандай кечган? Мақолада келтирилган адабиётшуносларнинг фикрига кўра, Александр дуэлдан кейин Францияга бориб, бошқа одамга, яъни Дюмага айланган. Шу ўринда мақоладаги бир фактга эътиборингизни қаратмоқчимиз, айнан Пушкин ғойиб бўлган
даврдан бошлаб Францияда Дюма исмли ёзувчи порлаб чиққан.

ШУБҲАЛИ ДАФН МАРОСИМИ

Юқоридаги фикрлар эътирозга сабаб бўлиши мумкин. Чунки Пушкиннинг дафн маросими бўлиб ўтгани ҳақиқат. Аммо буни қарангки, Пушкинни сўнгги йўлга кузатиш ҳам жуда ғайритабиий ўтган экан. Яъни тарихчи Александр Никитенконинг маълумотларига кўра, одамлар шоир билан видолашиш учун қабристонга ўз вақтида келишган. Аммо негадир маросим ўтказилмаган. Пушкиннинг жасади кечқурун яширинча Конушевский қабристонига келтирилган. Сўнг талабалар иштирокида дуолар ўқилган ва марҳум уч кун қабристоннинг ўликхонасида сақланган. 3 февраль куни Псковга олиб борилиб, Псков губернаторига дафн маросимини ўтказиш топширилган. Айрим мутахассислар эса император Николай I шоирнинг «ўлим»и сабабларидан xабардор бўлган, деган фикрда.

ПУШКИН НЕГА ЎЛИМИНИ УЮШТИРГАН?

Хўш, ўлимини уюштириш Пушкинга нима учун керак бўлиб қолганди? Гап шундаки, шоирнинг сўнгги асарлари нуқул танқидга учрай бошлаганди. Пушкин молиявий жиҳатдан ҳам катта қарзга ботиб кетганди. 1830 йилдан сўнг эса у кучли босим остида яшаб, ижод қилди. Ҳатто 1833 йилда ёзиб тугалланган «Мис чавандоз» поэмаси чоп этилаётганда шахсан император томонидан тақиқлаб қўйилган.
1836 йилда Пушкин молиявий аҳволини яхшилаш учун «Замондош» номли адабий-альманах журнал нашрини йўлга қўймоқчи бўлади. Аммо бу унга акс таъсир қилди. Боши муаммолардан чиқмай қолди. Бунинг устига, хотини француз офицери Дантес билан учрашиб юрганини билиб қолади. Ўн дарди мингга айланган Пушкинга онаси — Надежда Осиповнанинг вафоти ҳақида хабар беришади. Орадан кўп ўтмай ўтказилган дуэлдан сўнг эса у «вафот этиб», бошқа одамга айланади. Афтидан, у янгидан ҳаёт бошламоқчи бўлган.

ХОҲ ИШОНИНГ, ХОҲ ИШОНМАНГ!

Иккинчи асос: адабиётшуносларнинг фикрига кўра, Александр Дюманинг ёшликда тушган бирорта ҳам сурати йўқ экан. Топилган суратларда эса катта ёшдаги, тўлишган Дюмани кўриш мумкин. Бу кўриниш эса Пушкинни эсга солади: иккаласи ҳам қорамағиз, қора кўз, иккаласининг ҳам бурун ва қошлари бир хил.
Сочлари ҳам қора ва жингалак. Бу ўхшашлик ҳам адабиётшунослар томонидан қуйидагича изоҳланди.
Наполеоннинг генералларидан бири бўлган Том Александр Дюма 1806 йилда вафот этади. Шундан кейин Дюма номи 1822 йилгача ҳеч қаерда янграмади. 1822 йилда эса 20 ёшли бир йигит ўзини афсонавий генерал Том Александр Дюманинг ўғлиман, деб жар сола бошлайди ва отасининг собиқ дўстларини ахтаришга тушади. Парижда ҳеч ким Томнинг қора танли ўғли бўлганига шубҳа қилмайди. Чунки генерал Александр Дюма Африка ўлкаларида олиб борилган урушлар пайтида унинг ғайриқонуний ўғли пайдо бўлади.
Энди Пушкинга қайтсак. Пушкин ҳам, аслида, қора танли бўлган. Император Пётр I нинг Африкадан келтирилган Иброҳим Ганнибал исмли тарбиячиси бўлиб, ана шу Ганнибал Пушкиннинг она томондан бобоси эди.
Учинчи асос: манбаларда Пушкин 1819 йилда «Яшил чирoқ» тўгарагида иштирок этгани учун Александр I томонидан 1820 йилнинг май ойида Екатеринославга сургун қилингани қайд этилган. Россия жанубида эса 4 йил яшаган, дейилади. Айнан ана шу фактга асосланиб, Пушкин, аслида, жанубда эмас, Парижда яшаган, Дюма тахаллуси билан шеърлар ёзган, деган тахминлар илгари сурилмоқда.
Тўртинчи асос: Александр Пушкин 1824 йилда Михайловское қишлоғига сургун қилинади. Қайд этиб кетиш керакки, 1833 йилда у «Евгений Онегин» шеърий романини чоп эттиради. Буни қарангки, Александр Дюма 1832 йилда бир муддат Францияни тарк этади.
Қолаверса, Пушкиннинг вафотига қадар Дюманинг кўзга ташланмагани, эсда қоларли асарлар ёзмагани, аммо айнан 1830 йилларнинг охиридан йирик асарлар ёза бошлагани ҳам бу фактларга диққат қилишни талаб этади.

