Ажойибу – ғаройиб

“Асабни асранг!” 

Хўш, асабларингиз таранглашдими? Ҳамма нарса жонингизга тегдими? Хитойда жойлашган махсус барга киринг-да, аламингизни официантлардан олаверинг! Айтишларича, шу барда официантларни калтаклашга расман рухсат этилган экан.
Аниқроқ айтиладиган бўлса, улар сизни хафа қилган одамга ўхшаб кийиниб, бемалол ўзларини сизнинг муштларингизга тутиб беришади. Фақат бир нарсани унутмаслик керак. Барга кирадиган мижозлар асосан аёллар. Йигирма нафар официант эса, жисмоний тайёргарликка эга бўлган эркаклардир. Шундай экан, барибир кучлар тенг келмайди.

Фидел Кастрони ким даволади?

Северодвинскда яшовчи гармончи йигит Вячеслав Никитин бир пайтлар Кубадаги жангларда иштирок этган. Ўша маҳалда у ансамбл таркибида кубаликлар учун катта концерт берганди. Концертда Фидел Кастро ҳам иштирок этиб, Никитинни ёқтириб қолганди. Шундан бери Вячеслав унга бир умр ҳурмат билан яшаб келди. Куба доҳийсининг яқинда касалланганидан хабар топгач, яқин дўстларини ёнига олиб Фидел Кастро шарафига катта концерт ташкил этди. Мана шу концертдан сўнг у соғайиб кетади, дея ишонишди. Қарангки, ҳақиқатан концерт ўтгач, Фидел Кастро оёққа тура бошлагани тўғрисида эшитишди. Никитин бунга фақат чин дилдан берилган концертгина сабаб эканига қаттиқ ишонди.

Америка фожиаси

Ўн олти яшар америкалик қиз Жаклин қўшалоқ фалокатга йўлиқди. Аввалига машинасини тўппа-тўғри дарахтга олиб бориб урди. Баъзи жойлари жароҳатланди ҳам. Фақат машинадан чиқиб кетишнинг иложини қила олмасди. Аксига олгандек, ўша дарахтда асалари уяси бор экан. Улар бирдан тўзиб чақирилган ўт ўчирувчиларни, врачларни, полициячилар-у Жаклиннинг ўзини ҳам чақа кетишди. Ари чақиб оғир аҳволга келиб қолганларнинг барчаларини касалхонага ётқизишди.

Аҳмоққа тавба не ҳожат?! 

Яқинда Германиянинг Аахен шаҳри полиция маҳкамасига 44 ёшли бир аёл кечаси қўнғироқ қилиб, эри устидан шикоят қилди. Ҳайрон бўлган полициячилар воқеа жойига етиб боришди. Ҳеч қандай жиноят содир этилмабди. Шунчаки… Эр-хотин икки-уч ойдан бери уришиб қолганликлари сабабли алоҳида-алоҳида ухлашаркан. Тоқати тоқ бўлган аёл кечаси эрининг ёнига кирса, у очиқдан-очиқ ҳайдаб солибди…
Полициячилар кула-кула бу уйни тарк этишди. Чунки ҳеч қандай жиноий иш қўзғатишга ҳожат йўқ эди.

Ким кўп пул топади? 

