Абри баҳор аслида…

Абри баҳор (форс- булут) – китобат санъатида қўлёзма китоб саҳифаларини безаш санъати; шунингдек шу усулда яратилган тасвир.

Махсус идишдаги дарахт елимининг сувдаги эритмасига елим ва бошқалар билан аралаштириб тайёрланган турли рангдаги бўёқлар мўйқалам ёрдамида навбати билан (тўқ рангдан оч рангга қараб) солинади. Махсус тароқ воситасида турли расм (тасвир)лар ҳосил қилиб таралган елим юзасидаги бўёқлар устига сур қоғоз ёпилади; бир неча дақиқадан сўнг у оҳиста олиниб, қоғоздаги суюқлик оқиб тушиши учун бир учидан осиб қўйилади, кейин соя жойда қуритилади. Абри баҳорнинг эгри-бугри чизиқли мавҳум гулларидан ташқари мужассамотга усталар турли ҳандасий шакллар, ўсимликсимон мавзулар, ҳатто шеърий парчалар ҳам киритишган. Абри баҳор гуллари бири иккинчисини такрорламаган. Фақат моҳир усталаргина айнан бир нақшни бир неча марта такроран яратишга эришган. Усталар томонидан тилла зарралар билан ишланган Абри баҳор қоғози ҳам тайёрланган. Қўлёзма китобларни бу усулда безатиш Ҳирот китобат санъатида тараққий этди, 16 — 17-асрларда кенг тарқалди.
Табриз, Қазвин, Исфаҳон ва бошқаларда шу усулда безатиб тайёрланган қўлёзмалар учрайди. Хозирги кунда унутилиб кетган Абри баҳор санъатини қайтадан тиклашга уринишлар бўлди. Жумладан, Ўзбекистонда 1991-йил Абри баҳор санъатини тиклаган Ўзбекистон ФА Шарқшунослик институтининг бир гуруҳ илмий ходимлари (А. Мадраимов, Ш. Муҳаммаджонов, М. Салимов ва бошқалар) шу усулда безатилган бир неча қўлёзма китобларни қайта тикладилар.

Вам может понравиться

Добавить комментарий