ТУРЛИ ЎХШАШЛИКЛАР

Бешинчи асос: Пушкин ва Дюма нафақат зоҳиран, балки ботиний жиҳатдан ҳам ўхшаш бўлишган. Ҳар иккаласининг ҳам феъли оғир бўлган. Атрофдагилар иккаласининг ҳам ўзини тутиши ва тарбиясидан нолишган. Адабиётни қанчалик севишса, аниқ фанларни шунчалик ёқтиришмаган. Ҳар иккаласининг ҳам аёлларга суяги бўлмаган. Иккаласи ҳам ичкилик ва қиморга ишқибоз, дуэлни севувчи эди. Иккаласи ҳам декабристлар тарафдори бўлган ва уларга атаб асар ёзишган.
Таниқли француз ёзувчиси Андре Моруа эса ўзининг «Уч Дюма» китобида Дюмани шундай тасвирлайди:
«Дюма қиморга, ичкиликка ва аёлларга муккасидан кетган. Сиёсатга совуққонлик билан аралашади. Математика, геометрия, физика ва шу каби фанларни жини суймайди. Худди Пушкинга ўхшайди».

ДЮМАНИНГ «ПУШКИНЧА» ҚАҲРАМОНЛАРИ

Олтинчи асос: агар Дюманинг асарларидаги қаҳрамонларга эътибор берсак, уларда Пушкин руҳини туйиш у қадар қийин эмас. Мисол учун, «Уч мушкетёр»даги Д’Артанян образи Пушкинга жуда ўхшайди. Пушкин ҳам, Д’Артанян ҳам ҳунарманд зодагонлар оиласидан. Иккаласи ҳам чўрткесар. Иккаласи ҳам ўзига қилинган ҳурматсизликка қарши ҳар қандай майдонга чиқиб келишади, Д’Артанян дуэллар устаси (Пушкин рақибларини 15 марта дуэлга чақирган) ва ҳоказо…
Баъзи мутахассисларнинг фикрига кўра, асардаги «Миледи» образи Наталья Кончарованинг прототипидир. Миледи биринчи умр йўлдоши Атосга турмушга чиққанида 16 ёшда бўлган. Наталья ҳам Пушкин билан танишганида айни 16 ёшда эди. Иккаласи ҳам икки марта турмуш қуришган. Пушкин Натальяга атаб роман ёзишини айтган. «Уч мушкетёр» 1844 йилда ёзилган ва айни шу йили Наталья генерал-лейтенант Пётр Ленскийга турмушга чиқади.
Дюманинг яна бир асари — «Граф Монте Кристо» («Иф қалъасининг маҳбуси»)нинг бош қаҳрамони Эдмон Дантес ўзини ўлганга чиқариб, зиндондан қочади. Пушкин эса сургундан. Эдмон Дантес Монте Кристо номи билан қайтади. Пушкин эса Дюма сифатида қайтган бўлиши мумкин. Эҳтимол, шоир ўз тақдирига роман қаҳрамонлари орқали ишора бераётгандир…

РОССИЯГА БОРМАГАН АДИБНИНГ РОССИЯ ҲАҚИДАГИ АСАРИ

Еттинчи асос: яна бир қизиқарли факт — Александр Дюма 1840 йилда декабристлар қўзғолонига бағишланган асар ёзади. Асарда руслар ҳамда 1825 йилги воқеалар ҳақида батафсил маълумотлар берилади. Ваҳоланки, аксарият маълумотларда Дюманинг Россияга бормагани, умуман, Россия ҳақида тасаввурга эга бўлмагани айтилган. Хўш, унда Дюма қандай қилиб бундай асар ёзиши мумкин? Шунингдек, Дюма айнан Пушкиннинг шеърларини француз тилига таржима қилади.
Бу каби ҳодисалар тарихда кўплаб учраб туради. Хусусан, Николай подшо оиласининг Ватикандан чиқиб қолиши ҳам ана шундай жумбоқли ҳодисотлар сирасига киради.
Юқоридаги фактларни ўқиб, «Ҳа энди, ўхшашлик ҳаммада ҳам бўлади, дунё тасодифларга тўла», деб ўйлашингиз мумкин. Эҳтимол, Пушкин ва Дюма битта шахс дея хулоса чиқаришга асослар тўлиқ етарли эмасдир. Аммо ўхшашлик ва тасодифларнинг ҳаддан ташқари кўплиги кишини ўйлантириб қўяди. Балки, кейинчалик адабиётшунос-тадқиқотчилар бу масалага оид янада аниқроқ фактларни тақдим этишар.

манбаа: http://hordiq.uz

Вам может понравиться

Добавить комментарий