Буюк Британияда турли касб эгаларининг ўртача йиллик маоши тўғрисида маълумот эълон қилинди.
Кутилганидек, биринчи ўринни йирик компанияларнинг директорлари ва бошқарув кэнгашлари аъзолари эгаллашди. Уларнинг ўртача йиллик даромади 171 000 фунтни ташкил этди. Дарвоқе, бу миқдорга кўп ҳолларда маош миқдорининг юз фоизига тэнг бўладиган ва  “бонус” деб аталадиган турли қўшимча даромадлар киритилмаган.
Кейинги ўринни дипломли шифокорлар эгаллаб туришибди. Уларнинг ўртача йиллик маоши 82 минг фунтни ташкил этган. Учинчи ўринни еса йилига 80 минг фунт даромад қиладиган брокерлар банд қилиб туришибди.
Фахрли “учлик”дан кейинги ўринларни молия менежерлари, давлат хизматчилари ва учувчилар эгаллашган. Улар йилига ўрта ҳисобда  60 минг фунт маош олишади. Адвокатлар, статистлар ва офицерлар йилига 50 минг фунтлик маош билан рўйхатнинг кейинги поғонасида туришибди.
Навбатдаги қаторни йилига 40,5 минг фунт маош оладиган мактаб ўқитувчилари банд қилишган (қуйи синфлар ўқитувчилари 10 минг фунт кам олишади).
Британия журналистлари, одатда, йилига тўланадиган 32 минг фунтлик маош билан кифояланишади. Бироқ маош миқдори мухбирнинг малакасига бевосита боғлиқ. Дейлик, университетни энди битириб келган ёш журналист ишни йилига 12,5 минг фунт маош олишдан бошлайди.
Рўйхат охирини йилига 25 минг фунт оладиган электриклар, 20 минг оладиган ғишт терувчилар эгаллашган. Автомобил ҳайдашни ўргатадиган инструкторлар ҳам тахминан шунча олишади.
Ниҳоят, энг кам маош оладиган касб сифатида Буюк Британияда ҳамон барменлар ва официантлар (11 минг фунт) қолишмоқда (бармен ва официантлар оладиган катта миқдордаги “чой пули” расмий маош миқдорига қўшилмайди).
Рўйхатнинг энг охирга қаторини эса йилига  10 420 фунт маош оладиган парк хизматчилари банд қилиб туришибди.
Эслатиб ўтамиз, Буюк Британияда тўлиқ ставкада ишлайдиган ходимнинг йиллик ўртача маоши 28 минг фунтни ташкил этади.

Конгресс янги қонун қанчага тушишини ҳисоблади 

АҚШ сенатида катта баҳс-мунозараларга сабаб бўлган иммиграция ҳақидаги янги қонунни ҳаётга татбиқ етиш яқин ўн йил ичида давлат ғазнасига 126 миллиард долларга тушади, деган хулосага келган Конгресснинг бюджет комиссияси.
Мутахассисларнинг ҳисоб-китобларига қараганда, 50 миллиард долларга яқин маблағ янги қонун асосида ҳуқуқий мақомга ега бўлган муҳожир ишчилар учун тўловларга сарфланади, тўрт миллиард долларга яқин маблағ Мексика билан чегарани мустаҳкамлашга кетади. Бундан ташқари, иммиграция ва чегара хизмати тизимини камида 30 мингга яқин юқори малакали кадрлар билан таъминлашга тўғри келади.
Бюджет қўмитасининг маърузаси миграция ислоҳотининг молиявий томонларини ҳар томонлама асослаб берган. Экспертлар мазкур маъруза Конгрессдаги ушбу қонун тарафдорлари ва қаршилари ўртасидаги курашни янада кучайтиради, дея тахмин қилишмоқда.
Эслатиб ўтамиз, мазкур қонун лойиҳаси Сенат томонидан 2006 йилнинг май ойида тасдиқланган эди. Аммо вакиллар палатасининг республикачилардан иборат қисми бу қонуннинг қабул қилинишига қарши чиқди ва қонуннинг ўзлари ишлаб чиққан муқобил вариантини таклиф этди. Республикачилар таклиф этган қонун аввалги қонунга фақат мамлакатнинг жанубий қисмида ҳимоя иншоотлари барпо этиш ҳақидаги банди билангина мос келарди.

Ирландияда абадий двигател ихтиро қилиндими? 

