Абиссал нима ўзи?

Абиссал (юнонча. abyssos — тубсиз) — денгиз тубининг 3000—6000 м чуқурликка тўғри келадиган қисми. Океан тубининг 75% га яқин қисмини эгаллайди.

Абиссалда яшаш муҳити турғун, ҳарорат 1—2°, сувнинг шўрлиги 35%о, гидростатик босими 300—600 атм га яқин, бутунлай қоронғи бўлади. Қуёш нури етиб бормаслиги туфайли Абиссалда яшил ўсимликлар бўлмайди, ҳайвонлардан океан юзасидан чўкадиган детрит ҳолидаги органик қолдиқлар ва бошқалар ҳайвонларнинг мурдаси билан озиқланадиган голотуриялар, денгиз юлдузлари, денгиз нилуфарлари, айрим икки тавақали моллюскалар, кўп тукли чувалчанглар, қисқичбақасимонлар, булутсимонлар ва бир қанча балиқлар учрайди. Микроорганизмлар сапрофит бактериялар ва айрим замбуруғлардан иборат. Абиссалда доимий ҳаёт кечирадиган кўпчилик организмлар гидростатик босимнинг ўзгаришига жуда сезгир бўлганидан сувнинг саёз жойларида учрамайди.

Вам может понравиться

Добавить комментарий