Айсберглар инсон хизматида

Айсберглар узоқ вақт, ҳатто ярим аср давомида ҳам эриб тугамай, бепоён океанда сузиб юриши мумкин. Улар чучук қор сувларидан ҳосил бўлган. ХХ асрнинг 50-йиллари иккинчи ярмида чучук сувга бўлган эҳтиёж ортиши муносабати билан кишиларда улкан чучук сув захирасига эга бўлган айсберглардан фойдаланиб бўлмасмикин, деган фикр туғилди.

Ҳозирги кунда чучук тоза сувга бўлган эҳтиёжни бироз бўлсада қондириш мақсадида Америка, Европа ва Осиёнинг баъзи шаҳарларидаги дўконларда Гренландия музлари брикети сотилмоқда.

Тадқиқотчи Пири ва Россларнинг ҳисоблашича, кичикроқ (баландлиги 50 метр, узунлиги 4 километр бўлган) битта айсбергнинг оғирлиги бир ярим миллиард тоннага тенг келади. Демак, шундай бир айсбергда Сирдарёдан 5 ой мобайнида, Амударёдан 3 ой мобайнида оқиб ўтадиган сув миқдорига тенг келадиган чучук сувдир.

Муз тоғларини назорат қилиб турувчи самолётлар кунига 350—450 айсбергни ҳисобга олади. Демак, океанларда Амударё ва Сирдарёнинг бир нечфт ўн йиллик оқимига тенг келадиган «улкан дарёлар» бекорга кезиб юрар экан.

Америка океаншуноси Джан Айзекснинг айсберглардан фойдаланишга оид фикрлари диққатга сазовордир. Айзекс айсбергларни чучук сувга муҳтож жойларга ҳайдаб бориб, унинг эришидан ҳосил бўлган чучук сув билан далаларни суғоришни, аҳоли ва хўжаликни таъминлашни таклиф этди. Кўпчилик олимлар бу лойиҳани амалга ошириш мумкинлигини ва у жуда катта фойда келтиражагини айтмоқдалар.

Айсбергларни молжалланган жойга олиб бориш учун денгиз оқимларидан фойдаланиш мумкин. Айсберглар йўлда кўп эриб кетмаслиги учун совуқроқ оқимларни қидириш ҳамда «йўловчи» айсберглами бир оқимдан иккинчи оқимга олиб ўтиш жойларини ҳам белгилаб қўйиш талаб этилади. Айсбергларнинг йўлда Қуёш нурлари таъсирида эришини камайтириш учун уларнинг устига иссиқ ўтказмайдиган махсус пардалар қоплаш ҳам назарда тутилган.

Ҳисоб-китобларга қараганда, оғирлиги 10 миллиард тонна келадиган айсбергни ҳам 6—8 та шатакчи кема ёрдамида бир жойдан иккинчи жойга олиб бориш қийинчилик туғдирмас экан. Оқимлар йўналиши айсбергларнинг ҳаракатланиш йўлига мос келган жойларда улар ўзи «сузиб» боради, бошқа оқимларга олиб ўтиладиган жойларда эса пўлат арқонли шатакчи кемалар кутиб луради. Хуллас, муз тоғларини океанларда бир жойдан бошқа жойга олиб бориш қийин эмас.

Хўш, айсберг манзилга етиб келганидан кейин нима бўлади? Уни қуруқликка олиб чиқиб бўлмайди-ку! Ёки у сувда турганича майдаланадими? Йўқ, албатта. Айсбергни майдалаш қимматга тушади. Бунда унинг кўп қисми исроф бўлиб кетади. Мутахассислар мана бундай усулни таклиф қилмоқдалар. Айсберг пўлат арқонлар ёрдамида қирғоққа имкони борича яқинлаштирилади. Шундан кейин унинг атрофи сув ўтказмайдиган махсус тўсиқ билан ўраб олинади. Тўсилган ҳавза ичида айсбергнинг эришидан ҳосил бўлган сув олдиндан лайёрланган каналлар орқали махсус сув омборларига ва истеъмолчи обектларга юборилади.

Қирғоққа яқин келтирилган айсбергни олдин 4—5 м3 бўлакларга бўлиб, кейин океанда ўрнатилган махсус сув минорасига транспортёрлар ёрдамида етказиб беришни ва бу ерда эритилган сувни қуруқликка узатишни тавсия қилаётган олимлар ҳам бор.

Муз тоғларидан бирини Калифорнияга олиб бориш лойиҳасини кўриб чиқайлик. Бу лойиҳага мувофиқ Антарктида соҳилларида янги вужудга келган айсберг шатакчи кемалар ёрдамида жанубий Американинг Тинч океан соҳилларидан шимолга — экваторга томон ҳаракатланадиган Перу совуқ сув оқимигача олиб келинади. Кейинчалик оқим айсбергни шимолга олиб келинди.

Перу оқими экватор яқинида ғарбга бурилади. Экватордан ўтишда шимоли шарқий томондан эсувчи пассат шамолларига дуч келинади. Шунда шатакчи кемалар айсбергни «етаклайдилар». Кўп ўтмай экваторга қарши оқимга дуч келинади. Бу оқим «юк»ни манзилга олиб бориш имконини беради.

Ҳисоб-китобларга кўра 10 миллиард м3 ҳажмдаги айсбергни Антарктида ёнидан Калифорния соҳилларига олиб келиш ва сув омбори қуриш учун кетадиган харажат бир миллион долларни, шу йўл билан олинган чучук сувнинг қиммати эса 100 миллион долларни ташкил этиши мумкин. Бундай тадбир дунёнинг бошқа қурғоқчил ўлкаларида ҳам амалга оширилиши мумкин.

Борди-ю, Австралиянинг Виктория, Каттақум ва Гибсон чўлларини суғориш учун ҳам айсберглардан фойдаланиладиган бўлса, Антарктида соҳилларидаги айсберглар аввал ғарбий шамоллар оқимига олиб чиқилади, кейин эса Ғарбий Австралия совуқ оқимига қўйиб юборилади. Бу оқим айсбергни Австралиянинг қурғоқчил соҳилларигача суриб бориши мумкин.

Саудия Арабистонида, умуман, сув «анқонинг уруғидек» ноёб нарса. Арабистонга Антарктикадан муз тоғларини келтириш лойиҳасини тузиш устида ҳам иш олиб борилмоқда.

Хомаки ҳисоб-китобларга кўра айсберг Антарктида соҳилларидан Арабистонга келиб етгунча 20 фоиз вазнини йўқотиши мумкин. Келтирилган айсбергни Бобилмандоб бўғозидан олиб ўтиш ўз-ўзидан бўлмайди, шунинг учун бўғоз бўсағасида айсбергни «майдалаб», кейин Арабистоннинг Жидда портигача олиб кириш мўлжалланмоқда.

Бошқа бир лойиҳада Арабистон жанубида денгиз соҳилида сув омбори қуриб, айсбергнинг эришидан ҳосил бўлган чучук сувни тегишли жойларга қувурлар орқали юбориш кўзда тутилган.

Агар Антарктида соҳилидаги айсберглардан бири ғарбий шамоллар оқими орқали Вэнгел совуқ сув оқимига йўналтирилса, арзимаган харажат билан уни Африканинг Намиб чўли соҳилига келтириш мумкин. Бу айсберг айни вақтда Африка жанубидаги улкан Калахари чўлини суғоришга ҳам имкон яратади.

Вам может понравиться

Добавить комментарий