Ўтган жума куни Ирландиянинг Стеорн компанияси термодинамиканинг енергия сақланиши ҳақидаги биринчи қонунини чиппакка чиқарадиган қурилма яратганини эълон қилди. Баёнотда алоҳида қайд этилишича, янги технология “магнит майдонларининг ўзаро таъсирига асосланган бўлиб, мутлақо текин, тоза ва доимий энергия ишлаб чиқаради”.
Стеорн компанияси Экономист газетасида берган эълонида жаҳоннинг экспериментал физика соҳасида ишлаётган барча олимларини янги кашфиётнинг синовида иштирок этишга чақиради. Айни пайтда ҳеч нарсадан энергия ишлаб чиқарадиган қурилмани Стеорн компанияси раҳбарияти танлаб оладиган ўн икки олим синовдан ўтказиши ҳам белгилаб қўйилган.
Ҳозирча фирма ушбу инқилобий кашфиёт хусусида ўз сайтида маълумот бериш билан чегараланмоқда. Мазкур маълумотларда қурилманинг фойдали иш коеффициенти (ФИК) 100 фоиздан ошиши алоҳида таъкидлаб ўтилган. Қурилманинг экологик жиҳатдан тоза эканлигига алоҳида урғу берилган, бунинг исботи сифатида эса қурилма ишлаб турган хонадаги ҳаво ҳароратининг пасайганлиги кўрсатиб ўтилган.
Мутахассислар сўнгги далил қурилма амалда атрофдаги ҳаво ҳароратини истеъмол қилишини кўрсатмоқда, дейишмоқда. Бироқ лойиҳа муаллифлари бу борада аниқ маълумот бериб ўтишмаган.
Шунингдек, компания мазкур қурилмага патент олгани ёки олмаганлиги хусусида ҳам аниқ маълумотлар йўқ. Зеро, абадий двигателлар лойиҳалари бирор-бир патент ташкилотида қабул қилинмайди. Бу анъанага 1776 йили Франция фанлар академияси томонидан асос солинган.

Тирик Элвис учун 3 миллион доллар 

Америкалик режиссёр тирик Элвис Преслини топган одамга уч миллион доллар миқдорида мукофот пули беришини маълум қилди. Хужжатли филмлар устаси Адам Мускевич мукофот топшириш шартларини махсус яратилган elviswanted.com интернет-сайтида баён қилиб берган.
Мускевич рок-н-ролл қироли Пресли ҳақида ҳужжатли филмни суратга олмоқда. Картина келгуси йилнинг август ойида екранларга чиқиши керак. Зеро, 2007 йилнинг август ойида Пресли вафот этганига 30 йил тўлади.
Филм яратиш жараёнида режиссёр қўшиқчининг сон-саноқсиз мухлислари билан учрашди. Шунингдек, Преслининг энг яқин одамлари саналган 175 киши билан суҳбатда бўлди.  Сўралганларнинг чорак қисмидан кўпроғи Пресли тирик эканлигига мутлақо ишонишларини билдиришган.
Режиссёрнинг ўзи ҳам қўшиқчининг вафот этиши жуда шубҳали тарзда кечганини таъкидлайди. Жумладан, Преслини жуда тезликда дафн этиб юборишган, ўз уйида вафот этган қўшиқчининг жасади олиб келинган шифохона врачлари ҳам ўзларини ғайритабиий тутишган.

Хот-догда кансероген моддалар бўлиши мумкин 

Америкалик олимларнинг фикрича, хот-доглар инсон соғлиғига аввал ҳисобланиб келинганига қараганда ҳам кўпроқ зарар келтириши мумкин экан.
Олимлар келтирган маълумотларга қараганда, хот-дог гўшти таркибида мавжуд моддалар онкологик касалликларга олиб келадиган ўзгаришлар келтириб чиқариши мумкин экан.
Гап бу ерда натрий нитритлари ҳақида кетмоқда. Бу модда озиқ-овқат саноатида консервант сифатида ишлатилади. Инсон танасига тушгандан кейин нитритлар Н-нитроз бирикмалари ҳосил қилиши мумкин. Бу бирикмаларнинг канцероген хусусиятлари лаборатория шароитида ҳайвонлар устида ўтказилган тажрибалар жараёнида исботланган.
Небраска штатидаги Омаха шаҳри Тиббиёт университети мутахассислари келтирган маълумотларга кўра, нитритлар концентратлари турли кўринишдаги хот-догларда 240 хилгача учраши мумкин экан.
Мутахассислар хот-догларни кўп миқдорда истеъмол қилиш йўғон ичакнинг саратон хасталигига чалиниши эҳтимолини кучайтиришини аниқлаганларидан кейин бу борадаги тажрибаларни кенгроқ миқёсда ўтказа бошлаган эдилар.
Айни пайтда олимлар сўнгги хулосани айтиш учун ҳали тажрибаларни давом эттириш лозимлигини таъкидлашмоқда.

Авиайўловчилар детекторда текширилмоқда 

Исроилда ишлаб чиқилган янги қурилма авиайўловчилар орасидаги террорчиларни аниқлашга қаратилган. Бу қурилма шу йилнинг ёз фаслида АҚШнинг Теннеси штатидаги Ноксвилл шаҳри аеропортида синовдан ўтказилди.
Бу жараён бир қараганда жуда оддий кечади. Яъни, самолётга чиқиш олдидан текширувдан ўтаётган йўловчиларнинг айримлари парда ортига таклиф этилиб, улар металл кабина ичига киритиладилар. Бу йўловчининг қулоғига наушник тақилади, бир қўлига танадаги физик реакцияларни аниқлайдиган сенсор қурилма кийгизилади, иккинчи қўл эса саволларга жавоб бериш учун керак бўлади.
Бундай йўловчи одатда яшаш жойи, жинси, яқинлари билан боғлиқ 15 ёки 20 саволга жавоб қайтариши керак. Саволларга жавоб бериш жараёнида қон босими, юрак уриши тезлиги, қондаги глюкоза миқдори сингари инсон биометрик кўрсаткичларининг ўзгариши махсус ишлаб чиқилган дастур кўмагида зудликда таҳлил этилади.
Умуман, савол-жавоб жараёни 5 дақиқадан ошмайди. Шундан кейин олинган натижага кўра йўловчи ёки самолётга чиқарилади, ёки хавфсизлик хизмати ходимлари қўлига топширилади.
“Когито” (Cогито) деб номланган қурилмани яратишда олимлар террорчилар психологияси билан боғлиқ омилларни ҳамда ўзларини ўзлари ўлдиришга тайёр бўлган террорчиларнинг сўроқлари баённомаларини синчиклаб ўрганиб чиққанлар.
“Когито” аксар ҳолларда беайб йўловчининг ҳам аппарат қошида асабийлашишини аниқ ҳисобга олади. Бунинг устига, террорчилар махсус машғулотлардан ўтган, руҳий жиҳатдан ўзларини назорат қила оладиган одамлар бўлиши ҳам фанга маълум.
Айни пайтда бу усул ёрдамида “Когито” йўловчиларнинг айрим безарар ёлғонларини фош этиш билан машғул бўлиб қолмайди. Қурилма иш фаолиятининг асоси фош бўлишдан ҳадиксираб турган террорчининг ҳақиқий башарасини очиб бериш бўлиб қолаверади.
“Когито”ни яратишда Исроилнинг етакчи олимлари, дастурчилари ва ёлғонни аниқлайдиган детектор қурилмалари муаллифлари иштирок этишган. Ҳозирча бундай қурилманинг бир донаси 200 минг долларга баҳоланмоқда.
Қурилмани аввалига синов тариқасида Исроилнинг ўзида ишлатиб кўришган. Қурилма махсус тайёрланган “террорчилар”нинг 85 фоизини фош эта олган. Айни пайтда қурилма оддий йўловчиларнинг орасидан ҳам 8 фоизини террорчиликда гумон қилган.
Мутахассислар тез орада бу кўрсаткичларни 90 ва 4 га етказишга аҳд қилишган.
Келгуси йили бундай қурилмалар дунёнинг деярли барча халқаро аеропортларидан ўрин олиши кутилмоқда.

Дайдига пул керак эмас 

Санкт-Петербург вокзалида ризқини териб юрган бир уйсиз дайди (бомж) кармон топиб олди. Ичини очиб қараса, бир дунё доллар. Шошиб қолди. Югурганича милиция бўлимига бориб воқеани баён қилди. Аввалига милиционерлар у кимнидир ўлдириб пулини олган-у, айбини яшириш мақсадида пулларни олиб келган, деб ўйлашганди. Лекин яқин ўртада ҳеч ким уларга қотиллик ёхуд пул йўқолгани ҳақида мурожаат етмаган экан. Пулларни олиб қолишди. Дайдини эса қўйиб юборишди.
Мен, — деди дайди милиционерларга, — пулларни олиб қўйсам бўларди. Бироқ қўрқаман. Ҳозир фирибгарлар кўп. Пулимни олишади-да, кейин ўзимни қийноққа солишади. Мен яшашни истайман…

«Қайнонамни ҳурмат қиламан!..» 

Челябинск вилоятида яшовчи бир йигит ҳақиқатан қайнонасини жуда яхши кўрарди. Унга меҳрибонлик кўрсатиб чарчамасди. Кунларнинг бирида қайнона унга ишга борадиган йўли жуда айланма эканини, агар икки қишлоқ орасига катта кўприк қуриб берса, йўл азобидан қутулишини айтиб қолди. Йигит ўйлаб ўтирмай кўприк сметасини тузиб чиқди. Жуда катта пул керак экан. Таваккал қилиб, ўзида борини сарфлаб кўприк қуришга киришди. Афсус, пуллари фақат ярмигагина етди. Шундан сўнг машинасини сотди. Ишқилиб, бир амаллаб кўприкни бунёд етди.
Эҳ, қайнона шу қадар бахтиёр эдики…
Ҳокимиятдагилар бўлса… Ҳозирча харажатнинг ярмини кўтаришга ваъда беришаяпти, холос.

104 ёшли келин 

Бурятиялик 33 яшар Михаил Нерге яқинда ҳаммани ҳайрон қолдириб, 104 ёшли Вук Кундор исмли кампир билан никоҳдан ўтди.
Маълум бўлишича, кампир шу кунгача йигирма марта эрга тегиб, уларнинг бошига етиб улгурган. Чунки у фолбин. Фаолиятидан фойдаланиб собиқ эрларини нариги дунёга жўнатган. Йигит эса биринчи марта уйланди. Демак, йигирма биринчи эрга айланди.
Ҳозирча ҳеч ким бу никоҳнинг асосий сабабини аниқлай олмаяпти. Аммо кампир айтибдики, йигирма иккинчи марта турмушга чиқмоқчи эмас.

Бахтга айланган алам 

Бир йигит севган қизидан кутилмаган гапни эшитиб, жаҳл отига минди.
— Биз ажралмасак бўлмайди, — деган эди қиз. — Келинг, дўст бўлиб қоламиз!..
Йигит аламини бошқача йўл билан олишга қарор қилди. Қизнинг ярим-яланғоч тушган суратини ўғирлаб олди-да, беҳаё суратлар чоп етувчи журнал таҳририятига елтиб берди. Бу еса қизга… бахт келтирибди. Журналдаги суратни кўрган бир бойвачча қизга уйланибди. Йигитни бўлса, худди ўша бойваччанинг ўзи суратни эгасидан бесўроқ журналда чоп эттиргани учун жазога тортишларини сўраб, милицияга ариза берибди.

«Дарахтда  яшайвераман!»

Ҳиндистонлик Гайядхар Бабул исмли 83 ёшли қария эллик йилдан бери манго дарахти тепасини ўзига макон қилиб олган экан.
— Мен биринчи марта хотиним билан жанжаллашиб қолганимда, — дея ҳикоя қилади қария, — у мени уйдан ҳайдаб юборди. Қаттиқ хафа бўлдим ва мана шу мангони ўзимга уй деб қабул қилдим.
Қизиғи, у дарахт устида заҳарли илонлар билан бирга ҳаёт кечиради. Неча маротаба ўғиллари уйга қайтишини илтимос қилишди. Кўнмади. Овқатни эса, ҳеч қандай гап-сўзларсиз қабул қилиб олади.

манбаа: megadunyo.uz

Вам может понравиться

Добавить комментарий